ОҚДАРЁ ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА
Халқ депутатлари туман Кенгашининг биринчи сессиясида Оқдарё туманини ижтимоий-иқтисодий
ривожлантиришнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Дастури тўғрисида туман ҳокими Ш.Қудратовнинг
М А Ъ Р У З А С И
Ассалому алайкум ҳурматли сессия қатнашчилари, Халқ депутатлари туман Кенгашига сайланган депутатлар!
Партияларнинг сайловолди дастурларида илгари сурган ғоялари ва ташаббуслари "Янги Ўзбекистон"нинг истиқболга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий Дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда муҳим рол ўйнайди. Шу нуқтаи назардан, биз ҳам туманимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Дастурини ишлаб чиқдик.
Асосий масалага ўтишдан олдин жорий йил якунига қадар амалга ошириладиган ишлар юзасидан қисқача тўхталиб ўтсам.
Жумладан, жорий йил якунида иқтисодий кўрсаткичлар ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати таъминланади.
Бунда, саноат ҳажми 109,3 фоизга, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажми 104,1 фоизга, қурилиш ва пудрат ишлари ҳажми 106,1 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажми 108,5 фоизга ҳамда чакана савдо ҳажмлари 107,1 фоизга ўсиши режалаштирилган.
Шунингдек, ишсиз аҳолини доимий, мавсумий ва вақтинчалик ишларга банд қилиб, йил якунига қадар ишсизлик даражаси 5,1 фоиздан 4,3 фоизгача тушириб, камбағал оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш орқали камбағаллик даражаси 6,7 фоиздан 5,0 фоизгача туширилади.
Шу билан бирга, ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида қиймати 31,9 млн долларлик 51 та лойиҳа ишга туширилди, экспорт ҳажми 19,0 млн долларга етказилди, 21,7 млн долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 39.8 млрд. сўмлик 2 та ижтимоий объектлар ва 3 та, 120 та хонадондан иборат кўп қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилди ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 41,0 фоиздан 53,6 фоизга етказилди.
Туманимизда таълим сифатини ва мактабгача таълим ёшдаги фарзандларимизни билимли ва соғлом муҳитда тарбиялаш натижасида мактабгача қамров даражаси 83,9 фоиздан 89 фоизга ҳамда мактаб битирувчиларининг олий таълимига кириш даражаси 36,5 фоиздан 40,5 фоизга етказилди.
2025-2029 йилларга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқишда "Ўзбекистон - 2030" стратегиясида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорларида белгиланган устувор вазифаларга, туманимизнинг мавжуд салоҳияти ҳамда ички имконият ва захиралари инобатга олиниб, аҳоли кайфиятига бевосита таъсир қиладиган долзарб масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Биринчи йўналиш: Иқтисодиёт тармоқларида юқори ўсиш суръатларини таъминлаш.
Давлатимиз раҳбари томонидан иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида, сўнгги беш йилда туманда иқтисодий кўрсаткичлар ҳажми 1,5 баробарга ошди.
Келгуси беш йилликда ҳам юқори ўсиш суръатларини сақлаган ҳолда, саноат ҳажми ҳозирги 672,0 млрд. сўмдан 1,3 трлн. сўмга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (3,8 трлн. сўмдан) 4,5 трлн. сўмга, бозор хизматлари (0,8 трлн. сўмдан) 2,5 трлн. сўмга, қурилиш-пудрат ишлари эса (0,6 трлн. сўмдан) 1,0 трлн. сўмга етказилади. Айниқса, саноатнинг драйвер соҳалари, яъни тўқимачилик саноатида 1,0 баробар ўсиш таъминланади. Ушбу натижаларга эришиш учун умумий қиймати 3,8 трлн. сўмлик жами 151 тага яқин ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Мисол учун, "ВАКЦИНА ФАРМ МЕДИКАЛ" МЧЖнинг қиймати 20,0 млн. долларлик дори воси-таларини ишлаб чиқариш ҳамда "СФХ БРИCК ФАРТОР" МЧЖнинг қиймати 6,5 млн. долларлик маиший хизмат кўрсатиш лойиҳалари 2025 йилда ишга туширилади.
Шу билан бирга, 2,9 мингдан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиши режалаштирилган.
Тижорат банклари томонидан барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 2,6 трлн. сўм кредит ажратилиши кўзда тутилган. 6,2 мингта жисмоний ва юридик шахсларга имтиёзли кредитлар ажратилиб, кам даромадли оилаларда 5,3 мингга яқин микролойиҳалар амалга оширилади. 76,8 минг. нафар аҳоли янги иш ўрни ва ўзини-ўзи банд қилиш ҳисобига бандлиги таъминланади. 1,5 минг нафар фуқаро хорижий тил ва касбларга ўқитилади, шундан 446 нафари ташкилий тарзда хориж давлатларга юқори даромадли ишга жойлаштирилиши белгиланган. Ишсизлик даражаси 5,1 фоиздан 4,3 фоизга, "Камбағалликдан фаровонлик сари" дастури доирасида камбағаллик даражаси 6,7 фоиздан 5,0 фоизга туширилади.
