Т А Қ Д И Р Ҳ А З И Л И Қисса

(Давоми. Бошланиши ўтган сонларда)
У шошилиб кўчага отланаётган эди,  хотини:
- Дўппингизни киймайсизми? Бир туки йўқ бошингизни қуёш жазирамаси чалиб кетмасин, тағин, - деб ярми ҳазил, ярми меҳрибончилик қилди.
Норпўлат хотинига қайрилиб қиё боқар экан. "- Ҳазиллаш, ҳазиллашавер, хотин. Бу ҳазилингга бир карра йиғлаб берасан, ҳали", - дея жилмайиб кўчага отланди.
Норпўлат телефонидан кимгадир гапирди.  Гўшак уч марта чақирув берди. "- Ҳа -а!" деган жавоб бўлмади. Қайта чақирув жўнатди, кимнингдир.
-"Да -а", эшитаман! - деган бўғиқ овози эшитилди. Телефон гўшаги баланд овозда эди, эшитмаганлар қолмади. 
- Акбар қаердасан, биродар?
- Кўчада! Нима эди?
- Бўшмисан, тезда етиб кел! Зарур иш чиқиб қолди.
- Жойингиздан жилмай туринг, ҳозир етиб бораман.
- Шундай қил, жигар!
У Акбар ҳақида йигитга ниманидир тушунтирмоқчи.
- Бу бола  синфдошим. Жуда содда одам. Ёш боланинг гапигаям ишониб кетаверади. Кўнглида гина сақламайди. Мактабда "аъло"- чи эди. Лекин, ўқишга бормади. Колхозда узоқ йил тракторчилик қилди. Хўжаликлар параконда бўлиб тарқаб кетгач отасининг лағари "Москвич" - 412 машинасини наридан бери таъмирлаб киракашлик қилди. Ҳозир "Нексия"да. Отаси Қўзимурод ота одамато инсон. Колхозда бир умрга пахтачилик бригадасини бошқариб келган. Ҳар йили ошиқлари олчи келиб, давлатга пахта тайёрлаш режаларини ортиғи билан бажариб келган. Бригадага илғорлиги учун "Кўчма қизил байроқ" берилар эди. Байроқнинг орқасида эса турли-туман мукофотлар эгасини кутиб турарди. Байроқни қўлда сақлаб туриш учун даладагилар жон-жаҳдлари билан меҳнат қилишарди. Қўзимурод ота бундай байроқни бир неча бор кўлдан бермай келган.
Акбарнинг даврида замон ўзгарди. Отамдек бўламан деб юз гектар ер олиб деҳқончилик қилиб кўрди. Ишлари ёмон кечмади. Аммо ҳоким бобонинг зуғуми қаттиқ  келди. Давлат еридан хуфёна тарзда томорқа сотишлар авж олиб кетди. Бу корчалонликлар тепасида Ҳокимбобо қиличини яланғочлаб турар экан. Ҳокимбобо бу улушдан кимгадир инъом этса керакда. Аммо, бунга Акбарнинг виждони йўл қўймабди. Иккиси айтишиб қолибди.
- Режани бажариш зиммангдаги мажбурият. Бундан ташқари...
- Менинг отам қирқ йил бригадирлик килиб, давлатнинг бир қарич ерига хиёнат қилмаган. Отам менга: "- Ўғлим мабодо бо- шингга давлат қуши қўнса ерга даллоллик қила кўрма.  Ер - Оллоҳнинг мулки. Болаларим,  нафсларингга жуда эҳтиёт бўлинглар, - деб ўгит айтганлар. Мен илло-билло сиз айтган йўлдан юролмас эканман.
- Отангни эртаги ўзингга сийлов. Ҳозир бу матални давр кўтармайди. Маталингни болаларинга сўзлаб бергину, ишни топшир. Ўргилдим, сендақа маталчидан...
- Менга бир варақ қоғоз беринг, шу сонияда сиз билан ҳисоб-китобимни қилганим бўлсин. Ҳақ йўлида тиланчи бўлиб кун кечирганим бу салтанатингиздан минг чандон устин.
