Тежамкорлик таклифи

Шахсий фикр


БЮДЖЕТ ПУЛЛАРИ ҚАЕРГА САРФЛАНАЯПТИ?

Яқинда ижтимоий тармоқларда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Тоғли Қорабоғнинг  арманлардан озод қилинган туманларига машинани ўзи  бошқариб борганлигини акс эттирувчи видеотасвир тарқалди. Президентнинг шахсан ўзи руль бошқариб юриши очиғи фавқулодда ҳодисага ўхшайди. Бир вақтлар Куба давлатининг раҳбари Фидель Кастронинг машина бошқариб, ишга бораётганлигини кўрган эдик. Ҳозир ҳам айрим хориж давлатларида мамлакат миқёсидаги раҳбарлар, вазирлар ишга ўзларининг шахсий автомашинасида ёки жамоат транспортида боришлари маълум.

Хўш биздачи? Бизда собиқ шўро давридан қолган анъана давом этаётганга ўхшайди. Буни  биргина туманлар мисолида  яққол кўриш мумкин. Масалан туманда ҳокимнинг олтита ўринбосари бўлса барчасида хизмат машинаси мавжуд бўлиб, барчасида ҳайдовчи бор. Буларнинг ҳаммаси бюджетдан ойлик олишади. Ваҳоланки, ўша ўринбосарларнинг шахсий машинаси ҳам бўлиб, барчасида ҳайдовчилик гувоҳномаси бор.  Бундан ташқари туманларда нечта бюджетдан ойлик олиб фаолият кўрсатаётган ташкилотлар мавжуд бўлса барчасида хизмат  машиналари ва ҳайдовчилари бор. Демак ўртача ҳар бир туманда  бюджетдан маблағ билан таъминланган ташкилотлар  сони 15 та дейлик.  Айни пайтда мамлакатимизда 200 дан ортиқ туман ва шаҳарлар бор. 200 ни 15 га кўпайтирсак қанча бўлади? Бундан ташқари пойтахтдаги барча вазирликларнинг бюджетдан ойлик олиб фаолият кўрсатишлари-чи? Ҳар бир вазир, ўринбосарининг хизмат машина ва ҳайдовчилари бор. Буни ким ҳисоб-китоб қилади? Молия вазирлигидаги жаноблар ўқитувчининг ойлик маошини қисқартиришни ўйламасдан, бюджет пуллари қаерга сарфланаётганлигини билиб қўйишлари лозим. Таклифимиз туманларда ҳокимдан ташқари бўлган барча ўринбосарларнинг ҳайдовчиларини штатларидан қисқартириш керак. Машинани ўринбосарларнинг ўзлари бошқариши тўғри йўл. Шундоқ ҳам ўринбосарларнинг ҳайдовчилари кун бўйи бекор ўтиришади. Вазирлик, бошқарма ва бошқа давлат корхоналарида ҳам шундай тартибни жорий  этса бўлмасмикин? Тежалаётган бу маблағга айни пайтда кам ойлик маош олаётган соҳа ходимларининг иш ҳақларини ошириш имкони пайдо бўлади. Бу борада Сенат ва Олий Мажлисдаги сенатор ва депутатларимиз ҳам ўйлаб кўришлари лозим деган фикрдамиз.

Й.МУҲАММАДИЕВ.



Мавзуга оид:
Қарорлар

Қарорлар

  • 23 ноя, 15:07
«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

  • 23 окт, 11:19