ОНА ТИЛИНИ ҲУРМАТ ҚИЛГАН АВЛОДНИНГ ЭРТАСИ БУЮК БЎЛАДИ

Миллатни миллат қилиб дунёга танитадиган муҳим белгиларнинг энг асосийси тилдир. Ер юзида жуда кўплаб миллат, элатлар мавжуд. Улар бир-бирлари билан ўз тилларида сўзлашганликлари боис миллат, элат, деган номга эгадирлар. Тилсиз халқ бўлмайди, халқсиз эса тилнинг мавжуд бўлиши мумкин эмас.
Дарҳақиқат, она тили - миллатнинг руҳи, маънавий қиёфаси, ор-номуси, орзу-умидидир. Инсон дунёга келибдики, Ватани, Онаси, Оиласи қанчалик муқаддас бўлса, она тили ҳам шунчалик азиздир. Ҳаттоки, гўдак ҳам дунёни она тили орқали англайди. Усиз жамият ривожланмайди, тараққий топмайди. Она тили - миллатнинг бирлиги ва бирдамлигининг тимсо лидир.
Дунё тиллари ичида энг гўзал ва жозибадор тиллардан бири - бу ўзбек тилидир. Бироқ тарихга назар ташларканмиз, бу тилга бошқаларнинг доимо паст назар билан қараши, уни менсимаслик кайфияти устувор бўлган. XV асрга қадар туркий тилга беписандлик билан қараб, “Бу тил авом тили, ундан фойдаланиб ижод қилиб бўлмайди”,  деган даъволарни илгари сурган.
Аммо ғазал мулкининг султони Алишер Навоий ҳазратлари туркий тилда “Хамса”, яъни беш достонни ва бошқа йирик, бадиий жиҳатдан ўта мукаммал асарларни яратди. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоий “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз”, деб она тилимизни улуғлади. Ҳазрат Навоий замонида адабиёт тили сифатида форс тилининг мавқеи баланд эди.
Низомий Ганжавий ва Хусрав Деҳлавий “Хамса”ни форсийда яратган, адабиёт аҳли ўртасида туркий тилда бундай улкан бадиий асар яратиб бўлмайди, туркий тилнинг ифода имконияти бунга етмайди, деган қарашлар ҳукмрон эди. Улуғ мутафаккир “Муҳокамат ул-луғатайн” асарида туркий тилнинг форсийдан кам эмаслигини, аксинча, баландроқ эканини аниқ далиллар билан исботлаб беради. Афсуски, тилимизга бўлган истибдодлар давом этаверди. 
ХIХ асрнинг ўрталарида бошланган чоризм ва ХХ асрнинг 20-йилларида рўй берган коммунистлар истилоси яна тилимизни аросат кўчасига олиб кириб қўйди. Улар ўзбек миллатини йўқ қилиш, унинг руҳини синдириш мақсадида юртимизда рус тилини давлат тили, деб эълон қилди. Рус тилида гаплашиш маданиятли кишиларга хос, деган ғояни илгари суриб, ўзбекларни она тилида сўзлашиш бахтидан жудо қилишга уринди.
Бу истибдодга қарши атоқли адиб Абдулла Қодирий она тилимиз борасида куюниб шундай деган эди: “Ўзбек тили камбағал тил эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.
Турк дунёсининг буюк маърифатпарвар ижодкори Исмоилбек Гаспирали ўз битикларида “Миллатнинг икки асоси бордур. Бу уларнинг тили ва динидур. Агар миллат ҳаётидан шу иккисидан бири суғуриб олинса, бу миллат таназзулга юз тутур”, дея ёзиб қолдирган эди. Ўтган асрнинг 80-йиллари охирларига келиб миллий уйғониш даври тарих саҳнасига чиқди. Бу деярли барча соҳаларда, шу жумладан, тил билан боғлиқ масалалардаги муаммоларга бўлган муносабатда яққол кўзга ташланди. 
Халқимизнинг асл намояндалари ўзбек тилига давлат мақомини беришни талаб қила бошлади, бу борадаги оммавий норозиликлар сони тобора кўпайди.1989 йилнинг 21-октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонуни эълон қилинди ва бир ярим асрлик қарамликдан сўнг ўзбек тили яна давлат тили мақомини олди.

1992 йилнинг 8-декабрида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамланди. 1995-йил 21-декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сессиясида қабул қилинган янги таҳрирдаги “Давлат тили ҳақида”ги қонун ўзбек тилининг жаҳон миқёсидаги расмий Давлат тили сифатида эътироф этилиши ва нуфузининг юксалишини таъминлаши керак эди. 
Аммо… Элни эл қилиб, уни бирлаштирадиган она тилимиз ҳақида узоқ йиллар давомида фақат маълум бир сана – 21-октябр арафасида “ваъзхонлик” қилдик. Оммавий ахборот воситалари орқали тилимиз буюклиги ҳақида тўлқинланиб гапирдик. Забонимиз давлат тили мақомини олган дастлабки йиллардаги шодумонлик тантаналаридаги номига чоп этиладиган тўрт-беш мақола, ташкилотлардаги хўжакўрсинга уюштириладиган тил байрамига дахлдор тадбирларни инобатга олмасак, она тили мақомини кўтариш ўрнига қуруқ кампаниявозликка айланиб кетди.
Афсуски, аксарият амалдорларимиз она тилида гапира олмай, рус тилида мулоқот қилар, уларнинг наздида ўзбекча гапириш элита қатламига уятдек кўринарди. Йирик ташкилотларнинг ахборот матнлари, журналистлар билан учрашувлари ўзга тилда олиб борилди. Ўзбек тилида олиб боришни талаб қилганларга нисбатан рус тилини билмаслик, саводсизлик деган “тамға” қўйилди. Савол туғилади: ўз она тилини билмаган амалдор саводлими ёки унга ҳурмат қилган инсонми? Бу кунлар энди тарихнинг аччиқ ва мунгли саҳифаларида ортда қолди. 

2019-йилнинг октябрь ойида Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев она тилимиз тақдири билан боғлиқ икки буюк тарихий ҳужжатни имзолади: 4-октябрь куни “Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор ҳамда 21-октябрь куни “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон эълон қилинди. 
Бу икки ҳужжат ўзбек тили ҳаёти ва ривожида янги бир даврни бошлаб берди. Қувончли муждалар давом этиб, кўп ўтмай жорий йилнинг 10-апрелида бутун мамлакат бўйлаб Президентимиз “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини имзолади. 
Биз она тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг нуфузини оширишимиз, гўзал ва софлигини авлодларга мерос сифатида қолдиришимиз, дунёга танитишда ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Бизни бир пайтлар мустамлака қилганлар “Миллатни йўқ қилиш учун у ерга қурол кўтариб бориш шарт эмас, унинг тилини, маънавиятини, адабиётини йўқ қилиш керак. Шунда миллатнинг ўзи йўқ бўлиб кетади”, деган ёвуз фикрни илгари сурган эди. 

Бу фикр нечоғлик ҳақлигини ўз танамизда ҳис этдик. Шукрки, бугун она тилимизни ардоқлаб, унинг нуфузини ошириш пайидамиз. Мен ҳам  педагог сифатида меҳнат қилиб келяпман. Биз педагогларнинг зиммасидаги асосий вазифа эса она тилимиз ривожи учун Президентимиз бошлаб берган улуғ йўлда ўқувчиларимизни миллий руҳ, она тили орқали тарбиялашдан иборат. 
Мамлакатимиз жадал ривожланмоқда. Бу жараён ўзбек тилининг аҳамиятини оширишга ҳам хизмат қилди. Бунинг замирида халқимизнинг манфаати ҳам турибди. Эндиликда лотин алифбосидаги ўзбек тилини компьютерлаштириш, интернет тармоғида кенг оммалаштириш муҳим масалалардан бирига айланди. Шунингдек, ёз фаслида чет давлатлардаги элчихоналаримиз қошида ўзбек тилини ўқитиш дарсларини ташкил қилиш керак. 

Токи Ўзбекистонга келишни истовчи, тилимизни ўрганишга қизиқувчи хорижлик сайёҳлар, тадбиркорлар, олимлар ва талабаларга қулайлик бўлсин. Бу ишлар келгусида бошқа давлатлар билан халқаро алоқаларимизни ривожлантиришга, туризмни кенгайтиришга хизмат қилади. Идоралараро, интернет орқали ҳужжатлар алмашиш шакли деярли рус тилида бўлиб кетди. Бир томондан олиб қараганда рус тилини биладиган миллатлар учун бу анча қулай. Бироқ давлат тили ҳақида гап кетганда бу масалага жиддий эътибор зарур. Булар ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясига, ўзбек тилимизнинг ривожланишига тўсиқ бўлади.

 Ўзбекистонда мана бир неча йилдирки, лотин ва кирилл ёзуви асосидаги ўзбек алифболаридан баравар фойдаланиб келинади. Таълим тизими, маориф соҳасида лотин ёзувидан фойдаланиш борасида анча ишлар қилинди. Лекин, ҳалигача бу масала ўзининг аниқ ечимини топмаган. Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосига ўтиш ҳамон оқсаб келмоқда.

Шундай вазиятда давлатимиз томонидан бирдан лотин ёзувига ўтилмай секин-аста босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Буларнинг барчаси аҳоли манфаатларини ўйлаб қилинганидан далолатдир. Тил ва алифбо масаласига юзаки ёндашиб бўлмайди. Бу жараёнда аҳолининг барча қатламларининг талаб ва истакларини ҳам эътиборга олиш даркор. Аслида икки алифбони ҳам бир-биридан устун қўйиб бўлмаса ҳам келгусида жамиятимиз тараққиётига кўпроқ хизмат қиладиганига кўпроқ аҳамият бериш зарур, деб ўйлайман. 
Барча соҳалар компьютерлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб бормоқда. Лотин ёзувидан кўпчилик давлатлар айнан компьютер ва интернет соҳасида кенг фойдаланади. Ваҳоланки, хитой иероглифлари ҳам анча кўп бўлишига қарамай замонавий компьютерлар тилида ишлатилади. Бу эса Хитой давлати ва халқининг барча соҳаларда ривожланишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Фикримча лотин алифбосига ўтишда айнан шу жиҳатларни эътиборга олиш зарур.
Шуҳрат Азаматов, 
туман ХТБга қарашли 30-умумий ўрта таълим мактабининг ММИБД ўринбосари.