МИЁНКОЛНИНГ СЎЛИМ МАСКАНИ

Норкусган (Қўшқўрғон) ариғи - Оқдарёнинг чап қирғоғида жойлашган Карки қишлоғидан бош олиб, Лойиш мавзесининг тепароғида Қорадарёдан бош  оладиган Жуйи Девона ариғи қуйилган. Бу ариқ  1802 йили Самарқанд беги Норбек Мухтор буйруғига биноан қайта таъмирланиб, тозаланган.
Чавка ариғи - Оқдарёнинг чап қирғоғидаги Қўтирбулоқ қишлоғининг пастроғида Оқдарёдан бош олиб, Сариқхўжа қишлоғи ҳудудида яна Оқдарёга қуйилган. Ариқнинг узунлиги 8 чақирим, чуқурлиги эса 1  метргача бўлган.  Бу ариқ Қипчоқ қабиласининг сардори Чавкабий бошчилигида барпо қилинган. Ке-йинчалик, яъни  1869  йили қайтадан таъмирланган. Бу ариқ қабила сардорининг шарафига Чавка деб аталган.
Чоржўй ариғи - Қорадарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Пўлат қишлоғидан ярим чақиримча тепароқдан бош олиб, Оқдарёнинг чап қирғоғидан  бошланадиган Шохоб ариғига қуйилган. Ариқнинг узунлиги 12 чақирим, чуқурлиги эса 1 метргача бўлган. Бу ариқ ХVI асрнинг биринчи ярмида Хўжа Махдуми Аъзам бошчилигида қазилган. Ариқ ХVIII аср охирларида Бухоро амири Шоҳмурод даврида, Самарқанд беги Абдулла парвоначи бошчилигида таъмирланган. 
Жуйи Девона ариғи  - Қорадарёнинг ўнг қирғоғида  жойлашган Ошановот қишлоғидан ярим чақиримча  тепароқдан бошланиб, Каттақўрғон туманига қарашли  Асатбаҳрин қишлоғида Оқдарёга қуйилган. Бу ариқ Офаринкент, Янгиқўрғон ва Каттақўрғон туманлари далаларини сув билан таъминлаган. Ариқнинг узунлиги 44 чақирим бўлиб, шундан 32 чақирими Офаринкент ва Янгиқўрғон туманларини, 12 чақирими эса  Каттақўрғон тумани далаларини кесиб ўтган. Сувининг чуқурлиги 2 метргача бўлган. Бу ариқ Аштархоний ҳукмдор Убайдуллахон даврида  (Бобораҳим Машраб бошчилигида) ҳашар йўли билан барпо қилинган. Ариқ шунинг учун "Жуйи Девона" деб аталган.  
Нағмон Чақмоқ ариғи - Қорадарёнинг ўнг қирғоғида жойлашган Хўжи қишлоғидан бошланиб, Бурганли қишлоғи ҳудудида Жуйи Девона ариғига қу-йилган. Ариқнинг узунлиги 6 чақирим, чуқурлиги эса 1  метргача бўлган.  Бу ариқ Самарқанд беги Муҳаммад Шариф бошчилигида барпо қилинган. 
Хонариқ -  Қорадарёнинг ўнг қирғоғида  жойлашган Янгикент қишлоғидан 1 чақирим юқорироқдан бошланиб, 12 чақирим оқиб борган ва Жамалак ариғи билан бирлашган. Иккала ариқ яна 8 чақирим оқиб, "Шайхлар кенти" қишлоғида Жуйи Девона ариғиға қуйилган. Ариқнинг узунлиги 12 чақирим,  чуқурлиги эса 1,5 метргача бўлган. Бу ариқ ХVIII аср охирларида Янгиқўрғон тумани беги Анорхон Садир бошчилигида ҳашар йўли билан қазилган. 
Янгиқўрғон ариғи - Оқдарёнинг чап қирғоғида жойлашган Бешкетмон қишлоғидан ярим чақирим  юқорироқдан бошланиб, Хина қишлоғи яқинида  Қорадарёдан сув оладиган Жуйи Девона ариғига қуйилган. Ариқнинг узунлиги 10 чақирим, чуқурлиги эса 1,5 метргача бўлган. Бу ариқ ХVIII асрнинг 80-йилларида Янгиқўрғон тумани беги Бадалбий бошчилигида ҳашар йўли билан барпо қилинган. Ушбу ариқлар ҳозирги Оқдарё тумани далаларини сув билан таъминловчи бош ариқлар бўлиб, булардан  жуда кўплаб майда шохобчалар, суғориш тармоқлари ажралиб чиққан ҳамда деҳқончиликнинг ривожига имкон берган. Қадим даврлардан ҳам Миёнколда сув  танқислиги муаммоси жиддий тус олмаган.  Ёғингарчилик кам бўлиб, дарёдаги сув сатҳи пасайган йилларни ҳисобга олмасак, бу ҳудудда сув танқислиги муаммоси кузатилмаган. Миёнкол ерларида қадимдан буғдой, арпа, шоли, тариқ, кунжут, жўхори, арпа ва бошқа қишлоқ хўжалик экинлари парваришланиб, улардан жуда юқори ҳосил  олинган. Мутахассисларнинг фикрича, Орол бутун Туркистон ўлкасининг ғалла омбори, кўп ғалла берадиган ҳудудидир. Бу ҳудуд ўзининг гуручи билан ҳатто Бухорони таъминлайди. Оролнинг узунлиги 100 км. дан ортиқ, кенглиги 15 км, майдони эса 1200 кв. км.дир. Бу жой тарихий манбаларда Зарафшон  водийсининг энг обод, ҳосилдор, деҳқончилик маданияти юксак ривожланган ҳудуди сифатида қайд этиб келинган. Миёнкол Зарафшон водийсининг қадимий тарихга эга ҳудудларидан биридир. Бу  ҳудуд икки минг йилдан зиёд вақт давомида бир  неча номлар билан маълум ва машҳур бўлган. "Миёнкол"  атамаси унинг ёзма манбалардаги сўнгги номидир. Миёнкол атамаси аслида Миёнком бўлиб, унинг луғавий маъноси форс-тожик тилида Миён - ўрта, оралиқ, ком - дарё, ариқ, сув, яьни "дарё ўртаси",  "икки  сув ораси"  маъноларини  англатган.  Бу  атама ке-йинчалик бошқача талаффузда "Миёнкол" деб атала бошланган. Миёнкол Зарафшон дарёсининг тармоқлари Оқдарё ва Қорадарё оралиғида, водийнинг марказий қисмида жойлашиб, манбаларда аҳолиси зич, географик қулай, қадимдан аҳоли яшаган, ҳосилдор тупроқли ва сув билан яхши таъминланган ҳудуд сифатида тилга олинади. Миёнкол энг қадимги даврлардан бошлаб ўзининг географик жойлашуви  жиҳатидан  муҳим  стратегик  аҳамиятга эга бўлган. Бу ҳудуднинг муҳимлиги Александр Македонский босқини давридаёқ ажралиб турган ва Спитаменнинг таянч нуқталаридан бири вазифасини ўтаган.
Миёнколнинг географик тавсифи бир қатор тад-қиқотларда учрайди. Хусусан, Ўзбекистон миллий энциклопедиясида Миёнкол шундай тавсифланади:  "Самарқанд шаҳридан  бироз  шарқроқда,  Чўпонота тепалиги ёнида Зарафшон икки тармоққа - Оқдарё (ўнг) ва Қорадарё (чап)га ажралади. Улар Миёнкол оролини ҳосил қилиб, Навоий вилояти Хатирчи тумани маркази - Янгиработ шаҳарчаси  яқинида бирлашади ва яна Зарафшон номи билан оқади.  Зарафшон сувининг 70-75 фоиз қисми Қорадарё тармоғидан оқади".
Манбалардаги маълумотлар шундан далолат берадики, Миёнқол ҳудудидаги энг қадимий аҳоли турар жой маскани Офаринкент номи билан боғлиқ. Шаҳарнинг пайдо бўлиши хусусида ҳам кўплаб маълумотлар сақланиб қолган. Офаринкент шаҳри ҳудудий географик тавсифига кўра ҳозирги Оқдарё тумани ҳудудини катта қисмини ўз ичига олган. Рус  шарқшуноси В.В.Бартольд манбаларга асосланиб,  Офаринкент шаҳрини Самарқанд ҳукмдори Гурак (араб босқини даврида Самарқанд ҳокими)нинг укаси Офарин томонидан қурилган деган маълумотни келтиради.
