Миёнколнинг сўлим маскани

Туманимиз худудида этник жараёнлар ва баъзи жой номларининг тарихий топономикаси
Миёнқол воҳасида қадимдан ирригация тармоқлари, савдо ва маданий алоқаларнинг кенг кўламли ривожланганлиги сабаб доимий равишда ҳудуднинг миллий таркиби кенгайиб, таркиби бойиб бораверган. Шу сабабли воҳада аҳоли қадимдан  атроф ҳудудларга нисбатан зичроқ жойлашган бўлиб, умумий этник қиёфани шакллантирган. Асрлар давомида доимий кўчишлар ва босқинчилик юришлари  натижасида кўплаб халқлар келиб жойлаша бошлаган. Айниқса Шайбонийлар даврида ўзбек халқи таркибига кирган кўплаб уруғлар ушбу ҳудудга келиб жойлашган. ХV-ХVI  асрлар  арафасида   Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳр  ҳудудларига юриш бошлаши ҳамда ҳокимиятни ўз қўлига олиши билан Миёнкол ҳудудларига ҳам  кўплаб ўзбек қабилаларининг аҳолиси келиб жойлашди.  Бунинг натижасида воҳада аҳоли зичлиги янада ортди. Бошқа ҳудудлардаги   каби  Миёнколда  ҳам  ўзбек қабилаларининг номлари билан кўплаб  қишлоқлар ва мавзелар вужудга келиб, улар ҳозирги пайтгача ўша даврдаги номларини (топонимиясини) сақлаб қолган. ХVIII   асрнинг 20-йилларида Аштархонийлар сулоласининг охирги вакили Абулфайзхон давридаги парокандаликдан фойдаланиб, Зарафшон водийсини  найманлар   эгаллайдилар.  Уларнинг  кўпчилиги Миёнкол ҳудудларига ҳам келиб ўрнашган эдилар. Манғитлар сулоласининг биринчи ҳукмдори Муҳаммад Раҳимбий ҳукмронлиги (1747-1758)   даврида Миёнкол ҳудудларига ўзбекларнинг баҳрин, жалоир ва етти қабила вакиллари  келиб жойлашганлар. К.Пардаевнинг таъкидлашича, Зарафшон  водийсининг ўрта қисмида яшовчи қорақалпоқлар жангларда   "Бухоро қўшинининг энг ишончли   жангчилари"  сифатида қатнашганлар. Улар (1092 ҳижрий)  1681 йилда Миёнколда яшовчи қабилалар  (хитой-қипчоклар) билан  биргаликда Аштархоний Субхонқулихонга қарши қўзғолон  кўтаришган. Бухоро қорақалпоклари  ХVIII   асрда ҳам хонликнинг сиёсий  ва иқтисодий  ҳаётида муҳим роль ўйнаганлар.
ХVI-ХVIII  асрларда   Миёнкол  аҳолиси  зичлиги жиҳатидан Ўрта Осиёда етакчи ўринларда турган.  Зарафшон  водийсининг сувлоқ туманларида 1 чақирим кв.  жойда  аҳолининг зичлиги 128,9 кишини ташкил этган.
ХIХ асрнинг 70-йилларида Х.Соболев   томонидан  йиғилган статистик  маълумотларда,  Миёнкол   ҳудудидаги  Даҳбед  шаҳри 396 ҳовлидан иборатлиги, аҳолисини ўзбек ва тожиклар ташкил этганлиги қайд қилинади.
Тарихий манба ва адабиётларда ХVI аср охирларида Бухоро хонлиги ҳудудида машғулоти жиҳатидан асосан уч туркум аҳоли яшаганлиги қайд қилинган. Биринчи туркумга-ўтроқ яшаб деҳқончилик билан шуғулланувчи "деҳнишин"лар, иккинчи туркумга - ярим ўтроқликда ҳаёт кечираётган   "қишлоқнишин"лар,   учинчи туркумга эса  кўчманчилар,  яъни   "саҳронишин"лар   кирган.  Манбалар  шундан   далолат берадики,  Миёнкол ҳудудларида  истиқомат қилувчи  аҳолининг асосий қисми  биринчи   туркумга,  яъни  қишлокда   яшаб деҳқончилик билан шуғулланувчи "деҳнишин"лар сирасига кирган. Сўнгги ўрта асрларда бошқа баъзи халқлар вакилларининг бу ҳудудга кўчиш жараёнлари юз берди. Манбаларда ХVIII аср охирларида Зарафшон водийсининг ўрта қисмида яшовчи қорақалпоқлар тўғрисида   маълумотлар  берилган (бу   пайтда қорақалпоқларнинг ҳудуддаги этник жараёнлар ҳақида кўплаб тарихий манбаларда қимматли маълумотлар қолдирилган. Бу борада тарихчи олим, Миёнқол тарихининг тадқиқотчиларидан бири К.Пардаевнинг тадқиқотларида кўплаб қизиқарли маълумотлар келтирилган. Ушбу маълумотларга қараганда бу ҳудудга сўнгги ўрта асрларда ўзбек халқи таркибига кирувчи хитой, қипчоқ, қалмиқ, найман каби уруғлар келиб жойлашган. Қипчоқ уруғи ХVII аср охири ХVIII аср бошларида Сирдарё ҳавзасидан  Зарафшон воҳаси, жумладан Миёнқол ҳудудига ҳам келиб жойлашганлар.  Бу жараён таъсирида Миёнқолда ХVIII аср бошларига келиб, хитой ва қипчоқ уруғи аралашиб, ягона хитой қипчоқ уруғини ташкил қилиб, ҳудуднинг ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида муҳим ўрин тута бошлаган. ХIХ аср биринчи чорагида хитой қипчоқларнинг ушбу ҳудуддаги сони хусусида турли маълумотлар мавжуд. Мирзо Шамс Бухорийнинг маълумотига кўра, бу даврда уларнинг сони 120 минг кишини ташкил этган дейилса, Ибодулло ва Муҳаммад Шарифларнинг "Тарихи Амир Ҳайдар" асарида  бу уруғларнинг ҳар бирининг сони 40000 оиладан жами 80000 оила бўлган деб маълумот беради. Албатта бу рақамлар бутун Миёнқол воҳасига нисбатан айтилган фикр, лекин ушбу воҳанинг энг серунум маскани бўлган ҳозирги Оқдарё тумани жойлашган ҳудуд бу борада асосий ўрин тутган. ХIХ асрнинг 70-йилларида ҳудудда тадқиқотлар олиб болган рус олими В.В.Радлов қипчоқлар ҳақида маълумот бериб. Улар Зарафшон   водийсининг ўрта қисмида, Янгиқўрғон атрофларида Самарқанд билан Каттақўрқон оралиғида яшашган шунинг учун Янгиқўрқон баъзи манбаларда "қипчоқ Янгиқўрқони"деб хам аталади. Хитой қипчоқлар бир бири билан шунчалик шунчалик аралашиб кетганки, улар ўзларини бир уруғ деб ҳисоблашади, агар улардан қайси уруғга мансубсан деб сўрашса ҳамиша бир хил "хитой қипчоқман" деган жавобни оласан,  деб маълумот беради.  Янгиқўрқонда яшовчи нисбатан жипслашган хитой қипчоқлар Бухоро давлати ҳукмдорлари Абулфайзхон, Муҳаммад Раҳимхон ва Амир Ҳайдарлар даврида бир неча бор қўзғолонлар кўтаришганлиги тўғрисида юқорида маълумотлар берган эдик. Тарихчи К.Пардаев П.П.Ивановнинг маълумотларига таяниб, ХVIII аср ўрталарида манғитлар ҳукмронлигининг бошларида  хитой қипчоқлардан чиққан Фарҳод оталиқнинг ўғли Хўжамёрбий хонликда оталиқ даражасигача кўтарилган эди, деб маълумот беради.
Миёнқол аҳолиси нисбатан зич жойлашганлиги сабабли доимий равишда Бухоро давлати қўшинлари таркибига аскарлар шу ҳудуддан жалб қилинган.   ХVIII-ХIХ асрларда Янгиқўрқон туманида (ўша даврда туман мақомида бўлган)  яшовчи хитой қипчоқ аҳолисидан 500 навкар йиғилиб, уларнинг бошлиғи Ҳасанбой исмли киши бўлганлиги хақида маълумотлар бор. Манбаларда қайд этилишича ХVIII асрнинг 20-йилларига келиб, Абулфайзхон ҳукмронлиги даврида парокандалик кўчайиб кетиши натижасида Миёнқол  қишлоқларига найман уруғи келиб жойлаша бошлаганлар. 
1888 йилга оид тўпланган статистик   маълумотларда Шахоб волостида Лойиш, Човка ва Мўзон қишлоқлари энг йирик аҳоли масканлари сифатида тилга олинади. Волостда Хитой, Қипчоқ қабилалари яшаган. Даҳбед волостида знг йирик аҳоли маскани Катта-Кумушкент бўлиб, волостда Найман, Қипчоқ, Қорақалпоқ, Тожик, Жалоир қабилалари яшаган. Гувоҳи бўлганингиздек, ҳудудда бир неча миллат ва элат вакиллари турли даврларда аҳил ва иноқ яшаб келишган.
Шундай жараёнлар натижасида Миёнқолда аҳоли зичлашиб,   ўзбек уруғларининг номлари билан аталувчи кўплаб қишлоқлар вужудга келди. Бу қишлоқларнинг кўпчилиги ҳалигача ўша даврдаги номларини сақлаб келганлар. Масалан, Найман уруғига мансуб аҳоли яшаган қишлоқлар найман, найманча, хитой уруғига мансуб аҳоли яшайдиган қишлоқлар хитой уруғининг шахобчалари номи билан Ойтамғали, Қўштамғали, Болғали каби номлар билан аталади.
(Давоми бор)
Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактабнинг тарих фани
ўқитувчиси.