МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Юқоридаги муаллифнинг "ХVI-ХVIII асрларда Миёнқол" асарида келтирилган бир таҳлилий маълумотга диққатингизни қаратмоқчимиз, "1825 йили Санкт-Петербургда нашр  қилинган "Азиатский Вестник"да Миёнкол ҳудудида ХVIII  асрнинг иккинчи ярмида ташкил қилинган Янгиқўрғон тумани  алоҳида вилоят сифатида таърифланиб, Абдусамад Туқсоба  манғит Янгиқўрғон вилояти ҳокими лавозимида бўлганлиги ҳақида маълумот берилади."
ХVI-ХVIII асрларда Миёнколнинг ҳозирги Оқдарё тумани ҳудудларида Офаринкент ва Янгиқўрғон туманлари баъзи амлокликлари жойлашган эди.  Булар деҳқончилик туманлари бўлиб, аҳолиси анча зич ҳисобланган ҳамда хонликнинг  сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутган. Туманларнинг маъмурий бошқаруви хусусида К.Пардаев қуйидаги маълумотларни келтириб ўтади.
Офаринкент тумани:  маъмурий  жиҳатдан 3 та амлоклик, 26  та даҳа ва 139 та қишлоқдан ташкил топган. Кейинчалик эса (Манғитлар сулоласининг бошланғич даврида), Шохоб ва Нағмон Чақмоқ амлокликларидан Даҳбед амлоклиги ажралиб чиққан. Туман амлокликлари қуйидаги даҳаларни ўз ичига олган:
Шохоб амлоклиги:  Човка,  Кумушкент,  Тариқчи,  Найманча  поён, Карки, Қўшқўрғон даҳаларини ўз ичига олиб, 34 та қишлоқдан  иборат бўлган.
Даҳбед амлоклиги: Даҳбед, Жар, Қоратери, Марғилонтепа, Хилачи,  Муллахўжа, Дархон даҳаларини ўз  ичига олиб,  39 та қишлоқдан ташкил топган.
Сирғали амлоклигидаги Кўксоқол, Авазали  даҳалари ҳозирги Оқдарё тумани ҳудидига киради. 
Нағмон Чақмоқ (Янгикент) амлоклиги: Мавлум, Қарқарали. Сарка,  Янгикент,  Чорбоғтепа,  Найман даҳаларини ўз ичига олиб,  32  та қишлоқдан иборат бўлган.
Зарафшон водийсида тадқиқотлар олиб борган И.М. Вирский Офаринкент туманининг маъмурий тузилиши тўғрисида  шундай маълумотни келтиради: "Офаринкент тумани - Даҳбед,  Хилачи, Тариқчи, Кумушкент, Жарқишлоқ, Карки,  Қўшқўрғон,  Човка,  Лойиш,  Найманча, Чорбоғтепа, Янгикент, Қарқарали, Қоратухум, Бурлак ва Қўнғирот (Иштихон тумани), Ойтамғали, Шайхлар ва Ҳотамхужа (Иштихон тумани) каби 20 та даҳа, 113  та қишлоқ ҳамда 3620 та ҳовлидан иборатдир. Туман аҳолиси эркаклар 10045  кишини, аёллар 7719 кишини, жами -  17764 кишини ташкил этади". 
Янгиқўрғон тумани: 2 та амлоклик,  14 та даҳа,  53  та қишлоқ ва 959 ҳовлидан иборат бўлган.
Янгиқўрғон амлоклиги: Бойбўта, Жануб, Шимол,  Қорахитой, Қатағон (Иштихон тумани), Қорахўжа даҳаларини ўз ичига олиб, 24 та қишлоқдан ташкил топган.
Одил амлоклигидаги 29 та қишлоқ ҳудуди ҳозирда тўлиқ Иштихон тумани ҳудудида жойлашган.
Янгиқўрғон шаҳри Россия подшолиги босқинига қадар Янгиқўрғон тумани, Янгиқўрғон амлоклиги номлари билан юритилган. ХIХ аср бошларида Янгиқўрғон шаҳри жами 170 та ҳовлидан иборат бўлиб, аҳолисининг асосий қисми, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланган.
Тарихий манбаларда қадимдан Чорвоқтепа деб аталиб келинган ҳудудда жойлашган Лойиш шаҳри ва унинг топономикасига оид маълумотлар кам учрайди. Лойиш шаҳри ХVIII аср охири ХIХ аср бошларида гавжумлашиб, маъмурий марказ сифатида шакллана бошлаган. Унинг номи, келиб чиқиши хусусида эса ягона аниқ фикр берилмаган. Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида, Лойиш қадимдан Зарафшон дарёсининг тармоқлари Оқдарё ва Қорадарё оралиғидаги қамишзор ва ботқоқлик ерда вужудга келган, номи ҳам шундан бўлса керак, деган маълумотлар берилган. ХVIII аср бошларигача асосий маъмурий ва маданий марказ вазифасини бажаради. 
Манғитлар сулоласининг биринчи ҳукмдори Муҳаммад Раҳимбий ҳам  ўз ҳукмронлиги даврида Миёнколдаги  қабилаларнинг бир неча қўзғолонларини бостиришига тўғри келган. Манғитлар сулоласи ҳукмдорларидан Амир Шоҳмурод (1785-1800) даврида Миёнколда шаҳарсозлик ва иқтисодий ўзгаришлар амалга оширилиб, Оқдарёдан кўплаб нахрлар (канал) чиқарилди. Миёнкол ҳудудида айниқса, унинг марказий туманларидан бўлган Янгиқўрғонда хитой-қипчоқ қабиласи энг жиплашган гуруҳ бўлиб, Бухоро давлатининг сиёсий ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутган. Манбаларда келтирилишича, 1746 йилда Абулфайзхон ҳукмронлиги даврида Миёнқолда хитой уруғи йўлбошчиси Ибодуллабий бошчилигида қўзғолон кўтарилади. Бу қўзғолон бутун Миёнколни қамраб олиб, пойтахт Бухорогача етиб боради. Ибодуллобий ўзининг қароргоҳи етиб, Душанбақўрғонни (Янгиқўрғоннинг ўша даврдаги номи) танлаган. Кучлар нисбати тенг бўлмаганлиги учун қўзғолон бостирилиб, Ибодуллобий Миёнқолдан шимолга Тошкент томонга қочади ва у ерда ўлдирилади. Бухоро амирлигида Амир Ҳайдар ҳукмронлик қилган даврда ҳарбий харажатларнинг кўпайиши солиқларни ошиш жараёни юзага келди. Бу ҳол эса оддий аҳолини оммавий норозилигини келтириб чиқарди. Тарихчи Муҳаммад Ёқубнинг маълумотига кўра, Миёнкол аҳолиси 1821-1825 йилларда йирик қўзғолон кўтаришган. Амир Ҳайдар ва маҳаллий феодалларга қарши кўтарилган бу қўзғолон тарихда "Миёнкол қўзғолони" номи билан тилга олинади. Қўзғолоннинг бошланишига асосий сабаблардан бири Марв шаҳрига юбориш учун қўшин тайёрлаш ва маҳаллий йигитлардан 500 кишини мажбуран  аскарликка жалб  қилиши ва аҳолидан закот солиғини муддатидан олдин олишини хитой-қипчоқ қабилаларининг қўзғолон бошлашига сабаб бўлди.  Қўзғолоннинг асосий марказларидан бири  Янгиқўрғон бўлиб, бу ердаги қўзғолончилар амир тайинлаган бекларни ҳайдаб юбориб, кўплаб қалъаларни ўз назоратига ола бошлади.  Шу ўринда Каттақўрғон ва Челак шаҳарлари аҳолиси ҳам қўзғолончиларни қўллаб-қувватлайди. Амир 1824 йилда  қўзғолон марказларига зарба беришга уринади, лекин  муваффаққиятсизликка учрайди. Амирнинг Хиваликларга  қарши уруш олиб бораётганлигидан фойдаланган қўзғолончилар амир Ҳайдарнинг амакиваччаси Исҳоқбекни ўзларига амир этиб тахтга ўтказиб, Самарқандни қамал қилиб, Кармана ҳудудларига етиб борди.
1825 йилга келиб Миёнколда доимий урушлар натижасида хўжаликнинг вайрон бўлиши оқибатида ҳамда амир ҳарбий кучларини бир жойга тўплаб 1825 йилнинг баҳорида  қўзғолоннинг асосий маркази Янгиқўрғонни эгаллашга муваффақ бўлди. Амир қўзғолончиларга жазо бермаслик тўғрисида ёзма кафолат бериши натижасида қўзғолончилар таслим бўла бошлади. 1821-1825 йиллардаги Миёнкол қўзғолонининг диққатга сазовор жиҳати шу эдики, хитой-қипчоқлар теварак-атрофдаги шаҳарларни ҳам ўз томонига оғдириб, амирликни оғир аҳволга солиб қўйдилар. Бу қўзғолон мағлубиятга учраган бўлсада, Бухоро давлатини ларзага солди, натижада Миёнколдан солиқлар олиш тўхтаб, баъзи бир мажбуриятлардан озод этилди. Бу воқеа Миёнкол тарихида халқларнинг адолат учун биргаликдаги курашини яққол ифодаси бўлди.  
Ҳозирги Оқдарё тумани ҳудудида ХVI-ХХ асрлардаги иқтисодий тараққиёт ҳақида тарихчи К.Пардаев қуйидаги маълумотларни келтириб ўтади. Бухоро хонлигининг  аҳолиси зич ва иқтисодий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган туманларидан бири ҳисобланган Офаринкентда 595  савдогар,  1747  нафар  ишлаб  чиқарувчи ҳунарманд мавжуд бўлган.
Даҳбед шаҳри ХVII-ХХ аср бошларида, Бозоржой,  Сартарошон, Кунчи, Қўрғонча, Абдулла оқсоқол,  Ойнақўрғон,  Мадраса, Сўфи, Темирчи, Хўжалик ва Сояқишлоқ  гузарларидан иборат бўлган.  Уларнинг орасида Сартарошон,  Кунчи, Темирчи ва Хўжалик каби ҳунармандчиликка  ихтисослашган  гузарлар  машҳур эди.  Даҳбедда 30 га яқин  пойабзал тикувчи уста бўлиб, улар ўз маҳсулотларини  Даҳбед,  Самарқанд,  Пайшанба,  Янгиқўрғон шаҳарларидаги  ва  бошқа  бозорларда сотганлар. Бу уста-ҳунармандлар Даҳбед шаҳрининг Кунчи гузарида истиқомат қилишиб,  пойабзалнинг икки "махси" ва "тоштовон" турини тикканлар.  Воҳада пойабзал савдоси билан  шуғулланувчи савдогарларнинг асосийсини Даҳбед шаҳрининг маҳаллий  аҳолиси ташкил этган, чунки бу пойабзалларни уларнинг  ўзлари  тикканлар. 
ХIХ асрнинг 70-йилларида Ҳ.Соболев томонидан йиғилган статистик маълумотларда Даҳбед шаҳрида 20 та туқув  дастгоҳи, 2 та терини қайта ишлаш устахонаси мавжуд  бўлганлиги қайд қилинган. Даҳбедда 1 та кулолчилик устахонаси,  11 та  пишиқ ғишт  ишлаб чиқарувчи  корхона,  13  та темирчилик устахонаси, 1 та қўнчиликка ва чармли  маҳсулотлар  ишлаб  чиқаришга ихтисослашган устахона, 1 та совун ишлаб чиқарувчи  корхона, 3 та этикдўзлик устахонаси,  5 та тикувчилик (газлама ишлаб чиқарувчи) корхонаси, 64 та дурадгорлик устахонаси, 13 та новвойчилик ва  қандолатчилик  корхонаси, 5 та арава ясайдиган устахона мавжуд бўлиб, уларда жами 162 нафар уста-ҳунарманд фаолият юритган. XVIII асрнинг иккинчи ярмида воҳада вужудга келган Янгиқўрғон шаҳри  4 та даҳага бўлиниб, шундан Азизобод даҳасида  2 та темирчилик устахонаси,  Галаработ даҳасида 3 та қизил мато (рангли бўз) ишлаб чиқарувчи, 2 та  қандолатчилик, 3 та  шам  ишлаб  чиқарувчи корхона, 2 та новвойхона мавжуд бўлган. Шаҳар аҳолисининг  асосийси ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланишган. Янгиқўрғонда 331 нафар ишлаб чиқарувчи ҳунарманд фаолият кўрсатган.
Янгиқўрғонлик машҳур новвойлар Самарқанд беклигининг бозорларини нон билан таъминлаб турганлар. Миёнкол ҳудудидаги бозорларда сотиладиган ҳунармандчилик буюмлари сирасига қадимдан яхши баҳоланиб келинган Янгиқўрғон ва Лойиш кулолларининг маҳсулотлари ҳам кирган. Манбаларда  ҳунарманд  аҳоли  орасида  ёғочсоз уста  косатарош (товоқтарош)лар, косагарон (коса ясовчилар) тўғрисидаги маълумотлар ҳам учрайди. Оқдарё туманидаги бир қишлоқ ҳозиргача "Товоқтарош" деб аталади. Бунинг сабаби шуки, бу қишлоқ аҳолиси бир неча асрлар давомида ёғочдан коса ва қошиқ ясаб, косатарошлик ҳунари билан шуғулланиб келишган. Пахтадан тўкиладиган йўл-йўл мато тожикчасига - "сўзи", ўзбекчасига эса "ола мато" деб аталиб, у қизил, кўк ва яшил рангда бўлган. Бу  мато  Самарқанд, Челак шаҳарлари қаторида Миёнколдаги Даҳбед шаҳарларида ҳам ишлаб чиқарилган.
Тўқимачиликда пахтадан тўқиладиган оқ газлама "хоса" деб аталиб, у кафанлик ва салла учун ҳамда чопонларга астар учун ишлатилган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, бу газлама Миёнкол ҳудудидаги Даҳбед ва Янгиқўрғон шаҳарларида  ишлаб чиқарилган. Унинг энг яхшилари Даҳбед ва Янгиқўрғонда ишлаб чиқарилиб, харидоргир бўлган. Воҳада ишлаб  ишлаб  чиқарилган  бу  газлама  четга,  яъни  Бухоро  ва Хивага олиб кетилган. Пахтадан ишланадиган яна бир  газлама мато дока ҳисобланиб,  асосан,  Даҳбед ва Янгиқўрғон шаҳарларида тўқилган.  
 Миёнколда жами 26 та бозор бўлиб, шулардан Даҳбед  шаҳрида - Даҳбед, Шохоб амлоклигида - Лойиш, Жўйи  Девона амлоклигида - Қарқарали, Янгиқўрғон туманида - Янгиқўрғон ва Сағиш (Соғарж) бозорлари бўлган.

(Давоми бор).

Нодир МИРЗАЕВ,

4-мактаб тарих

 фани ўқитувчиси.