ОДАМ САВДОСИ – ДАВР МУАММОСИ


Ҳозирги вақтда одам савдоси ўта мураккаб ва ижтимоий хавфли ҳодиса тусини олган бўлиб, у томонидан етказилаётган зарарни амалда ҳисобга олиш имконияти йўқдир. Одамлар савдоси – бугунги кунда энг катта муаммолардан бири.

“Самарқанд аэропорти” чегара божхона постида ходимлар томонидан йўловчилар билан ўтказилган профилактика тадбирида жамоатчилик билан биргаликда одам савдосига қарши курашишни ташкил этиш, одам савдосидан жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш масалалари тўхталиб ўтилди.

Таъкидландики, одам савдоси жиноий фаолиятнинг ўта хавфли ва таҳқирловчи туридир. Мазкур жиноят қулликка ўхшаш шаклларда содир қилинади. Бундан ташқари, инсонни “товар” сифатида сотиш, инсон омиллларидан фойдаланиш йўли билан даромад орттириш билан боғлиқлиги сабабли таҳқирловчи мазмун-моҳият касб этади.
 
Таҳлилларга кўра, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони республикамизда йилдан йилга ошиб бормоқда.
 
Одам савдоси муаммосига қарши курашишда аҳолининг билимларини ошириш мақсадида божхона ходимлари томонидан мамлакатимиздан чиқиб кетаётган йўловчилар билан мунтазам равишда одам савдоси қурбонига айланиб қолмасликлари учун эҳтиёт бўлишлари, хорижий мамлакатлардан таклиф этилаётган ҳар қандай иш, хизматларни шахсан ўзлари текшириб кўришлари, нотаниш шахсларнинг таклифларига ишонмаслик ҳамда уларга ўз ҳужжатларини бериб қўймаслик лозимлигини ўқтиришмоқда.