Тиббиёт муассасаларида нима гап?

ШИФОКОРЛАР БЕМОРЛАРДАН, БЕМОРЛАР

 ШИФОКОРЛАРДАН НОРОЗИ? НЕГА?

"Оқдарё овози газетаси", туман санитария-эпидемиология ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш маркази билан ўтказилган қўшма рейд тафсилотлари

Инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, аҳоли ҳаётига хавф солаётган пандемия учун курашиш бугунги кунда дунё миқёсидаги долзарб вазифалардан бири эканлиги ҳаммамизга ойдек равшан. Шундай экан, туманимизда бу борада олиб борилаётган ишлар ҳамда халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизматнинг бугунги кундаги аҳволи қай даражада эканлиги билан қизиқдик. Шу мақсадда ўтган душанба куни туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган кўп тармоқли марказий Поликлиника бўлимида  туман санитария ва эпидемиология бўлими билан ҳамкорликда қўшма рейд ўтказилди. 

Поликлиника биносига қарашли экин майдонларида баҳорги кўкаламзорлаштириш ва ободончилик ишлари ҳали тўлиқ ниҳоясига етказилмаганлиги боис, бир гуруҳ ишчи-хизматчилар эндигина гулзорлар барпо этишиб, гул уруғлари қадашмоқда. Бизни туман тиббиёт бирлашмаси бош врачи И.Бобобеков қарши олди ва бугунги кунда олиб борилаётган долзарб вазифалар ҳақида қуйидагиларни билдирди:

- Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига қарши эмлаш ишларига тайёргарлик кўриш ва уларни амалга ошириш билан боғлиқ вазифалар белгилаб олинди. Унга мувофиқ халқаро тажриба асосида хавф гуруҳига кирувчи шахсларни биринчи нав-батда эмлаш режалаштирилган. Бу тоифага 65 ёшдан юқори қариялар, тиббиёт ходимлари, сурункали касалликка чалинганлар, мактабгача ва умумтаълим муассасалари ходимлари, қуролли Кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари киритилган. Бугунги кунда поликлиникамизда туманимиз аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Бунинг учун барча имконият ва диққат-марказимиз ана шу долзарб вазифани амалга ошириш, туманимиз халқининг соғлигига соғлик, умрига умр қўшишдан иборатдир. Айни пайтда пойтахтимиздан бир гуруҳ шифокорлар келишиб, туманимиз шифокорларига ўз иш тажрибаларини ўргатишмоқда.

Бош шифокор билан бўлган қисқагина суҳбатимизга якун ясаб, бўлим ичкарисига кирар эканмиз, бўлимга кириш учун ошиқаётган беморлар ва уларни рўйхатга олиш, тана ҳароратини ўлчаш учун ўтирган навбатчи ҳамширалар диққатимизни тортди. Ҳамширалар кетма-кет бостириб кириб келаётган беморларнинг айримларини рўйхатга олишса, айримлари уларга қулоқ солишмасдан тўғридан тўғри ўтиб кетишар эди. Беморларни рўйхатга олиш, уларни масофа сақлаган ҳолда бирма-бир ичкарига киритиш учун етарли шарт-шароит яратилмаганлиги боис келиб чиқаётган бу тартибсизликни бартараф эта олмаётган ҳамширалар айбни беморларга қўйишди:

- Биз нима ҳам қила олардик. Кўриб турибсиз-ку, ҳамма беморларни тўлиқ рўйхатга олишга улгурмаяпмиз, одамлар бизларга қулоқ солишмасдан ўтиб кетишса нима қилайлик, -дея хуноблари ошишди.

СЭС ходими М.Шарипов ҳамшира қизларга ушбу муаммони қандай ҳал қилиш лозимлиги ҳақида, ишни қай тартибда ташкил этиш бўйича ўзининг тегишли тавсияларини берди.

Поликлиника бўлими бошлиғи Шерали Ҳақназаров ҳамроҳлигида энг аввало "Таҳлилхона"га кирдик. Тўғрисини айтганда, бу ердаги тартибсизликларни кўриб ҳайрон қолдик. Негаки, таҳлилхонанинг барча эшиклари ланг очиқ, ичкарида шифокорлар ўз иши билан банд, лекин коридорлар бўйлаб тўлиб-тошган беморларнинг сон-саноғи йўқ, уларнинг кўпчилиги ниқобларини ечиб олишган, айримлари ниқобсиз ҳолда бемалол хонама-хона кириб-чиқиб юришарди. Беморлар ўртасидаги оралиқ масофани сақлаш ҳақида эса гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Чунки, тор йўлакда одамлар жуда тирбанд, тартибсизлик юзага келган бўлсада, бунга ҳеч ким эътибор қилмас эди. Балки бу ерда ҳар кунги иш тартиби шундай давом этса керак-да. Бу ҳақда бўлим бош ҳамшираси қуйидагича изоҳ берди:

- Биз беморларга тартибга риоя қилиш ҳақида қанчалик тушунтирмайлик, фойдаси бўлмаяпти. Улардан тартибга риоя қилишни талаб қилсак, биз билан жанжаллашишади.

