КЎКАТЛАРДАН БЕБАҲРА ҚОЛМАНГ


Халқимиз азалдан турли-туман кўкатларни  хуш кўради ва йил бўйи у ёки бу даражада тановул қилиб келишади. Кўкатлар инсон организми учун дармондори манбаи бўлиб, уни кўпроқ истеъмол қилсак қишин-ёзин ўзимизни бардам-бақувват ҳис этамиз. Боз устига, қувонарлиси яна шундаки,  халқимиз айниқса, мустақиллик йилларида  оила дастурхонига ўз таомномаси орқали  бир  қатор ва анъанавий ҳисобланган, витаминларга бой, кўкатларга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Шу мақсадда улардан қуйидагиларни келтиришни лозим, деб ҳисоблаймиз.  
Кўк (барра) пиёз - ўзида кўп миқдорда азот моддалари, қанд ва витаминлар сақлайди.  Эфир мойи эса унга янада хушбуйлик ато этади Унда ўртача  14-16,5 фоиз қуруқ модда, 7,8-11,1 фоиз қанд ва 1,3-6,9 мг фоиз ҳисобида аскарбин кислотаси мавжуд. Шунингдек, А, В1, В2 каби витаминлар, лимон ва олма кислоталарининг борлиги таъмини янада яхшилайди.  
Саримсоқ пиёз - ўз хусусиятлари бўйича  бошқа пиёздошлардан анча устун туради. Унинг таркибида ўртача 64-66 фоиз сув, 6,7 фоиз азотли модалар, 0,06 фоиз мой, 26,3 фоиз азотсиз чўкинди моддалар, 0,77 фоиз   клетчатка ва 10-12 мг фоиз  ҳисобида аскарбин кислоталари бўлади. Барра ҳолидаги пиёз ва саримсоқнинг асл ватани Марказий Осиё ва Афғонистон ҳисобланади. Улар минг йиллардан буён халқимиз томонидан кўклай ҳолида, пишган пиёзбош шаклида  овқатга солинади. Кўкат сифатида эса дастурхонга тортилади, шунингдек, саноатда колбаса маҳсулотлари, консервалар тайёрланади ва халқ табобатида ошқозон хасталиклари, нафас олиш йўлларини ҳамда юрак-қон томир фаолиятини яхшилашда қўлланилади ва ҳоказо. 
Исмалоқ - бир йиллик кўкат ўт сифатида истеъмол қилиниб, ундан турли миллий таомлар (пичак, чучвара, кўк сомса, дўлма ) тайёрлаш расман  таомилга киритилгандир. Таркибида 50-110 фоиз аскарбин кислота, В гуруҳидаги ва Е1  Д2 Р каби  муҳим витаминлар, оқсил ва маъдан моддалар мавжуд. У одатда  уруғдан сўнг бир ойда истеъмолга тайёр бўлади ва кўклай ҳолида  кенг тарзда  бозорларимизда  аҳолига етказиб берилади. 
Райҳон -лабгуллилар оиласига кирувчи  бир йиллик ўтчил ва кўкат ўсимлиги ҳисобланади. Унинг барглари хушбўйлиги ва ўзига хос ҳид таратиши билан қимматли ҳисобланади. Таркибида 0,08 фоиз эфир мойи, 10 мг  фоиз аскарбин кислотаси, 9 мг фоиз каротин ва 150мг фоиз рутин моддаси сақлайди. Уни одатда гуллаш даврининг бошида кўк ҳолида миллий таомлар учун фойдаланилади, сўнгра қуритлиб, кукун ҳолида қишга сақланади. Тиббиётда эса сада райҳон буйрак ва ошқозон  хасталикларининг олдини олса, шаҳарсозликда ораста ўсимлик сифатида йил бўйи  фойдаланиш расман қабул қилинган. 
Кашнич - бир йиллик ўсимлик сифатида кўкатлар гуруҳига кириб, унинг ёш ҳолдаги барглари кўклай ҳолида ишлатилади ва истеъмол қилинади. Таркибида 200-210 мг фоиз аскарбин кислотаси борлиги боис  суюқ овқатлар ва гўштли таомларни ширин ҳамда мазали қилишда қўлланилади. Унинг уруғлари эфир мойи олишда шунингдек кулинариияда кондитер маҳсулотлари, консерва ва маринадлар тайёрлашда ишлатилади. Тиббиёттда эса зардобни ҳайдовчи восита сифатида қўлланилади. 
Шивит - энг кўп ишлатиладиган кўкатлар гуруҳидан ҳисобланади. Унинг яшил баргларида 100 мг фоиз атрофида аскарбин кислотаси, 3,5-5 мг фоиз каротин, эфир мойи ва маъдан моддалар сақланади. Шивитнинг  барглари барра ҳолида кенг истеъмол қилинса, катта ёшдагилари бодринг ва помидорни тузлашда шунингдек, мариновка қилишда ишлатилади. Уруғларидан олинадиган эфир мойи парфюмерия, совун пишириш саноатида  ва кондитер маҳсулотларига хушбўйлик беришда кенг қўлланилади. Шундай қилиб, юқоридагилар асосида таъкидлаш мумкинки,  кўкат ўтлар халқимиз дастурхонини янада тўкин қилиш билан бирга саломатликнинг ҳақиқий посбони сифатида ва миллий таомларимизни янада мазали ҳамда фусункор  қилишда ўта қўл келишининг бевосита гувоҳи  бўлишимиз мумкин, десак муболаға бўлмайди. 
Хидирали БОТИРОВ,
  қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.