ҚАЙСИ ТОИФАДАГИ ПЕНСИОНЕРЛАР ЕР СОЛИҒИДАН ОЗОД ҚИЛИНГАН?

Бу саволга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими бош ҳуқуқшунос маслаҳатчиси Хуршид Яхшибоев жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 436-моддасига асосан жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғидан қуйидагилар озод қилинади.

- уруш ногиронлари ва қатнашчилари, шунингдек доираси қонун ҳужжатлари билан белгиланадиган уларга тенглаш-тирилган шахслар. Мазкур имтиёз уруш ногиронининг (қатнашчисининг) тегиш-ли гувоҳномаси ёки мудофаа ишлари бўлимининг ёхуд бошқа ваколатли органнинг маълумотномаси асосида, бошқа ногиронларга (қатнашчиларга) эса ногироннинг (қатнашчининг) имтиёзларга бўлган ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома асосида берилади;

- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси асосида берилади;

- ёлғиз пенсионерлар. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногирон боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади;

- боқувчисини йўқотган кўп болали оилалар. Ота ва онадан бири ёхуд ота-она вафот этган кўп болали оилалар солиқ солиш мақсадида боқувчисини йўқотган кўп болали оилалардир. Ушбу имтиёз Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси асосида берилади;

- Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатишда иштирок этганлик учун имтиёзлар оладиган фуқаролар (шу жумладан вақтинча юборилган ёки хизмат сафарига юборилган) фуқаролар. Мазкур имтиёз тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг маълумотномаси, ногиронлиги бўлган шахснинг махсус гувоҳномаси, Чернобиль АЭСдаги авария оқибатларини тугатиш иштирокчисининг гувоҳномаси, шунингдек ваколатли органлар томонидан берилган ва имтиёзлар бериш учун асос бўладиган бошқа ҳужжатлар асосида берилади.

Ушбу моддада кўрсатилган солиқ имтиёзларига эга бўлган шахслар солиқ имтиёзларини олиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларини ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органларига мустақил равишда тақдим этади.