«ЁЗУВЧИ»

Ҳикоя

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)

Жувон эрига итоат остида,  уйи томонга икки қадам юриб, яна тўхтади, ортига бурилиб, баттарроқ тутоқди:

- Йўқ, нимага ўзи бу аёлга ҳеч ким чора кўрмайди. Жувоннинг овози яна баландлашди, бармоқларини санаб давом этди,- ҳокимам, прокурорам, мелиса, “маҳаллаям”,- деганда ҳижолат аралаш эрига яна бир ялт этиб қараб қўйди, - ҳа-а-а-ммаси шу хотиндан қўрқади. Ҳеч ким пишагини “пишт” демайди. Унинг аризасини ҳамма ташкилот кўриб чиқади, бизникини   йўқ.   Ё, худо, “ёзувчи”лар  шунчаям авлиё бўлдими бу замонда?  Биласизми, сабаби нимада? Раҳбарларнинг  ҳаммасининг кетида “хоми” бор!...  

- Бўлди, бас қил, гапинг тугадими, уйга кир,- деди оқсоқол енгар ҳаққига ўнғайсизланиб.

Жувон Самар томонга бир қараб, истар-истамас уйига кириб кетди, унинг оғир қадамларидан ичида ҳали жуда кўп дарди борлиги билиниб турибди. Самарнинг аёлга раҳми келиб кетди “Янга, хафа бўлманг,  ҳали ҳаммаси яхши бўлади” деб юпатмоқчи бўлди-ю, ўзининг ҳозирги аҳволи эсига тушиб индамай қўя қолди. 

Янганинг ҳасратлари қулоғидан кетмай туриб, оқсоқолнинг телефони жиринглади. Раис телефонга қарадида, ўрнидан даст турди ва ҳовли томонга юриб, ўртада михланди.

- Тушундим... тушундим, ҳоким бобо. Фамилиясини...  ёзмасамам танийман, уйиниям биламан...йўқ, эсимдан чиқмайди...бирга борамиз. Хўп, хўп.  

Ҳали маҳаллакомнинг сўзи тугамасдан, миршабнинг телефони “қўқ”қиллади, унинг кўзлари ЮТБ каналидан берилаётган лавҳалар ва маълумотлардан мошдек очилиб кетди. Тасвирда ола-тасир ҳаракатлар, Маҳаллаком билан Самарнинг Ановни маҳкам тутиб ураётгани, “Вой-дод, ёрдам беринглар, мени ўлдирмоқчи, машинани устимга ҳайдаяпти”- деган овоз аниқ ҳамда ваҳимали янграяпти. Бошидан қон оқаётган аёлни милиция ходими қўлини орқага қайириб, мажбурлаб, куч ишлатиб, махсус хизмат машинасига тиқаётган ҳолат даҳшатли мусиқалар фонида  тасвирланган. Орада Самарнинг шофёрга қараб чалган ҳуштаги такрор-такрор қўйилган.  Яхшигина “ўлжа” топган блогерлар эса, яшин тезлигида “поделица” қилиб, бу воқеани бир лаҳзада дунё интернетига тарқатиб улгуришибди. Самар “коммент”ларда ёзилган, луқмалар, қарғишлар, ҳақоратларни ўқир экан, охирига етолмади. Кўзи тиниб, боши айланди.      “Ҳа, ҳақиқий кураш майдонига тушдим.  Бу майдонда ғолиб чиқишнинг чорасини, бирор чорасини топ, топ, Самар”- деди ичидаги  ғолиб ун ва бирдан-бир гувоҳи ҳамда қаҳрамони оқсоқол ёнида эканлиги унга куч бағишлади:

- Шу аёлнинг ҳозир сизда нечта аризаси бор? Ҳаммасини беринг? Самарнинг хаёлида шу хатларда жабрланганлар билан бирма-бир учрашиб, Ановнинг ҳақиқий башарасини очиш режаси туғилди.

- Мана, Тошкентдан келгани бир ҳафтада олтита, вилоятдан 8 та, туман ташкилотларига ёзгани 15 та, ҳаммаси шантаж: эрим йўқ, уйим йўқ (уйини қизининг номига ўтказиб олган) пул сўраган, ёлғизман деб уй сўраган, камбағаллар рўйхатига киритасан, нафақамни оширасан..., маҳалладан иш топиб бериш, посбонни ишдан бўшатиш, хотин-қизлар мутахассисини алмаштириш, котибга чора кўриш... маҳаллакомни қайтадан сайлаш... буни талаби тугамайди. Булар фақат  маҳаллага тааллуқли ёзилган аризалари. Бошқа ташкилотларда ҳам  минглаб... қўлини силтади оқсоқол. Бошқаларнинг номидан ёзганларни-ку сўраманг... 

