«ЁЗУВЧИ»
Ҳикоя
(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
Машина бир пасда бояги фалокат юз берган остонага етиб келди. Маҳаллаком ҳам ухламаган экан, куттирмай эшикни очди.
- Кечирасиз, безовта қилдим ярим кечада, - деди Самар оқсоқолга.
- Келишингизни билиб кутиб турувдим. Ухламай ўрганиб қолганмиз, ука.
Иккала ҳамсуҳбат дарвоза айвонидаги чорпояга ўтиришди. “Қанийди бир пиёла иссиқ чой бўлсайди”, деган хаёл Самарнинг миясига урди. Шундагина у юраги ёнаяпти-ю, танаси, қўллари музлаб бораётганини сезди. Вужудида иссиқ ва совуқ ҳаво, сув билан олов, ҳақиқат ва туҳмат, яхшилик ва ёмонлик худолари аёвсиз жанг қила-ётгандек, бир умиди оқсоқолнинг ёрдамида эди. Шу ўй билан унга бир зум тикилиб турди. Раис беихтиёр сўз бошлади:
- Ишни ташлай десам, маҳалла-куй, ҳоким “ишла” деб қўймайди. Бу эса, “ишдан бўшатилсин”,- деб ёзгани ёзган. Мана шу отамиздан қолган уй. Икки ака-ука, бир сингил эдик. Акамиз – Ановнинг эри, ота-онамиз борида уларга бир кўча нарида каттагина иморат қуриб, кўчирдик. Ота-оналар кетди, сўнг акамизни ҳам Оллоҳ кўп кўрди бизга, битта қизи етим қолди. Акам оламдан ўтганига ўн йил бўлди, аввал ҳам, ҳозир ҳам мана шу жанжал. Акам айбини ёпиб юраркан буни. Шарманда бўлдик. “Уйда эримнинг ҳаққи бор, мен меросхўрман”,- деб жонимиздан тўйдирди. Улушингни пулда берайлик десак, йўқ, “бузиб оламан” дейди, мен розиман, менга мана шу ер, тупроқ қолса бўлди, уй солиб оларман дедим, лекин, бунга синглим, қариндошларим кўнмади. Бу аёлни ёзишдан, иғводан қайтарадиган бирор инсон, на бир ташкилот, на бир қонун йўқку, мени, маҳаллани қўйовринг... туманда тинчлик йўқ. Айтинг, бирор камчилиги бўлмаган инсон, ё, раҳбар борми? Беайб парвардигор! Бу фақат одамлардан камчилик излайди, бошқа иши йўқ, ёзгани ёзган, ёзгани майли, унинг ҳуқуқи, лекин, адолат учун ёзсин, пул учун эмас, манфаат учун эмас. Қонунийми, ноқонунийми, ишини битирган раҳбар яхши бунга. Акси бўлсачи, ё, молидан кечади, ё, ишидан, ё, сўнгги чораси жонидан кечиб қутулади бундан.
- Маълумоти қанақа бу аёлнинг,- оқсоқолнинг таърифидан таажжубланиб сўради Самар.
- Ҳеч жойда ўқимаган. Яхшиям ўқимаган экан. Бу гапга Самар ҳам қўшилиб, иккаласи бир-варакайига айтгани учун, қисқа ва ғалати кулгу туғилди. Шу пайт патнисда бир чойнак чой, иккита пиёла ва қанд-қурс кўтариб янга келди. Самарнинг бояги жанжалда бу аёлга бирров кўзи тушган эди, дарров таниди. Анов бу аёлни ҳам бўралаб ҳақорат қилаётганини эшитганди. “Сен бузуқсан, қизинг ҳам. ... Оиламни буздинг, эримнинг бошини единг” деганлари қулоғига чалинган эди. Самар янгани кўриб, аканинг ёнида бироз ҳижолат тортди. Янга икки пиёла чойни узатиб бўлгач, ёндаги кўрпачага ўтирди.
- Сен бориб дамингни олавер, - деди оқсоқол хотинига.