"Кандия" ("Кичик Қанд") китобида Офаринкент  шаҳрининг бунёд этилиши тўғрисида шундай  маълумотлар келтирилади: "Кутайба Самарқанд томон ҳужум бошлаганда, у ерда Гурак ҳукмронлик қилар эди. Гуракнинг Тархун ва Офарин исмли икки укаси бўлиб, Офарин энг кенжаси ва камбағали эди. Шундан сўнг, Гурак Самарқанд шаҳридан чиқиб, тўрт фарсах масофада касабага асос солди ва уни укаси Офаринга тортиқ қилди ҳамда Офаринкент деган ном берди. Ҳозирги вақтда ҳам бу шаҳар Гуракнинг укаси шарафига "Офаринкенг" деб юритилади". Бу воқеани К.Пардаев тахминан 711-712 йиллардаги араблар билан самарқанддиклар ўртасида тузилган шартномадан бир неча йил олдин рўй берган деб маълумот беради.
Қадимги Суғд тарихи билан шуғулланган тад-қиқотчи О.И.Смирнова Насафийнинг берган маълумотларига асосланиб, "Қутайба Самарқандга ҳужум бошлаганда у ерда Гурак подшолик қилар  эди. Гуракнинг икки укасидан бирининг исми Тархун, бириники эса Офарин бўлиб, у энг кенжаси эди", деган маълумотни келтиради. Албатта, Офарин  кўчиб  келиб  жойлашганда, бу жойда маълум коҳин бошчилигидаги Зардуштийларнинг ибодатхонаси бўлиб, Офарин уларнинг ҳимоясига чекинган. Бу ердаги икки тепаликнинг ўзгача бирлашиб кетганлиги шундан далолат берадики, Самарқанддаги ихшидлар ҳукмдори бу  ерда  ибодатхона  ва  саройни  топган. Айнан  шу  ибодатхона жанубий тепаликда жойлашган бўлиб, бу тепаликнинг остидан  муқаддас "Чилота" булоғи оқиб чиққан. Мазкур тепаликнинг шимолий ёнбағрида Гурак қалъани қурдириб, укаси Офаринга тортиқ қилган. Х асрга оид бўлган "Ҳудудул-олам" асарида Офаринкент "Фарнкасъ шаклида берилиб, Зарафшон дарёси билан  Иштихон оралиғида жойлашганлиги кўрсатилади. Кўҳна Офаринкент шаҳри тўғрисидаги маълумотларни 1936-1937 йилларда Г.Григорьев бошчилигида олиб борилган археологик тадқиқотлар тўлиқ тасдиқдайди. Бу археологик экспедиция Офаринкент шаҳри  харобаларидаги Ўғил ва Қизтепа ҳамда унинг атрофларидаги Шўртепа, Отчопартепа, Ялпоқтепа, Чангалтепа ҳудудларида икки йил давомида археологик тадқиқотлар олиб борганлар. Бу тепаликлар ҳудудларидан ҳар-хил рангдаги турли сопол ва чинни идишларнинг қолдиқлари,  шунингдек, Зардуштийларнинг даҳма, ноус, остадонлари топилган. Офаринкент шаҳрининг харобаларидаги Ўғил ва Қизтепа  атрофларида  63  кв. метр майдон қазилиб, бу майдондан 143 та, узунлиги 1 метр, диаметри эса 70-80 см. ҳажмдаги хумлар (Зардуштийларнинг остадонлари) топилган.
Г.Григорьев ўз тадқиқотларидан келиб чиқиб  шундай ёзади: Қадимги Офаринкент шаҳрининг жойлашган ўрни Миёнкол деган ҳудуддадир. Бу ҳудуд икки дарё оралиғи, яъни Зарафшоннинг иккига - Оқдарё ва Қорадарёга бўлинишидан ҳосил бўлиб,  Офаринкент Самарқанд шаҳридан 45-50 км. шимоли-ғарбий масофададир. Шаҳар харобалари ёнида Примкент қишлоғи жойлашган. Унинг атрофларида яна бир неча қишлоқдар мавжуд. Бу жой Қорадарёдан бош оладиган асосий ариқ - Жуйи Девонадан сув ичади. Бу қадимий манзилгоҳнинг харобалари Примкент қишлоғи ҳудудига тўғри келиб, унинг ғарбида жойлашган.
 Бу шаҳар ҳудудидан турли даврларга тегишли  ашёлар топиб ўрганилган. Ўтказилган археологик тадқиқотлар шундан далолат берадики, шимоли-ғарбдан жануби-шарққа чўзилган Офаринкент шаҳри тахминан 14 гектар майдонни эгаллаган. Шаҳар атрофи 7-9 метр баландликдаги пахса девор билан ўралган бўлиб, унинг ғарбий қисмида иккита тепалик қад кўтарган (Ўғилтепанинг баландлиги 22-23 метр, Қизтепанинг баландлиги 17-18 метр, бу тепаликлар ҳозиргача сақланиб қолган). Шаҳар шар-қий деворининг атрофи хандак билан ҳам ҳимояланган. Тарих фанлари номзоди К.Пардаевнинг маълумотларига кўра, Қизтепанинг шимолий ёнбағрида "Чилота" деб аталган катта (маҳаллий аҳоли учун муқаддас саналган) булоқ бутун шаҳарни тоза ичимлик суви билан таъминлаб турган. Булоқдан бош олган чуқур сой шаҳарнинг маълум қисмини кесиб ўтиб, шаҳар ташқарисидаги катта ариққа қуйилган ҳамда атрофдаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаган. Шаҳарнинг марказида эса, шаҳар бошлиғи (бек, ҳоким)нинг қароргоҳи бўлган.  Шаҳарнинг ғарбий  ва шарқий тарафларида бозорлар, яъни ғарбий бозор "Қандолат", шарқий бозор эса "Заргар" номлари билан  юритилган. Шаҳар  ва унинг атрофидаги қишлоқлар аҳолиси ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ва деҳқончилик билан шуғулланишган. Миёнколнинг тарихий-географик тавсифи ва  аҳолиси  тўғрисида маълумот берувчи манбаларга таяниб,  қуйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
Миёнкол Зарафшон дарёсининг тармоқлари Оқдарё ва Қорадарё оралиғида, водийнинг марказий қисмида жойлашиб, манбаларда географик қулай, ҳосилдор тупроқли ва сув билан яхши таъминланган ҳудуд сифатида тилга олинган;  Миёнкол ХVI-ХIХ асрлар давомида аҳолиси зичлиги жиҳатидан Ўрта Осиёда олдинги ўринларда турган. Бунинг сабаби,  биринчидан, ХVI аср бошларида Дашти  Қипчокдан Шайбонийхон бошчилигида  кўплаб  қабилаларнинг  мазкур ҳудудга келиб жойлашиши бўлса,  иккинчидан, Миёнкол ҳудудларининг суғорма деҳ-қончиликка қулайлиги унинг атрофидаги дашт  аҳолисининг диққат эътиборини ҳамиша ўзига  жалб  этиб  келганлигидир.  Дашт аҳолисининг кўпчилиги қурғоқчилик даврларида Миёнкол ҳудудларига кўчиб, ўрнашиб қолганлар. Табиий ресурслари, шарт-шароитлари қулайлиги сабабли бу ҳудудда доимий равишда демографик ўсиш давом этиб, аҳоли зичлиги юқори даражада бўлган. ХIХ асрнинг ўрталарида олинган аниқ статистик маълумотларга кўра, Зарафшон водийсининг сувлоқ туманларида 1  чақирим кв.жойга аҳолининг зичлиги 128,9 кишини ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич ХХ асрнинг 70 йилларига келиб,  водийнинг суғорма деҳ-қончиликка асосланган туманларида 1 км.кв. жойга ўртача ҳисобда 130-330 кишини ташкил этган.

Нодир МИРЗАЕВ,
4-мактаб тарих фани ўқитувчиси. 

Давоми бор.