БИОМАҲСУЛОТ ВА УНИНГ СИФАТИ

Маълумки, пандемия шароитида ҳам фермерларимиз йилнинг нисбатан оғир келиши (ёқилғи, сув, ўғит тақчиллиги ва бошқ.)га қарамай пахта, ғалла ва бошқа соҳаларда яхши натижаларни қўлга киритдилар. Жорий йилда зироатчиликда амалга ошириладиган барча тадбирлар биринчи галда, сув тақчиллигининг олдини олишга қаратилиши ва шу асосда дала экинлари касаллик ҳамда зараркунандаларига қарши кураш чораларини ўз вақтида, сифатли ва самарали ўтказиш лозим бўлади. 
Бироқ ўсимликларни ҳимоя қилишда кимёвий усулдан ташқари биологик кураш чораларининг ҳам ўрни алоҳида эканлигига қарамай,  биолабараторяларнинг умумий аҳволи, муайян шарт-шароити ва айниқса, тайёрланадиган биомаҳсулот сифатини ҳар доим ҳам талаб даражасида, деб бўлмайди. Ваҳоланки, сифатли биомаҳсулот етиштириш ва улар билан фермер хўжаликларини бир маромда таъминлаш чораларини ҳозирдан кўриш талаб этилади. Шу муносабат билан жорий йилда биомаҳсулот етиштириб берувчи мутасаддилар қўйидагиларга эътибор қаратсалар айни муддао бўлар эди.
Маълумки, ғўза тунлами ғўзанинг ашаддий кушандаси ҳисобланади ва унга қарши тухумхўр трихограмма яхши самара бериши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис сифатли  трихограмма етиштириш учун  ҳар бир урғочиси 30 донадан тухум қўйиши, уларнинг салмоғи 90 фоиз бўлиши, эркак ва урғочилари 1:1,5-1:2 нисбатда, яшаб қолиш даражаси 80 фоиз атрофида, вояга етган ҳашаротлар 25-29 градусда 5 кун ҳаёт кечириши шунингдек, дон куяси тухумларини зарарлаш даражаси ҳам 80 фоиз бўлиши талаб этилади.
Трихограммани кўпайтириш жарёни маҳсулотни янгилаш ва йиғиш, дон куясини кўпайтириш, капалаклари ва тухумини олиш, дон куяси тухумларини трихограмма билан зарарлаш ҳамда трихограммани қўллаш босқичларини ўз ичига олади. Трихограмма одатда ғўза тунлами тухумида янгиланади. Шу мақсадда эркак ва урғочи капалаклар 8-10 донадан шиша идишга жойланади. Капалакларнинг тухум қўйиши учун шиша идишга қатланган қоғоз солиниб, идишнинг оғзи мато билан беркитилади. Сўнгра капалакларни қўшимча озиқлантириш учун идиш қопқоғига 20 фоиз қанд шарбатига шимилган пахта қўйилади. Шиша идишлар 25-26 градусда ва 65-70 фоиз намликда сақланиб, улар ҳар куни кузатилади ва ўлган капалаклар олиб ташланади ҳамда тозаси билан алмаштирилади. Биолабораторияда кўпайтирилаётган трихограмма куз ва қиш ойларида диапауза ҳолатига киритилади. Сўнгра дон куяси ёпиштирилган шиша идиш ичига трихограмма қўйиб юборилади ва улар кундузи 25 градус, кечаси 8-12 градусда бир ой довомида сақланади. Ҳар бир линияда 1300 кг дон ғалвирда ювилиб қуритилгач, автоклавда 1,5 атм. босими остида 30-40 дақиқа зарарсизлантирилади ва ҳар бир кюветага 4 см қалинликда 25 кг дон ёйилади.
Бунда 1 кг дондан 1 грамм ҳисобида тухум олишга эришилиб, улар термостатда 25 градусда сақланади ва биринчи қурт пайдо бўлгандан сўнг кюветадаги дон устига бир текис сочилади. Тухумдан чиққан қуртлар ҳар 5 кунда 1 марта сув билан 16 фоизда намланади ва цехдаги ҳарорат 23-24 градус, ҳаво намлиги 80-85 фоиз бўлиши талаб этилади. Сўнгра орадан 15 кун ўтиб, доннинг цехдаги зарарланиш даражасини текшириш учун 500 та дон ёриб кўрилади ва улар 6 фоиздан кам зараланган бўлса, у ҳолда кузатув тажрибаси такрорланади.
Зарарлангандан сўнг 25-30 кун ўтиб, капалаклар учиб чиқади ва шундан сўнг дон кассеталар билан ситотрога цехига кўчирилади. Агарда ситотрога цехида гидротермик режим бузилса, улар тухум қўйишдан тўхтайди. Ҳаво сўрғич шкафидаги тухумлар ҳар куни йиғиштириб олинади ва улар 0,5 литр шиша идишда ёрлиқ билан таъминланади. Шундан сўнг улар 3-4 градус иссиқлик ва 90 фоиз   намликда сақланади. Капалаклар ҳар куни 20 фоизли шакар шарбати билан озиқлантирилади ва эрталаб шарбат, кечқурун эса сув берилади. Ситотрога тухумлари қорайгач, улар тозаланади, зарарлаш фоизи, сифати ва тури аниқланиб, 0,5 литрли шиша идишнинг ҳар бирига 100 грамм ҳисобида жойлаштирилиб, ёрлиқланади.
Шундай қилиб, трихограммани урчитишнинг сифатли бўлиши учун юқоридаги тартиб-қоидага қатъий риоя қилиш, ишни тўғри ва сифатли ташкил этиш зарур. Биолаборатория линияларида бир йилда 8 та циклни ўтказиш ва битта линия мавсум давомида 3 минг гектар пахта майдонини маҳсулот билан таъминлаши мумкин бўлади.

Х. БОТИРОВ,

қишлоқ хўжалиги фанлари

 доктори.                                                                                      

Мавзуга оид: