2025 ЙИЛ УЧУН ХУСУСИЙЛАШТИРИШ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрель куни "2025 йил учун хусусийлаштириш дастури тўғрисида"ги Фармони қабул қилинди. Ушбу фармонни қабул қилишдан кўзданган асосий мақсад 30 триллион сўмлик давлат активлари ва ер участкаларини сотиш ва камида 10 триллион сўм тушумни таъминлаш, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 115 та жамият устав капиталидаги улушларни, 659 та кўчмас мулк объектини ва 6,1 минг гектар ер участкаларини савдога чиқариш, дастлабки босқичда камида 30 та фойдали қазилма кон ва участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога чиқаришлиги кўрсатиб ўтилмоқда.
Фармон билан иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий сектор улушини ошириш мақсадида 2030 йил 1 январга қадар давлат иштирокидаги корхоналарни (мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ корхоналар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) ташкил этишга мораторий жорий этилмоқда.
Шунингдек, ер участкалари сотилишини жадаллаштириш мақсадида:
- очиқ электрон онлайн аукцион савдолари орқали ижара ҳуқуқи асосида сотиб олинган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари, агар улар ер участкаси реализация қилинганидан кейин тасдиқланган бош режа, аҳоли пунктлари қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳалари ёки ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва режалаштириш бўйича бошқа ҳужжатларга (шаҳарсозлик ҳужжатлари) мувофиқ бўлса ва ер ижара   шартномасида бошқа шартлар назарда тутилмаган бўлса, ер участкаси учун тўловлар тўлиқ тўланганидан кейин Ўзбекистон Республи-каси фуқаролари ва (ёки) юридик шахслари томонидан хусусийлаштирилишига йўл қўйилиши;
- маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкалари, устувор равишда, фаолиятини кенгайтириш истагида ва тайёр лойиҳаси бўлган тадбиркорлик субъектлари таклиф билдирган жойлардан танланиши;
- электрон онлайн аукцион савдоларида турган майдони кичик бўлган ёнма-ён турган ер участкалари шаҳарсозлик нормаларидан келиб чиққан ҳолда бирлаштирилиб, қўшимча келишувларсиз қайта аукцион савдоларига чиқарилиши белгилаб берилмоқда.
Шу билан бирга давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш мақсадида:
- ижара шартномаси тузилган кундан бошлаб ижарага олувчи томонидан йиллик ижара тўловлари бир ой давомида тўланган тақдирда, унга йиллик ижара сўммасидан мазкур шартнома тузилган санадаги Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида чегирма берилади, бундан чегирма қўлламаслик шарти билан ижарага берилган ҳамда бир йилдан кам муддатга тузилган ва бошқа имтиёзлар қўлланган ижара шартномалари мустасно;
- олти ой давомида электрон онлайн аукцион савдоларида ижарага берилмаган объектларнинг бошланғич нархи 50 фоиз пасайтирилган қийматда белгиланади. Бунда бошланғич нарх пасайтирилганда ҳам ижарага берилмаса, ушбу аукцион унда бир иштирокчи қатнашган тақдирда ҳам, истисно тариқасида, ўтказилган деб ҳисобланади.
Мазкур Фармон асосида давлат мулкини бошқариш ва сотишнинг янги механизмлари жорий этилмоқда. Жумладан, 
- Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар, туман ва шаҳар марказларидаги давлат ташкилотлари ва давлат иштирокидаги корхоналар маъмурий биноларининг биринчи қавати бўшатилиб, электрон онлайн аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига савдо ва сервис объектларини ташкил этиш учун ижарага   берилади (бундан тўлиқ сотиладиган ва алоҳида аҳамиятга эга маъмурий бинолар мустасно);
- 2025 йил 1 июлдан бошлаб Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бўлинмаларига "Давлат мулки" ахборот тизими орқали давлат ва давлат иштирокидаги корхоналар кўчмас мулк объектларини сотиш учун тўғридан-тўғри электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариш бўйича ариза бериш ҳуқуқи берилади.
Хусусийлаштириш соҳасида иштирок этувчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари кафолатланмоқда. Яъни, хусусийлаштирилган ер участкалари бўйича солиқ тўлаш тизими такомиллаштирилади, давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсизлиги ҳамда давлат мулкини хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмаслиги ҳамда бекор қилинмаслиги белгилаб берилди.
Қаҳрамон Эшанкулов, 
"Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш" АЖ Самарқанд 
вилояти вакили.