- Мениям айтадиган гапим бор, дадаси, бу киши янги экан, балким, Ановга бас келар...
Жувон бирданига пиққиллаб йиғлаб юборди. Рўмолининг учи билан юзини яширди.
- Худога солганман овсинимни, менга туҳмат қилди, раҳматли қайноғам врач эди. Мен ҳамшираси бўлиб ишлардим. Мени қайноғамга раво кўрди. Қайноғам бош врач бўлди, “Эримнинг ўйнашисан, пулини олиб, бой бўляпсан”, деб баттар жанжал қилди, шифохонага пойлаб, бораверди, ёзаверди... Охири, бечора акам комиссиялар келуви, текширувлардан безор бўлиб, ишхонаси тинч бўлсин, ходимларим қийналмасин деб мени ишдан бўшатди. Туман жамоатчилиги, ҳожи ота, ҳожи оналар йиғилиб, менга насиҳат қилишди, ишдан бўшашим учун ўз ихтиёрим билан ариза ёзишга кўндиришди. Анов “шифохонада, эримнинг ёнида ишламаса бўлди, кейин тинч қўяман” деб жамоатчи оқсоқолларга ваъда берди. Мени ишдан бўшатганидан сўнг бу шайтон баттар шайтонлади. Жамоатчиликнинг ҳам , оқсоқол ва ҳожиларнинг ҳам юзига оёқ қўйиб, уларнинг насиҳатларини бир тийинга олмади. “Бузуқлиги исботланди, шунинг учун раҳбарлар овсинимни ишдан бўшатди, улар ўзаро тил бириктириб, оиламни бузди”,- деб, мени ҳимоя қилган ташкилот раҳбарларининг устидан бирма-бир шикоят хатлари ёзаверди, уларни ҳам ишдан бўшатаверди. Ўзи эса, судхўрлик қилиб, эрининг топган пулларини, долларларини фоизга одамларга бериб, баттар қутурди. Судлашмаган одами қолмади, умри судларнинг эшигида ўтди, қози-тозини кўравериб юрист бўлиб кетди бу. Қайноғамнинг вилоятда, туманда юргилиги қолмади, қон босими ошиб, ўлиб қутулди бундан, мен ҳалиям қутулмадим, орадан ўн йил ўтди, ҳалиям ишга киролганим йўқ. Иш сўраб борган куним қаерда бўлмасин ортимдан етиб боради, билмайман қандай билади бу. Бош врачнинг қабулига кириб “Бу жой одамлар дардига шифо топадиган, покиза жой, бунақа ҳаромилар, бузуқлар ишлайдиган жой эмас, бу ифлос бутун балнисани вақтида булғаб расво қилган, энди бунга йўл қўймайман” деб жанжал қилиб, шифохонани бошига кўтаради. “Минздрав”га, “Облздрав”га кетма-кет юмалоқ хат юборади, бечора дўхтирлар пул йиғиб, бир бало қилиб комиссияларни тинчитарди. Кейин улар мендан шифохонада кўринмаслигимни илтимос қилишди. “Балнисага келманг опа, сизни шу ерда кўрмасин Анов, яна ёзади”,- деб ёлворишди. Ҳатто, бош врачимиз бир йилларга қадар ёнидан маош тўлаб, қарашиб турди. Мана шу аёлдан қўрққанидан, “кўчага чиқманг, иш изламанг, унинг кўзига кўринманг” деб ўзи ва ҳокимнинг номидан илтимос қилди. Ёш болам бор эди, бир йилгача берган пулларини олдим, кейин “рад” қилдим, ишламай, уйда ўтириб текин пул олишга виждоним қийналди.
Наҳотки, туманимизнинг ҳокими, катта-катта раҳбарлар шу аёлдан қўрқиб, унинг исқотига ўз чўнтакларидан товон тўласа-я?! Қаёққа боряпмиз ўзи?! Хотин-қизлар раиси бир кун уйимизга келиб, ярим халта ун билан бир кило ёғ бериб кетди. Бу мен учун ҳақорат-ку! Тўрт мучам соғ бўлса, менга иш керак! Садақа эмас!... Мана ҳозир ҳам ишсизман, туманда ҳеч ким мени ишга олмайди, ҳамширалик, қишлоқ врачлик пунктини қўяверинг, ҳатто, жамоатчилик асосида кўчадаги ободончилик ишларида фаррошлик қилишимга ҳам қўймади. Очиқдан очиқ: “Сен менинг оиламни буздинг... Эримни ўлдирдинг. Ишлаш тугул, яшатгани қўймайман, ўзингни ўзинг ўлдиришга мажбур қиламан”,- дейди. Қаерга иш сўраб борсам бўлди, ўша раҳбар билан жанжал қилади, устидан ёзади. Ўзим етмагандай қизимни ҳам оиласини бузди. Куёвимнинг уйига бориб, қайнона-қайнотасининг олдида “сен бузуқнинг қизини олдинг”, деб маҳалласига шарманда қилди. Қизим ҳам ҳамшира эди, уйга қайтиб келди уни ҳам ишлатмаяпти, Бу кишиниям ишлагани қўймайди... Ишонасизми, ўзини-ўзи пичоқлаб, мана шу акангизга туҳмат қилди, икки йил қамалиб келди, нима кунларни кўрмадим мен... Жувон йиғидан бўғилиб қолди. – Дадасига шу уйдан, шу тумандан чиқиб кетайлик десам, кўнмайди...
- Бас қил, бешта бола билан бегона жойда, ижарада яшашни ўзи бўладими? Қаерга борсанг ҳам, додингни мана шу тўртта девор кўтаради, Бошпананг бўла туриб қайга чиқасан? Бунгаям бир боққан бало бордир?
Самар аёлнинг кўз ёши, эр-хотиндаги тушкун аҳволни кўриб баттар ғазаби ошди, ич-ичидан бир нидо келди:
- Тавба, наҳотки... Бундай ҳақорат, туҳматларга чидаб ўтираверасизлар? Мен бир кунлигини ҳазм қилолмаяпман, сизлар бир неча ўн йилдан бери-я? Хотин-қизлар ташкилотининг кучи ярим халта унга етдими? Зўравонликка қарши кураш, гендер, ҳимоя, ордери деб дунёга жар солишяпти-ку?! Аёлни аёлдан ҳимоя қилолмаган ташкилот, зўравон эрлардан қандай ҳимоя қилади? Битта аёлни, битта оилани ҳимоя қилолмаган ташкилотнинг нима кераги бор туманга?
- Ҳаммасига бордик, кўрдик,- деди жувон қўлини силтаб, - хотин-қизлариям, ички ишлариям, прокурор, ҳоким, хавфсизлик, манави маҳалласиям бир тийинга қиммат, битта шаллақини эвини қилолмади. Ҳаммасидан кўнглим қолди, ҳеч қайсига ишонмайман, улар бу хотиндан ўзларини ҳимоя қилолмайди-ю, менга йўл бўлсин.
Самар жаҳл билан ўрнидан турди, жувон ҳам, оқсоқол ҳам, улар тик ҳолда юзма-юз бўлишди, жувон йиғи аралаш яна жавради:
- Қуриб кетсин бунақа яшаш, бирор кун тинчлик йўқ. Уйга келмаган куни судга чақиради, гўрга чақиради. Ука, қўлингиздан келса, Тошкент-пошкентда дурустроқ танишингиз бўлса, шу тентакни бир тинчитиб беринг. Мени айтди дейсиз, савобга қоласиз, халқ сизга раҳмат айтади, раҳбарларам, мелиса, прокурор, судлар, одамларам тинчийди. Ҳамма ҳақиқат борлигига ишонади.
Давоми бор.
Ойгул МАМАТОВА.
«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя
- 23 окт, 11:19
«ЁЗУВЧИ» Ҳикоя
- 15 окт, 12:41