- Аризангни бер-у, тезда бу даргоҳдан қорангни ўчир!
- Хў-ўп бўлади, ҳокимбобо, - дея бу бало -ю, азимдан қутулганига шукрона қилиб орқаси билан юзланиб чиқиб кетибди.
Акбар ана шу кўнгилсизликдан сўнг ҳокимнинг ҳашаматли биноси олдидан ўтадиган бўлса, юраги ўйноқлайдиган бўлибди. Ҳа-а, ўғлим! Одам боласининг феъли ўзгарувчан келади. Ҳоли қарайсан, ҳали қарайсан... Баъзилар ишлаб чиқаришдан кўра олиб сотишликни, бирни минг қилишни одат қилибди. Бу йўллар қачонлардир барҳам топар. Лекин унгача... инсон тарбияси-чи? Нима бўлар экан?!.. Дарё тошқини қирғоқни ўпиради, мол-дунё ҳирси одамни ўлдиради.
Норпўлатнинг қизиқ феъли бор. Дўст- душманни унчалик фарқлаб ўтирмайди. Тўғри келса аямасдан палахмон тошидек гап ирғитади. Ҳозир у ўғли билан гўё дўсти билан баҳслашиб сўзлашаётгандек эди. Ўғли отасининг сўзларини берилиб ими- жимида маъқуллаган кишидек бош ирғиб қўярди.
Машина қанотини йиғиб олган қушдек секин тўхтади. Ҳайдовчи ойнадан бошини чиқариб:
- Жанобга саломлар бўлсин! Қаерга йўл тортасиз? Хизматизга улов шай! - деди ўзини ҳазилдан тиёлмай. - Сенга беш кетаман Норпўлат. Ўғилларингни ҳаммаси ўзинг-га ўхшайди, қуйиб қўйгандек. Мана бунисиям ўзинг. Қойил-е, қойил!..
Акбар бу йигит билан Норпўлат ўрталаридаги кўнгиллар тўқнашувидан ҳали бехабар эди. У иккисини чойхона олдига тушурди-ю, узрини айтди.
- Жон деб ўтирардиму, аммо уйдагиларнинг увол-савоби менинг бўйнимда. Ўзинг биласан, шугина уловим билан оилага ризқ улашаман.
- Иккита ўғлингни топиши ёмонмас-ку?..
- Э-е, ўртоқ! Бир ота-она ўнта болани тўйғазади. Аммо ўнта бола бир ота-онани тўйғазолмайди, - деган матални эшитганмисан? Ўз араваларини оқсамай тортиб юришсаям бошимиз осмонда, - дея тулпорининг жиловини қайириб хайр-хушлаб қолди.
Улар хайрлашишди. Акбар машинасини сўлга буриб жуфтагини ростлаб колди. Чойхоначини Ориф чаққон деганларича бор. Оппоқ яктак эгнида, белини шойи белбоғ билан боғлаган. Бошида қалампиргул қўқон дўппи. Қотмадан келган эмас-ми, ёшлардек чаққон-чаққон хизматда. Ўз касбининг фидо-йиси. Баъзан туннинг алламаҳалигача чой-хўрлар базми давом этади, шу ерда тунаб қолади. Орқасида кимдир парвона. Хотини Дилором опа ростакам эрпарвар аёллардан. Эрини оқ ювиб, оқ тарашининг ҳақиқий ишқибозлари. Ишдан келиши билан кийимларини шу ондан алмаштириб,  ювиб-дазмоллашни биринчи ўринга кўяди. Шундай пари-пайкар жувон билан апоқ-чапоқ турмуш гузаронлик қилиб келаётган Ориф чаққон бир умрга дўпписини осмонга отмай нима қилсин?!.. Бундай чиройли бахтга ҳамма эриша олса?.. От билан хотин йигитнинг бахти, - деб бекорга нақл қилишмаган ота - боболар.
- Ориф чаққон!, -  дея овоз берди Норпўлат. Ичкаридан тезда овоз бермагач такрор чақирди, у.
- Ким-у, чақираётган? Келаверинглар,  марҳамат!
Норпўлат ўғли билан чойхона эшигини очиб ичкарига кирди.
- Мен иш устида эдим. Чиқиб кутиб олмаганимдан хижолатда қолдим. Телефон қилганингдан атайлаб бир хонани хизматингга шайлаб қўйганман. Ўтинглар! Фақат иккалаларинг -ми, ёки меҳмонларнинг орқаси борми?
- Олдиям ўзимиз, орқасиям ўзимиз.
- Ўғилларинг  ўзингни копиянг. Нақадар ўхшаш чеҳралар... Бунингни исми нима?
- Баҳромжон!
- Бунингни энди кўришим.
- Э -э дўстим!  Дунёнинг ўйин ишлари кўп. Қисмат ҳазили эса ўз ҳукмини ўқийверар экан...
Ориф чаққон Норпўлатнинг бу сўзидан ҳайратланиб лабини чўзиб деди:
- Сен, салкам олим одамсан. Ўқидинг, ҳаёт муаллими бўлдинг. Қанчадан-қанча дарё кечиб, тўпиғини сув ўпмади, холос... Мен эса қанчалар чиранмай дунёни сенчалик мушоҳада қилолмайман. Бор йўғи чойхоначи. Умримни ана шу оппоқ чинни чойнак ва пиёлаларнинг шалдир-шулдири билан ўтказаяпман. Синфда "аълочи"лар сафида бўлганим  билан бу ёғда пешонага ёзилмаса бир нарса сабаб омад орқага ўзини ташлар экан. Мана биттаси мен, ўз мисолимдан олиб гапирадиган бўлсам худди шундай...
- Кўпам ўксинма, ўртоқ! Ҳар кимнинг ризқ -насибаси ҳар жойда, каптар каби тергилаб,  умргузаронлик қилади. Кимнидир зар олтинга ўрайди-ю, бир томондан қисиб қў-яди. Бойлик бўлиб, соғлик бўлмаса, кўзингни жовдиратиб турган зеб-зийнатлар ҳеч кимга вафолик килмаган. Бир донишманд: "- Кам берсанг бергину, асло ғам бермагин" - деб нола қилган экан. Масалчиларнинг Эзоп деган улуғи:  - Пулинг кўп бўлса қувонма, кам бўлса куюнма"  деб ҳикмат қолдирган экан.
- Ҳа-а, дўстим, донишмандлар бекорга ҳикмат қолдирмайди. Улар умрлари давомида ҳаёт ҳақиқатларини адолат тарозисига минг бор ўлчаб, сўнг сўзлаганлар. Шунинг учун ҳам уларнинг номлари башарият узра асрлардан-асрларга интилиб, руҳиятга улуғворлик бағишлайди.
- Чойхоначилик ҳам яхши касб. Эрта саҳардан ширин уйқунгдан воз кечиб, самоварга шошиласан. Бозор йўрғалаб, чойхўрларни иссиқ нон, қатиқ-қаймоқ, асал-новот билан кўнглини олишга югурасан...
- Ҳа-а,  рост айтасан ўртоқ! Аслидаям бу югур-югур дунё. Югуриб елмасанг ҳеч ким сендан ҳол сўрамайди. Илгарилари инсон қадри бошқача бўлган. Ҳозир-чи, ҳозир!.. Баъзи бировларнинг қадрсизлигини кўриб тутақиб кетасан. Ҳайронсан, ҳамма ёқ тўкин -сочин бўлса... Бир ками дунё деганлари шу эканми -ё?..
- Гапирадиган гапларимиз кўп. Ундан кўра егулик нарсанг бўлса, дастурхон тузат. Бизни меҳмон қилиш ниятинг бўлса, санъа-   тингни кўрсат!..
- Мана шу жой куни билан сизларнинг   хизматингизда. Кўнглинг нимани қўмсаса, буюравер. Тамаддига ҳамма егулик  топилади. Овқатнинг хоҳлаган тури борлигини биласан.
(Давоми бор).
Турсун Маҳмадалиев. 
Мавзуга оид: