Туғилган кун ЗУЛФИЯ МЎМИНОВА

   Бугун Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Зулфия Мўминова таваллуд топган кун. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси шоирани ушбу сана билан муборакбод этади.
Зулфия Мўминова 1959 йил 15 июль куни Самарқанд вилояти Нарпай туманида туғилган. 1985 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг Филология факультетини тамомлаган.
   Зулфия Муминова таниқли шоира, ўзбек хотин-қизлари ва ёшларининг севимли ижодкори. Ўз овози, ўз мухлисларига эга шоира 11 та насрий ва насмий китоблар муаллифи саналади. Таниқли бастакорлар унинг юздан ортиқ шеърларига куй басталаган. Бу қўшиқлар Ватан, Истиқлол, Она каби энг муқаддас мавзуларга бағишланган бўлиб, телеканал ва радиоканаллар орқали, шунингдек, Мустақиллик, Наврўз умумхалқ байрамлари дастуриларида эл севган санъаткорлар томонидан ижро этилган.
   У мустақиллик йилларида, айниқса, самарали ижод қилди. Ана шу йиллар  нашр қилинган “Самога сочилган юлдузлар” (1991), “Истиқлол – олтин гулим” (1991), “Қудратли юртимга” (1994), “Ғиждувон ободдир, Ғиждивоний ҳаёт” (1999), “Никоҳ шартномаси”, “Тўйдан олдин тиббий кўрик” (2006), “Сурхоннинг муҳтарама аёллари” (2009), “Биринчи ўқитувчим” (2009), “Аёлга гул беринг” (2017), “Бир куни дарс қолдирган, бир умр пушаймондир” (2009), “Аёлга бахт беринг” (2011), “Сурхоннинг тадбиркор ўғлони” (2019), “Буюк уйғониш” (2019), “Ишқ боғида бор эдим” (2019), “Ассалом, саодат тонги” каби шеърий, бадиий публицистик китоблари мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Шунингдек, шоиранинг болалар учун ёзган “Хўроз нега учолмайди?” (1995), “Донишманд тошбақанинг кўзойнаги”, “Болаларга китоб беринг”, “Юмшоғой исмли типратиконча”  (2019) каби китоблари ҳам ўз ўқувчиларига эга.
   Зулфия Муминова 1999 йилда “Аёллар йили” муносабати билан ўтказилган республика кўрик-танловининг “Йилнинг энг фаол ижодкор аёли” номинацияси ғолиби бўлган, 2018 йилда ўтказилган “Энг улуғ, энг азиз” республика кўрик-танловининг адабиёт йўналиши бўйича 1-ўрин муносиб кўрилган.
   Зулфия Мўминованинг меҳнаткашлиги, жамоат ишларидаги фаоллиги  давлатимиз томонидан муносиб баҳоланиб, 2001 йилда “Дўстлик”, 2018 йил “Меҳнат шуҳрати” орденлари билан мукофотланган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати