“Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир”


Саломатлик инсон учун улуғ неъмат. Шу сабабли ҳам шифокорлик касблар ичра энг шарафлиси, дея эътироф этилади. Дарҳақиқат, инсон ҳаётига дахлдор бўлган ўта маъсулиятли касбни зиммасига олган, бу йўлда фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган ҳар бир тиббиёт ходими эъзозга муносибдир. Халқимиз саломатлиги йўлида буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино бобомизнинг муносиб ворислари сифатида бор билим ва тажрибасини аямай, матонат кўрсатиб келаётган минглаб тиббиёт ходимларининг ҳар куни қаҳрамонликдан, хайрли ишлардан иборат десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Шу боис ҳам, давлатимиз раҳбари томонидан соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Касблар ичида энг шарафлиси дея эътироф этилаётган шифокорлик касби бугун бутун дунёда ҳар қайси вақтданда долзарб ва талабгирдир. Шу сабабли ҳам деярли барча давлатлар томонидан тиббиёт ходим-ларига турли рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда.
Коронавирус пандемияси сабабли шифокорларга нафақат давлат миқёсида, балки жамиятда, ҳар бир фуқароларнинг эътибори ҳам янада ошди. Кейинги уч йил давомида соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ этиш бўйича 170 дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, Президентимиз фармони билан 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси ҳам тасдиқланди.
Орамизда шифо истаб шифокорга мурожаат қилмаган, шифокордан маслаҳат олмаганлар камдан-кам учраса керак. Бугунги кунда биргина туман тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган “Тез ёрдам бўлими”га туманимиз аҳолиси томонидан бир сутка мобайнида камида 110-140 тагача чақириқлар бўлиб турибди. Ҳар бир чақириқ ортида инсон ҳаёти, унинг тақдири туради. Буни қалбдан ҳис этган оқ халатли шифокорлар кунларни тунларга, тунларни эса тонгларга улаб халқ хизматига доимо шай туришади.
- “Тез ёрдам (103) бўлими”да бугунги кунда 60 нафар шифокор ва 92 нафар ҳамшира ва фельдшерлар фаолият кўрсатишади,- дейди суҳбат чоғида бўлим бошлиғи Илҳом Ваққосов. - Врачларимизнинг 8 нафари тоифали (2та олий, 1 та биринчи, 5 та иккинчи), ҳамшираларнинг 30 нафари тоифали (8 та олий, 16 та биринчи, 6 та иккинчи)дир. Туман бўйича 15 та “Тез ёрдам машинаси” халқ хизма-тида фаолият кўрсатади.
Бўлимимизда шарт-шароитлар, дори-дармон таъминоти етарли даражада. Камчилик ва муаммолар ҳам учраб туради, бу муаммолар вақти келиб албатта ўз ечимини топади, деган умиддамиз. Негаки, айни пайтда соғлиқни сақлаш соҳасига Юртбошимиз томонидан катта эътибор ва рағбатлантиришлар кўрсатилаётганлигидан бағоят миннатдормиз.
Бугунги кунда “Тез ёрдам бўлими”да фаолият кўрсатаётган фидойи ва меҳнаткаш шифокорлардан Элдор Рашидов, Соҳиба Тошбекова, Манзура Нарзиқулова, Зафар Ҳақназаров, Шаҳобиддин Тангиров, Юлдуз Юсупова, Музаффар Сайфуллаев ҳамда улар билан ёнма-ён элга беминнат хизмат кўрсатаётган фельдшер ва ҳамширалардан Дилафрўз Холмуродова, Дилрабо Абдуллаева, Шаҳло Мустафоева, Сурайё Пардаева, Ирода Қурбонқуловаларнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Беморни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, қайноқ меҳр билан дарддан фориғ этишга, малҳам бўлишга шошилган шифокорларимиз учун ҳар қанча эъзоз-у эҳтиромлар ярашади. Улуғларимиз “Тиббиёт барча санъатлар ичида энг улуғидир” дея, Алишер Навоий ҳазратлари эса “Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодур”, дея бежизга лутф этмаган. Ана шундай шарафли ва масъулиятли касб фидойиларини такрор-такрор шарафлашдан, эътироф этишдан чарчамаймиз. Ҳамиша халқимиз ардоғида бўлинг, азиз, тиббиёт ходимлари!
Аввало, инсон соғлиғини асраш ва мустаҳкамлашдек олижаноб ишга ўз ҳаётини бағишлаган сиз, азизларни мамлакатимизда кенг нишонланаётган Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан чин қалбдан табриклаймиз.
Г. ТИНИБЕКОВА.
Суратларни И.ЛАПАСОВ олган.