Лекин улар бундай баҳона ўрнига "Таҳлилхона" эшигига кириш учун навбатчи ходим қўйилиши, ҳар бир беморнинг масофа сақлаган ҳолда навбат билан кириб-чиқишини ташкил қилиш ҳақида ўйлаб кўришса яхши бўлар эди. Улар эса тартибсизликнинг олдини олиш ўрнига айбни фақат беморларга қўйишдан нарига ўтишмасди. Аслида муаммонинг ечими ўзларига, яъни шу ерда фаолият кўрсатаётган ходимларга боғлиқ эканлигини наҳотки тушунишмаса, ахир бу уларнинг касбига бўлган ҳурматни, масъулиятни билдирмайдими? қолаверса, ҳар бир соҳанинг ўзига хос маданияти ҳам бўлиши керак-ку?

Ана шундай нохуш ҳолатдан сўнг бинонинг иккинчи қаватига кўтарилар эканмиз, бу ердаги аҳвол ундан ҳам баттар эканлигини кўриб, ташвишимиз минг чандон ортди. "УАШ", "Травматология", "Кардиология", "УТТ", "Стомотология", "Акушер гинекология" ва бошқа хоналар учун навбатда турган беморларнинг сон-саноғини аниқлаб бўлмайди. Аппаратга тушиш учун келган ҳомиладор аёллар ва бошқа беморлар ўзлари учун ўзлари рўйхат ёзишиб, навбатларини бетоқатлик билан кутиб ўтиришар эди. Айтингки, 5-10 нафар кишининг навбат кутиб ўтиришлари учун стуллар етиб қолар, лекин қолган 20-30 беморнинг тик оёқда туриши қанчалик қийин эканлигини тасаввур қилиб кўринг-а? Тик оёқда туриб навбатини бетоқатлик билан кутиб турган беморларга қараб эзилиб кетасан киши. Шифокор қабулига кириш учун эшикка ёпишиб олган бир бемордан ичкарига киришга рухсат сўраган эдик, эшикка баттар ёпишиб олди:

- Навбат кутавериб чарчаб кетдим, ҳали униси, ҳали буниси танишини етаклаб кириб кетади. Биз эса қачон навбат келар экан деб, кутиб ўтираверамиз-ми? Ҳар бир кишининг қўлига навбатини ёзиб берса, ҳамма навбатга риоя қилса, яхши бўлар эди,- дейди кекса бир нуроний отахон. 

Айниқса, юзага келган тирбандлик оқибатида  коридорда тик турган одамларнинг орасидан ўтиб-қайтишнинг ўзи бир муаммо эди. қолаверса, бу вазиятда 2,3-қаватларда навбатда турган одамлар учун тоза ҳавонинг ўзи етишмайди. 2-қаватда жойлашган "Аёллар маслаҳатхонаси" учун келган ҳомиладор аёллар аввал 3-қаватга кўтарилишиб, коридор орқали юришиб, ундан сўнг 2-қаватга тушишга мажбур бўлишмоқда экан. Бунинг сабабини билсак, пандемияга қарши эмлаш ишлари кетаётганлиги туфайли пастки қават кириш қисми вақтинча ёпилган эмиш. Нав-батда турган ҳомиладор аёлларнинг кўплигидан улар ўртасида карантин қоидаларига амал қилишни талаб қилишнинг ўзи амри-маҳол эди. СЭС ходими томонидан "Аёллар маслаҳатхонаси"да фаолият кўрсатаётган шифокорларга ҳомиладор аёллар ўртасида доимий равишда табиий матодан тикилган либослар кийишлари, овқатланиш қоидаларига риоя қилишлари бўйича суҳбатлар, тушунтириш ишлари олиб бориш кераклиги уқтирилди. Ваҳоланки, бу ерга ташриф этган аёлларнинг аксарият қисми сунъий матодан тикилган либослар кийиб олишган эди. Бу ерда жойлашган "Оналар мактаби" хонаси эшигидаги қулфнинг қачон очилиши амри маҳолу, лекин "Ҳожатхона" эшиги бузилиб, ёпилмасдан қолганлиги боис, у ердан чиқаётган бадбўй ҳид коридорда навбат кутиб ўтирган ҳомиладор аёлларнинг дилини ранжитмоқда.

Поликлиника бўлимида туманимиз аҳолисига кўрсатилаётган тиббий хизматнинг аҳволи билан танишар эканмиз, бу борадаги тартибсизликларнинг сабаблари, тиббий маданиятнинг етишмаслиги ва ушбу муаммоларни бартараф этиш ҳақида бўлим бошлиғи Ш.Ҳақназаровнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик:

- Поликлиникамиз бир кунда 250 кишини қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, бугунги кунда жойлардаги 4 та қВПга қарашли аҳоли ҳам бизга келаётганлиги сабабли айниқса, ҳафтанинг душанба кунлари, беморлар сони кўпайиб кетмоқда. Биз имкониятимиз борича беморларни қабул қилишга, уларга беминнат хизмат кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Юзага келаётган тартибсизликларнинг сабаби ҳам имкониятимизга нисбатан беморлар сони кўпайиб кетаётганлигидадир, - дейди шифокор.

Шифокор билан суҳбатимиз тугар-тугамас, ёнимизга 30 ёшлардаги бир аёл келиб, 6 яшар фарзанди ногирон эканлигини, вилоят болалар  касалхонасидаги шифокорлар касалхонада ётиб даволаниши учун дори-дармон ёзиб беришганлигини, дори-дармонлар ниҳоятда қиммат эканлиги туфайли ололмаётганлигини, оқибатда эса 3 йилдирки, ҳужжатбозликни тугата олмай фарзандини ногиронлик нафақасига чиқара олмай сарсон-саргардон бўлаётганлигини айтиб, ёрдам сўради. Ш.Ҳақназаров бу аёлга тегишли йўл-йўриқ ва маслаҳатларини берди.

Касалхона ҳовлисида эса яна бир беморга дуч келдик. У куюб-пишиб дарду ҳасратларини айтар экан, исми-шарифини сир тутишимизни илтимос қилди:

- Мен уч кун аввал касалхонанинг гинекология бўлимига келиб ётдим. Шифокорлар нобуд бўлган ҳомиламни аборт қилиш учун  фалон сўм, шунингдек, бошқа харажатлар учун ҳам фалон сўмларни тўлашим кераклигини айтишди. Врачлар шунчалик пулга берилиб кетишганки, бировнинг ҳаёти уларни умуман қизиқтирмайди, мен боламдан ажралиб соғлигимни тиклаш учун нажот сўраб шифокорларга келсам, улар эса... 

Ана шундай оғир юк билан касалхонадан чиқар эканмиз, биз аслида тартибсизликларни келтириб чиқараётган беморларни айблаётган машаққатли касб эгалари бўлган шифокорларнинг фикрига ҳам қўшилгимиз келади, албатта. Лекин, айни пайтда ҳам бутун дунё бўйлаб кезаётган пандемия сабабли аҳоли ўртасида кўпайиб бораётган турли хил касалликлар туфайли тиббиётга бўлган талаб ва эҳтиёжимиз ҳар қачонгидан ҳам юқори эканлигини асло унутмаслик керак. Шундай экан, айни долзарб пайтда аҳолига  малакали ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда хато ва камчиликларга йўл қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Негаки, инсон соғлигини муҳофаза қилишдек масъулиятли вазифа шифокорлар зиммасига ишонч билан юклатилган экан, халқимизга беминнат тиббий хизмат кўрсатиш ҳар бир шифокорнинг муқаддас бурчидир.

Биз истардикки, туманимиз аҳолисига замонавий ва малакали тиббий хизмат кўрсатилса, касалхоналарда беморлар учун ҳозирги давр талаби асосида шарт-шароитлар яратилса, ортиқча сарф-харажатлар, сарсон-саргардончиликларга барҳам берилса, нур устига нур бўлар эди. Шундагина ишни тўғри ташкил эта олмай чорасиз қолган шифокорлар ҳам, дардига малҳам истаб шифокор ҳузурига ошиқаётган беморлар ҳам бир-биридан норози бўлмаган бўлар эди. 

Сиз бунга нима дейсиз, туман тиббиёт бирлашмасининг мутасадди раҳбарлари? Сизларнинг юқорида кўрсатиб ўтилган камчилик ва хатоларни бартараф этиш борасидаги жавобларингизни кутиб қоламиз. 

Г.ТИНИБЕКОВА,

                         "Оқдарё овози" газетасининг махсус мухбири.

                                                               М.ШАРИПОВ,

                               туман СЭО ва ЖС маркази жамоатчилик билан ишлаш бўлими мудири.

Суратларни С.ИБРАГИМОВ олган.





Мавзуга оид: