"OҚДАРЁ БАЁЗИ"ДА ОҚДАРЁ МАВЖЛАРИ

"Оқдарё овози" газетасида "Навниҳол" ижодий ёшлар клубининг жўшқин фаолияти ўзининг қарийб ярим асрлик мазмунли, шарафли тарихига эга. "Устоз-шогирд" анъаналари асосида узвий давом этиб келаётган ижодкорларимизнинг бу даргоҳи ҳамиша ёшлар билан гавжум. Бугунги кунда "Навниҳол"да қалами чархланган, мамлакатимиз миқёсида турли соҳаларда ишлаб, ижод қилиб, халқимиз ҳурматига лойиқ деб топилаётган шоир ва ёзувчиларимиз бизнинг фахримиздир. Орзиқул Эргашев, Тоҳир Долиев, Дилдора Мардиева, Нурилла Нарзуллаев, Кубарро Баҳромова сингари тумандошларимиз истиқлолимизнинг маънавият ва маърифат, тарих ва келажак истиқболларининг равнақи йўлида самарали ижод қилмоқдалар.
Айни пайтда туманимизда яшаб ижод қилаётган устоз шоир ва ёзувчиларимиз Ойгул Маматова, Йўлчи Муҳаммадиев, Эркиной Қаршиева, Гулсара Тинибекова, Саодат Аҳмедова, Аслиддин Файзиев, Саъдулла Қўшоқов, Меҳрибон Худойбердиева, Шаҳноза Расулова, Донохол Асророва, Нигора Шукурова, Хадича Қобиловаларнинг номларини алоҳида таъкидлаб ўтмоғимиз лозим. Чунки улар ижод қилиш билан бир қаторда ёшларга таълим-тарбия беришда, ижод сабоқларини ўргатишда бош-қош бўлмоқдалар. "Навниҳол" ижодкорлари яна бир хайрли ишни давом эттириш мақсадида ўз ташаббуслари билан туманимиз ижодкорларининг асарларини жамлаб, "Оқдарё баёзи" китобини йиллар давомида босқичма-босқич нашр эттириб келмоқдалар. 2007 йилда "Оқдарё мавжлари" биринчи тўплам, 2012, 2014 йилларда биринчи ва иккинчи "Оқдарё баёзи" китоблари нашр этилди. Юзга яқин ижодкорларимизнинг бадиий ижод намуналари ушбу китоблар орқали тарих зарварақларида ўз изини қолдирди. Ёш ижодкорларимиз, умидли қалам соҳибларидан Наврўз Ҳасанов, Фарҳод Рўзиев, Гулҳаё Анорова, Баҳодир Искандаров, Дониёр Тешаев, Озода Ўроқова, Чарос Қурбонова, Тўлғаной Гадоева, Озода Қурбонмуродовалар ўз шогирдларини ҳам ижод саҳнасига етаклаш билан бир қаторда барча ижодий-ташкилий, жамоатчилик ишларида фаол қатнашиб, самарали ижод қилмоқдалар.
"Оқдарё баёзи" бугунги кун қалам аҳлининг ижод маҳсулидир. Тўпламда бир гуруҳ оқдарёлик ижодкорларнинг ижод маҳсули ўрин олган.
Биз туманимиз ижодкорларининг бадиий адабиёт соҳасидаги илмлари ва журналистик маҳоратларини ошириб, замонавий услуб ва анъаналари асосида истеъдодларини намоён этаётган "Навниҳол" адабий клубининг аъзоларига ижодий баркамоллик тилаймиз. Ижодкорларимиз Оқдарё халқининг ҳаёти, ютуқ ва имкониятлари, ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг кўлами, муаммо ва ечимларини ўз қаламларида мадҳ этиб, Ватанимиз маданий тараққиёти, қолаверса, дунё тамаддунида катта муваффақиятларга эришишларига тилакдошмиз.
Ушбу саҳифада оқдарёлик ижодкорларимизнинг "Оқдарё баёзи" китобида чоп этилган ижод намуналаридан ҳавола этамиз.

БЕШИК

Йиғладингми, бағринг бўш,

Тепадаги тол бешик.

Энди аста пастга туш,

Куйлагинг шодон қўшиқ.


Остда қуроқ кўрпача,

Гўзал либос киясан.

Жой оласан, ўртадан,

Бағринг тўкис куласан.


Бўйнингда шода маржон,

Шиқилдоқлар шиқирлар.   

Атрофингда бўлиб жам,

Болажонлар қиқирлар.


Ризқи мўл бўлсин гўдак,

Митти кулча ёпдилар.

Тўплаб ширинлик, ёнғоқ,

Сочала ҳам сочдилар.


Болалар шод айланар,

Атрофида парвона.

Буви ипсиз боғланар,

Алла айтади яна.


Ҳар бир уйда тебраниб,

Толмасин ҳеч бешиклар.

Меҳру нурга беланиб,

Янграсин куй-қўшиқлар.


Сенинг гул қучоғингда,

Улғайган буюк ўзбек.

Муқаддас белбоғинг-ла,

Бели боғлик, қадди тик.

 Умида ШАРИПОВА.


БОБОМ УЙИ

Гўзал хотиротлар юракка малҳам,

Овуниб яшаймиз дилни адашиб.

Биз ривож топгандек бобом уйи ҳам,

Ўзгариб бормоқда замон ёндашиб.


Энди ҳар томонда тўрт девор устун,

Томга қизғалдоқлар гилам тўшамас.

Ҳар тараф жилвакор, ҳар ён бус-бутун,

Бу уй ўша эмас, унга ўхшамас.


                        Айвон йўқ қалдирғоч болалагани,

                        Тупроқ ҳиди келмас, қушлар ин қурмас.

                        Бир бешикка жой йўқ аллалагани,

                        Бунда офтоб кулмас, ой хаёл сурмас.


                        Бунда бор дабдаба, ортиқча ҳашам,

                        Ўша пастак томнинг бўйлари ўсган.

                        Ёғоч устунлари қучмайди борсам,

                        Темир дарвозалар йўлимни тўсган.


Бунда тополмайман излаганларим,

Тақдир адаштирган бегонадайман.

Алмисоқдан қолган ёлғиз кўҳна қалб,

Кимлигин унутган девонадайман.  

Чарос ҚУРБОНОВА.

ВАТАНИМ

       Ватан, бир корингга ярасам дейман,

       Сени соғинаман қучоғингда ҳам.

       Пешонамдан ўпиб, силагин дейман,

       Ватаним, бағрингга босгин болангни.

       Сенинг бир корингга ярасам, дейман,

      Этагингга босдим бармоқларимни.

       Улар шундай иссиқ, шундай қадрдон,

       Нурларга чўмилган япроқларингни

       Юзларимга босиб эркалай шодон.

       Оппоқ тонглардаги шафаққа боқиб,

        Ватан, остонангда нур бўлсам, дейман.

        Гўдакдек пайпаслаб қучоқларингни,

        Хумодек бошингда ҳур бўлсам, дейман.

        Мен ҳам посбонингман тегрангда ёнган,

       Тоғларингда лочин, қирларда гулман.

      Сени таърифлолмай қалами ёнган,

       Муҳаббати хаста шоир болангман.

       Бугун бир виқорман дарёларингда,

       Сойларингга шошган ирмоқман мағрур.

      Қалдирғоч бўлайин баҳорларингга,

       Сени соғинаман қучоғингда ҳам,

       Юзларимдан ўпиб, силагин дейман.

       Бу сўзни тинглагин эрка болангнинг,

       Ватан, бир корингга ярасам, дейман.

 Барно РАҲМАТОВА.

АЛЛА АЙТИНГ

Яна гўдак бўлгим келяпти бирам,

Соғиндим бешикни, азиз онажон.

Ҳеч бир куй юракка бўлмади малҳам,

Яна алла айтинг, айтинг, онажон!


Тиззангизга бошим қўйиб ухласам,

Майли уйғонмасам, буткул, ҳеч қачон.

Фақат меҳрингизни ҳис қилсам бўлди,

Яна алла айтинг, айтинг, онажон!


                               Гул тутсам қувониб қўлларингизга,

                               Гул эмас, сиз учун майли берай жон.

                               Тўйиб ором олай хонишингиздан,

                               Яна алла айтинг, айтинг, онажон!


                               Сиз куйланг, мен ёниб тинглайин уни,

                               Гўё сўнгги марта олгандай нафас.

                               Агар кўп кўрмаса менга шу кунни,

                               Бир лаҳза аллангиз тинглай олсам бас!

 Севинч СУЮНҚУЛОВА.



МЕНИНГ ЮРТИМ

Юртим менинг,

Фахрим менинг,

Боғ-у роғлик, 

Кўл-у тоғлик.

Ўзбек элим,

Жон-у дилим,

Олтинга кон, 

Жаннатмакон.

Келар сайёҳ, 

Обод ҳар ёқ.

Меҳмондўст халқ, 

Оташин қалб.

Келинг меҳмон,

Юртим томон.

Очиқ йўллар,

Тинч-у омон!

Чарос ТОЛЛИБОЕВА.