- Бошқаларнинг номидан ҳам ёзадими?

- Ҳа-да, бемалол қалбаки имзони ҳам қўйовради, судга берганингизнинг бефойдаси йўқ. Судлар бирор чора кўришмайди, ички ишлар бўлимимиз Ановга тегишли ишларни бошқа туманга ўтказиб юборади, сарсонингизни чиқаради. Қўшни туманларнинг ҳуқуқ органлари  ҳам ўрганиб  қолишган, Анов тўғрисидаги шикоятларни “ҳақорат, жиноят аломатлири йўқ” деб, ими-жимида ёпиб юбораверишади.  Ўзи ёзгани етмагандек, бошқаларга ҳам шикоятини мўлжалга урадиган қилиб ёзиб беради, ёзганига фалон сўм, агар аралашиб ҳал қилса, алоҳида  ҳаққини олади. Ҳозир фуқаролар раҳбарлардан кўра ана шунақа “ўртакаш”ларга  мурожаат қиладиган бўлиб қолишди. 

Афсуски, ишлаш ўрнига нуқул шикоят ўрганиш, ёпиш билан оворамиз. Бунга ўхшаган боқимандаларнинг қайси бирини тўйғазамиз. Нуқул, “давлатнинг пули, давлатнинг пули” дейишади. Давлатнинг эмас, халқнинг пули бу. Пешона тери билан топган пули, халқнинг давлатга берган солиғидан бу пуллар, ахир. Моддий ёрдам, ёки, нафақа чиқмайди деб қонуний  жавоб берсангиз,  “пора сўраяпти” деб ёзади. Хуллас, ҳамма ёқ ёза-ёз!   Нуқул “хат ёп, тушунтириш хати ол, расмга туш”, тушунтириш хати ёзиб беринг, расмга тушинг деб Анов-хонимларга ўхшаганларга эланамиз. Ҳамма ёқ расм, қоғоз, кўзбўямачилик... Биров-бировимизни алдаймиз,  ишонмаймиз. Ишлаш қийин бўляпти, ука! Айниқса, пандемияда бунақалар кўпайиб кетди. Мана ҳозир бугунги воқеанинг видеосини  тарқатган одамни топиб келтир деяпти ҳоким бобо. Ҳозир ярим кеча бўлса, уйига бориб, блогерни, ё, Ановнинг қизини чақириб кўрингчи, “Ҳокимингни ўзи келсин” дейди, ё, ярим кеча уйимга бостириб келди деб мелиса чақиради, ё, девонга ёзади. Ҳамма закунчи, биз чақимчи. Янгангиз кўп айтади, кетайлик шу ердан, бу аёлдан ё кўчиб қутуламиз, ё, ўлиб... дейди. 

Оқсоқол бир оз тин олди. Ёшгина Самарнинг юзидаги қатъият ва оқсоқол бўла туриб ўзининг сўзларидаги нолишномалардан уялиб кетди шекилли, лунжини шишириб, қизариб турдида, шундай деди: Кўчмаймизам... ўлмай-мизам... Яхшиси ишламайман. Ишламасам эркин бўламан, энди шу аёл билан бир ёқли бўлмасам бўлмайди. Пичоқ суякка қадалди. Бу нима шармандалик, “судланган” деган тамғани олганим етмагандай,  олтмиш ёшимда ЮТБ га чиқиб, босқинчи отини олсам-а?!  

Оқсоқолнинг қатъий сўзлари ва  қиёфасидаги равшанликни кўриб ва  хонтахтага  туширилган муштнинг зарбидан  Самарнинг кўнгли бирдан ёришиб кетди, кўксига салқин шамол урилгандай, ичидаги оловнинг тафти ёқиб, дардига даво топилди. 

- Яшанг, раис бобо, бормисиз, демак, мана шу ишга гувоҳлик берасиз, мен томонда турасиз, а?

- Албатта, бу ерда сизнинг ҳеч қандай гуноҳингиз йўқ, биринчи марта сиздек миршабни кўришим, ишингизни астойдил бажардингиз. Бошқалари ҳў-ў, бир чақиримдан қочар эди, келсаям жанжалдан кейин, ақл ўргатишга келарди. Гап битта, ишламайман. 

- Нега ишламайсиз, гувоҳлик ишингизга ҳалақит бермайди.

- Катталар қўймайди, раҳбар одам оддий фуқаро билан суришиб, судма- суд юриши ҳокимиятнинг обрўсини тўкар-миш. Гап ундамас, биламан, гап Тошкентдаги куёвда, ундан қўрқишади булар. Тўғри ўшанга бораман.

- Тошкентлик куёвига ишониб,  Ановхонимлар кучайиб кетди дейсиз-да, киноя қилди миршаб,- қонун олдида  ҳамма тенг ҳуқуқли, оқсоқол. Судлашамиз.  Келинг, ишни ҳозирдан бошлаймиз...

Оқсоқол билан миршаб  маҳалла ҳал қилиши керак бўлган барча шикоятларни  ўрганиб, салбий, ижобий жавобларини белгилади. Деярли барчаси туҳмат, бўҳтонлардан иборат шикоятлар, ёзувлар, ҳуснихат бир хил. Талаб: “Вазифасига нолойиқ, ишидан бўшатинг, чора кўринг?” 

- Демак, мени ҳам тўғри вазирликка ёзади, вазифамга нолойиқ, ишдан кетишим керак, жазо олишим керак шундайми?

- Шу билан қутилсангиз жон денг, лекин энди бундай бўлмайди, ҳиқилдоғимга келди, янгангизни ҳам кўрдингиз ҳолини, элга аралашолмай қолдик. Ишимданам кечдим. Сиз маҳкам турсангиз бўлди. Иштихонлик Самад майорнинг ўғли экансиз

- Қаёқдан билдингиз?

- Суриштирдим, Самаджон бизда “начальник” пайтида, кўп ишимиз тушган. У киши туманимизда ишлаган пайтда ҳамма иш жой-жойида, мелисага одамларнинг ишончи, ҳурмати  кучли эди. Ҳақиқат ўз вақтида қарор топарди. Анов  ўша вақтда ҳам отангизнинг устидан шикоят хати ёзавериб жонига теккан эди. У киши кетди-ю, ишлар расво бўлди, гап шаллақилар, боқимандаларники бўлди қолди. Ўша пайтлар онангиз газетамизда ишларди, ажойиб журналистимиз эди.  Бугун келган эди маҳалламизга, Ановнинг қизини чақириб бердим, иккаласи шифохонага кетишди, кўрмадингизми?  

- Йўқ, кўрмадим.

Самар шу ондаёқ, ҳамшира қизнинг гапини эслади, демак, ўша аёл онам бўлган... Наҳотки, онам коптивачи  билан Ановнинг олдига борган бўлса... мен онамни шу аёлга ёлворишга мажбур қилдимми? Самар юрагидан ўтаётган ғалаённи оқсоқолга сездирмасликка ҳаракат қилди.

- Отангиз олийжаноб инсон. Ўша инсоннинг фарзанди бўлганингиз учун сизга ишондим. 

Самарнинг қалбида умид учқуни порлади, бу биринчи иш кунидаги биринчи шуъла эди. Битта учқун топилса, ундан аланга яратиш мумкин, тўғриси,  онасининг ташрифи ҳам унга куч бера бошлади. Самар Ановнинг исми шарифини аризалардан билиб олди. Оқсоқолни эртага туман ички ишлар бўлимига  бориши ва шикоят аризаси ёзишини тайинлаб, ўзи ҳам бўлимга  жўнади. Демак, Анов, худди, отамни вазирликка ёзгандек, мени ҳам устимдан шикоят ёзади. Шак-шубҳасиз, лекин бу сафар ғалаба уники  бўлмайди.  Самар Сардор оқсоқол билан хайрлашиб, машинага минди-ю, тўғри бўлимга етиб келди.

Бомдод номозига айтилган азон шаҳарчани эзгуликка чорлаётгандек янгради. Ичкарида навбатчи командир пинак қиляпти.У Самарнинг қадам товушидан уйғонди.

- Ҳа, қаҳрамон, биринчи куннинг ўзидаёқ қовун туширдинг-ку. Уйига обориб ташла десак, балнисага элтибсан? Энди бу ёғи “вада-ванг”...!

- Илтимос, компьютерда озроқ ишим бор, жойни бир пасга бериб туринг.

- Хўп, герой, хўп.

Давоми бор.

Ойгул МАМАТОВА.

Мавзуга оид:
«ЁЗУВЧИ»

«ЁЗУВЧИ»

  • 29 окт, 14:00
«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

  • 23 окт, 11:19
«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя

  • 15 окт, 12:41