ОИВ ИНФЕКЦИЯСИДАН САҚЛАНИНГ!

Ўтган асрнинг 80-йилларида янги касаллик сифатида "ОИТС" номи билан қайд этилган касаллик, бугунги кунга келиб дунёнинг барча мамлакатларида қайд этилди.
ОИВ инфекциясини ретровируслар оиласига кирувчи лентивируслар чақиради. Ушбу вирус организмнинг иммун тизимига маъсул бўлган оқ қон таначаларининг ҳалокатига олиб келади, натижада одам организми ҳар хил касалликларга, шу жумладан юқумли касалликларга, ўсмаларга ва одам учун хавфли бўлган касалликларга берилувчан бўлиб қолади.
Энг аввало инфекция жинсий йўл орқали юқади, жами ОИВ билан зарарланганларининг 50 фоизидан кўпроғи ушбу йўл орқали касалликни юқтирган.
Жинсий йўл орқали инфекцияни юқтирган шахслар орасида бесоқолбозлар (эркаклар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар) ва бисексуалистлар (ҳам эркаклар билан ҳам аёллар билан жинсий алоқа қилувчи эркаклар) вирусни тез юқиши ва тарқалишида асосий ролни ўйнайди, бетартиб ва ҳимояланмаган интим алоқалар эпидемияни ривожлантирувчи омил ҳисобланади. Шунинг учун оилага садоқат, бетартиб жинсий алоқалардан сақланиш, хавфсиз интим алоқа тамойилларига амал қилиш энг асосий тадбирлардан биридир.
Иккинчи асосий йўл - парентерал - яъни тана бутунлигини бузилиши билан кечадиган муолажалар орқали юқадиган йўлдир.
ОИВ билан зарарланган шахснинг қон қолдиғи бўлган тиббий ва нотиббий асбоб ва жиҳозлар инфекцияни юқишида муҳим омил ҳисобланади. ОИВ билан зарарланган қон ва қон маҳсулотлари вирусни юқишида ўта хавф-лидир.
Тиббий ва маиший хизмат муассасаларига мурожаат қилганда, Сизга нисбатан ишлатиладиган жиҳоз ва асбобларининг софлигига ишонч ҳосил қилинг.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги муассасаларда тиббий муолажаларга ишлатиладиган бир марталик тиббий жиҳозлар беморнинг ёки унга қаровчи шахснинг кўз ўнгида очилиши белгилаб қўйилган.
Шунингдек беморларга кўп марта ишлатиладиган тиббий асбоб-ускуналар ва тиббий жиҳозларни софлигини таъминлашни ташкил этиш муассаса раҳбари, зиммасига юклатилган.
Ҳар бир инсон томонидан гигиена қоидаларига риоя қилиш, қон орқали юқадиган касалликларни олдини олишда муҳим омилдир. Устара,  тиш шёткаси, маникюр ва педикюр жамламалари ҳар бир киши учун алоҳида бўлиши лозим. Барча фуқаролар тасодифан бошқалар ишлатган ўткир кесувчи жиҳозлар билан жароҳат олганда зудлик билан  тиббий муассасаларга мурожаат қилиши ва ОИВни юқишини олдини олиш мақсадида мулоқотдан кейинги профилактика курсини олиш лозимдир.
Учинчи асосий юқиш йўли - вертикал, яъни ОИВни онадан болага юқиш йўлидир. Аввало, ҳар бир ҳомиладор аёл, ҳомиладорлиги аниқланган заҳоти ёки ҳомиладорликнинг 3 ойлигида ОИВга текширилиши керак. ОИВни онадан болага юқишини олдини олиш учун, антиретровирус препаратлари билан профилактика курси ўтказилади.
Кейинги 10 йилда антиретровирус профилактика курсини олган ОИВ инфекцияли ҳомиладорлардан туғилган болалар ўртасида ОИВ инфекциясини қайд этилмаганлиги, профилактика курсини ўта самардорлигини кўрсатмоқда.
ОИВ инфекцияси оналар, туғилган фарзандини кўкрак сути билан эмизмасликлари лозим, чунки кўкрак сути юқори миқдорида вирусни ўзида сақлайди. Бугунги кунда вируслар тажовусини босиб турадиган ўта фаол антиретровирус терапияси курси мавжуд. Бу препаратлар организмдаги вируслар миқдорини камайтириш орқали, ёндош ва ҳаёт учун хавфли бўлган касалликларни ривожланишини олдини олишга хизмат қилмоқда.
Касалликни эрта аниқлаш, уни ўз вақтида даволаш ҳаёт сифатини оширади ва бемор умрини узайтиради.
Энг аввало инфекцияни юқишини олдини олиш, касалликни даволашдан афзаллигини унутмаслигимиз лозим. Соғлом турмуш тарзи, шахсий гигена қоидаларига риоя қилиш, саломатлигимизни сақлашни асосий гаровидир.
ОИВ инфекцияси эпедимиясига қарши кураш фақатгина тиббиёт ходимларининг асосий бурчи эмас, балки бутун жамиятимизнинг асосий бурчи эканлигини унутмаслигимиз лозим.
М.МАМАТҚУЛОВА,
вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази мутахассиси.         
Соҳида ҚОСИМОВА, 
Саломатлик маркази шифокори.
Мавзуга оид: