Мутахассис тавсияси ПЕНСИЯГА ҚАНДАЙ ТАЙЁРГАРЛИК КЎРИШ МУМКИН?

Пенсияни режалаштириш - бу мунтазам кўриб чиқишни талаб қиладиган ҳамда фуқаролар ўзларига қулай 
ва молиявий барқарор кексаликни таъминлаш учун имкон қадар эрта ҳаракатни бошлаш керак бўлган жараёндир.
Яъни, бугунги кунда кўпчилик фуқаролар ўз келажакларига эътиборсиз қараб, пенсия ёшига етганда афсусланиб 
қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Бу иш стажини талаб қилинган даражада етишмаслиги, ойлик маош 
миқдорларининг камлиги ва ҳоказолар билан изоҳланади.
Пенсияни режалаштириш молиявий режалаштиришнинг асосий жиҳати ҳисобланади. Бу фуқароларга нафақат
кексаликда молиявий ёрдам беради, балки келажакка ишонч бағишлайди.
Хўш, пенсияни қандай самарали режалаштириш мумкин? Бунда нималарга эътибор қаратиш лозим?
Биринчидан, фуқаролар доимий иш стажига эга бўлиш учун расмий даромад келтирадиган корхона, ташкилот ёки
муассасаларида меҳнат шартномасига асосан фаолият юритиши керак.
Иккинчидан,  норасмий равишда меҳнат фаолияти юритаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган ҳолда мунтазам
равишда ижтимоий солиқларни тўлаш орқали иш стажига эга бўлиб бориши лозим.
Учинчидан, пенсия қонунчилигига оид маълумотлар билан мунтазам равишда танишиб бориш, киритилаётган ўзгариш
ва қўшимчалардан хабардор бўлиб бориш.
Тўртинчидан, расмий равишда олаётган иш ҳақига эътибор қаратиш. Бунда, пенсия ёшига етгунга қадар охирги
ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги ойлик иш ҳақларидан пенсия ҳисобланишини инобатга олиш.
Бешинчидан, рақамлаштириш даврида яшаётганлигимизни ҳисобга олиб, фуқаролар ўз иш берувчиларидан ўзларининг иш стажи тўғрисидаги маълумотларини рақамлаштиришни талаб қилишлари, меҳнат фаолияти юритмаётган фуқаролар эса Бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчаларидаги маълумотларини рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилишлари лозим. Бунда, ўзларининг маълумотларини ONE-ID орқали кўришлари мумкин.
Юқоридаги маълумотлар асосида фуқаролар ўз меҳнат фаолиятларини олиб борган тақдирларида пенсия ёшига етганда уларнинг қилган меҳнатлари эвазига давлат томонидан молиявий таъминланиш кафолатланади.
Бахтиёр НОРҚУЛОВ, 
Пенсия жамғармаси туман бўлими бошлиғи.