Миллатимизнинг фидоий фарзандлари АБДУЛЛА ҚОДИРИЙ

(Жулқунбой)
(1894-1938)
XX аср ўзбек миллий адабиётининг йирик намоёндаларидан бири, буюк романнавис Абдулла Қодирий 1894 йил 10 апрелда Тошкент шаҳрида туғилди.
Адибнинг илк ижоди 1913-1914 йилларда бошланган бўлиб, дастлаб у шоир сифатида қалам тебратган. Унинг «Аҳволимиз», «Миллатимга», «Тўй», «Фикр айлағил» каби шеърлари «Садои Туркистон» газетаси ва «Ойина» журналида (1914-1915) босилган. А. Қодирий мазкур шеърларида миллатдошларини жаҳолат ва хурофотга қарши курашга чақириб, маърифатпарвар шоир сифатида майдонга чиққан. Бу йилларда у «Бахтсиз куёв», «Ҳеч ким билмасин» (1915) каби саҳна асарларини ҳам ёзган. Унинг «Жувонбоз», «Улоқда» (1916) каби ҳикояларида ўз халқини саводли, билимли, маданиятли ва озод кўриш истаги сезилиб туради.
Адиб дастлабки асарларини турли тахаллуслар остида эълон қилган. Шу тахаллуслардан бири ва халқ ўртасида машҳур бўлгани Жулқунбойдир.
1924 йили Абдулла Қодирий Москвага бориб Журналистлар институтида таҳсил олди. Москвадан қайтиб, «Муштум» журналида штатсиз мухбир бўлиб ишлай бошлади. Унинг «Тошпўлат тажанг нима дейди?» ва «Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан» туркумидаги ҳажвий ҳикоялари шу журналда илк бор босилди.
Абдулла Қодирий 1917-1918 йиллардан бошлаб «Ўтган кунлар» романи учун материал йиғишга киришди. 1922 йилда биринчи ўзбек романининг дастлабки боблари «Инқилоб» журналида чоп этила бошлади. 1925-1926 йилларда «Ўтган кунлар» уч бўлим ҳолида китоб бўлиб нашр этилди. 1928 йили ёзувчининг иккинчи тарихий романи - «Меҳробдан чаён» нашрдан чиқди. Ҳар икки тарихий романда ҳам адиб халқнинг миллий мустамлака зулмидан озод бўлиш ҳақидаги орзу-умидларини ифода қилади.
1934 йилга келиб Абдулла Қодирий қишлоқ ҳаёти мавзусига бағишланган «Обид кетмон» қиссасини яратди. Шунингдек, у Гоголнинг «Уйланиш» комедияси ва ғарб ёзувчиларининг ҳажвий ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилди.
Абдулла Қодирий Амир Умархон даври ва Намоз ботир ҳақида романлар яратиш орзусида бўлган. Аммо мустабид тузум бу орзуларининг тўла рўёбга чиқишига имкон бермади. Абдулла Қодирий 1926 йилда «Муш-тум»да босилган «Йиғинди гаплар» мақоласи туфайли қисқа муддат қамалган. 1937 йилнинг 31 декабрида эса «халқ душмани» сифатида иккинчи бор қамоққа олиниб, 1938 йил 4 октябрда Тошкентда отиб ташланган. Унинг асарлари 1956 йилда оқлангандан бошлаб янгидан нашр этилди. Аслида Абдулла Қодирий истиқлол даврига келиб чин маънода ҳурмат ва эъзозга кирди. 1990 йилда Республика Президентининг Фармони билан Абдулла Қодирий номидаги Республика Давлат мукофоти таъсис этилди. 1991 йили эса Абдулла Қодирийга Алишер Навоий номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. 1994 йили - Мустақилликнинг учинчи йилида унга «Мустақиллик» ордени берилди.
Ҳозирги кунда эса бир қатор кўчалар, боғлар, мактаблар, кутубхона ва институтлар ёзувчининг табаррук номи билан аталади. Адиб номидаги Тошкент Давлат маданият институтида энг билимдон талабаларга Абдулла Қодирий номидаги стипендия белгиланган. Бу даврга келиб қодирийшунослик деган фаннинг алоҳида йўналиши янгидан ривож топа бошлади.

ЯНГИ ЎЗБЕК АДАБИЁТИНИНГ УЛКАН НАМОЯНДАСИ
- 23 июл, 13:51

Мустақиллигимиз фидойилари
- 15 июл, 11:57

Адабиёт саҳифалари
- 10 апр, 07:59