Иккинчи йўналиш: Инвестициялар, экспорт ва ташқи иқтисодий алоқалар.
Жорий йилда 12 та инвестиция лойиҳаларида жами 28.0 млн. АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредит маблағлари ўзлаштирилиши кутилмоқда.
Келгуси беш йилликда ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида жами 410 млн. АҚШ доллари миқдорида ёки 2029 йилда, 2024 йилга нисбатан 2,0 баробардан кўп инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, 244,7 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши кўзда тутилмоқда. Мисол учун, "Жангсу донгшенг экологикал агрикултур девелопмент" Ко.ЛТДнинг агрологистика маркази, дуккакли маҳсулотларни қайта ишлаш, меваларни сақлаш омборхоналари ташкил этиш лойиҳасида 16 млн., "Эко драй фуд" МЧЖнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, экспортга йўналтириш лойиҳасида 4,0 млн. хорижий инвестиция ўзлаштирилади.
Товарлар ва хизматлар экспорти ҳажми ҳам 2 баробарга оширилиб, 205,9 млн. АҚШ долларига етказилади. Бунинг учун экспортёр корхоналар сони 50 тага, халқаро стандартлар жорий этиладиган корхоналар эса 30 тага етказилади, экспорт географияси камида 30 та давлатни қамраб олади.
Хабарингиз бор, сўнгги йилларда туманимизда хорижий давлатларнинг ривожланган ҳудудлари билан ўзаро иқтисодий ҳамкорлик ва биродарлик алоқаларини ўрнатиб келмоқда.
Мисол учун, Хитойнинг Шинжон Уйғур автоном райони Қорамой шаҳри ва Гансу провинцияси Ланчжоу шаҳри билан ташқи иқтисодий ва биродарлик алоқалари ўрнатилди. Шунингдек, Россия, Туркия давлатлари ҳудудлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Келгусида ушбу каби ҳамкорлик алоқалари янада кенгайиб ва мустаҳкамланиб борилади.
Учинчи йўналиш: Туризм, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш.
Спорт инфратузилмаси ривожланмаган 17 та маҳаллада спорт майдончалари барпо этилади, 10 та спорт зал ва 1 та спорт иншооти янгидан қурилади ва реконструкция қилинади. 2 та маданий мерос объектларида реставрация, таъмирлаш ва тиклаш ишлари амалга оширилади.
Тумандаги 4 та маданият марказларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланади. Маданият марказларидаги тўгараклар сони 35 тага, уларда қамраб олинадиган ёшлар сони эса 3000 нафарга етказилади.
Тўртинчи йўналиш: Аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш, ишлаб чиқариш ва инфратузилмани ривожлантириш.
Келгуси беш йилликда 25 та (60 хонадонли) кўп қаватли уй-жойлар барпо этилади. Урбанизация даражаси ҳозирги 35 фоиздан 42,5 фоизга етказилади. Тумандаги авария ҳолатидаги 4 та кўприклар қайта тикланиб, 110.1 км йўлларда қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилади. 57 км ички шағал йўллар асфалт йўлларига айлантирилади.
Туманда 15 та сув иншооти янги қурилади, шунингдек, 14 та сув иншооти қайтадан таъмирланади, 48 км ичимлик сув тармоғи тортилиб, марказлашган ичимлик суви таъминоти 60,1 фоизга етказилади. 2150 тадан зиёд яроқсиз симёғочлар бетон устунларга, 453 км электр ҳаво тармоқлари СИП кабелларга алмаштирилади, қўшимча 31 та ТП ўрнатилади. 16 км узунликдаги газ тармоқлари модернизация қилинади ва 14 та ГРПлар янгисига алмаштирилади. Натижада тумандаги 156 та хонадонда табиий газ таъминоти яхшиланади.
Бешинчи йўналиш: Ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш.
Туманда 57 та янги оилавий нодавлат ҳамда 3 та давлат хусусий шерикчилик мактабгача таълим муассасалари ташкил этилиб, болаларни боғчага қамров даражаси 83,9 фоиздан 89 фоизга етказилади. Тумандаги 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов тизими билан қамров даражаси 100 фоизга етказилади.
Мактабларда 1520 ўринли қўшимча ўқувчи ўрни яратилади, нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони ҳозирги 2 тадан 7 тага етказилади. Мактаб битирувчиларини давлат Олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини 36,5 фоиздан 40,5 фоизга етказилади. Профессионал таълим муассасаларида 1900 нафар ўқувчилар дуал таълим шаклида ўқитилади.
15 та тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, моддий-техник базаси мустаҳкамланади. Тиббиёт муассасаларидаги туғруқ ўринлари сони 105 тага оширилади.
5330 та кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси ва моддий ёрдам тўлаб берилади, ногиронлиги бўлган шахслар сони 125 тага камайтирилади. Ногиронлиги бўлган 490 нафар шахслар реабилитация техник воситалари ва протез ортопедия маҳсулотлари билан таъминланади. Ногиронларни тўлиқ реабилитация қилиш даражаси 5 фоизга, қисман реабилитация қилиш даражаси 7 фоизга етказилади.
Олтинчи йўналиш: Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларини ривожлантириш.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда ҳар йили 5.4 фоиз ўсиш ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш даражаси эса 20.1 фоиздан юқори бўлиши таъминланади. 2029 йилга қадар 7.5 км. магистрал ва хўжаликлараро каналлар бетонлаштирилиб, 1 та объектда автоматлаштирилган бошқарув тизими жорий этилади.
Сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинадиган ер майдонлари 2029 йилгача 7.6 минг гектарга етказилади (шундан 2025 йилда 1.6 минг гектар), томчилаб суғориш технологиялари жорий этиладиган ер майдонлари эса 2.6 минг гектарга етказилади (шундан 2025 йилда 588 гектар). 129 гектар самарасиз, эскирган боғ ва токзорлар ўрнида янги интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади.
Замонавий агрологистика маркази қуввати 2029 йилга қадар маҳсулотларни сақлаш қувватлари 90 минг тоннага етказилади. Ҳосилдорлик пахта бўйича ўртача 45-55 центнерга, ғалла бўйича 90-95 центнерга етказилади. Дала четларига 1.5 млн. туп тут кўчатлари экилади, пилла хом-ашёси етиштириш 413 тоннага етказилади.
Еттинчи йўналиш: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш.
Ҳар йили 1,0 млн. туп дарахт экилиб, яшиллик даражаси 45 фоизга етказилади. 4 та яшил боғлар ва 32 км. автомобил йўллари бўйида жами 300 минг тупдан зиёд манзарали ва мевали дарахтлар экилади.
Саккизинчи йўналиш: Рақамли технологиялар ва коммуникацияларни ривожлантириш.
ИТ Парк резидентлари сони 10 тага, рези-дентлар ходимлари сони 112 нафарга етказилади. ИТ соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми 1.2 млрд. сўмга, экспорт хизматлари ҳажми эса 500 минг АҚШ долларига етказилади.
Тўққизинчи йўналиш: Жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш.
Ҳар йили туман ҳудудидаги қизил тоифага киритилган маҳаллаларни "сариқ" ва "яшил" тоифага ўтказиш учун уларнинг сони 25 фоизга камайтириб борилади.
Туман бўйича олди олинадиган жиноятлар сони 20 фоизга, жамоат жойида содир этиладиган жиноятлар сони эса 8 фоизга камайтирилади. Йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлаш ва қайд этишда "инсон омили"ни истисно қилувчи замонавий механизмлар кенг жорий этилади.
Йўл-транспорт ҳодисалари кўп содир бўлаётган авария ўчоқлари ва хавфли йўл участкаларида 10 та тезликни қайд этувчи мосламалар (радар) ўрнатилиб, вилоят ва республика мониторинг марказларига интеграция қилинади. Жиддий оқибатлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини камида 10 фоизга камайтириш чоралари кўрилади.
Ўнинчи йўналиш: Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш.
1250 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилиб, уларнинг бандлиги таъминланади. Оилавий қадриятларни сақлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш тадбирларини амалга ошириш натижасида низоли, нотинч ва ажрим ёқасида турган оилалар сонини 50 фоизга қисқартириш чоралари кўрилади. Олий таълим муассасаларида таълим оладиган 30 нафар хотин-қизларнинг базавий тўлов контракт суммаси тўлаб берилади.
Ҳурматли депутатлар!
2025-2029 йилларга мўлжалланган дастурнинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳоким ўринбосарларининг ҳисоботларини навбатдаги сессияларда, белгиланган режага мувофиқ, эшитиб боришларингизни билдираман.
Ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари! Олдимизга қўйган марраларни забт этишда сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз, бир ёқадан бош чиқариб, барчамиз ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.
ОҚДАРЁ ЮКСАЛИШ ЙЎЛИДА
- 30 сен, 11:30
Депутатлар халқ орасида
- 04 мар, 12:06
Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00
Хоким мурожаати
- 29 дек, 11:58