Турмуш чорраҳаларида ОНАНГИЗНИ ДОИМО ТИРИКЛИГИДА ЙЎҚЛАНГ

"…Дейсан: олисларда омон юрсанг бас,
Ёдингга тушсам гоҳ, йўқлаб турсанг бас,
Болам, сенга ҳамма қилади ҳавас…
Ахир, менинг дардим шеър эмас фақат,
Мен машҳур шоирмас - машҳур бешафқат,
Энди мен ҳам сенга ўғилманми, айт?"
Муҳаммад ЮСУФ.
Оналар ҳақида минглаб шеърлар, достонлар битилган. Аммо бу битилган шеърлар бу улуғ зотнинг бир кечалик меҳнатига ҳам арзимаслигини биламиз. Инсоннинг ёши улуғланиб бориши билан она қадрини теранроқ англай бошларкан. Йиллар давомида боқий, меҳрибон онасини зор қақшатган фарзандлар ҳам армонларини сўзлайдилар.
- Тириклигида қадрига етмадим, - дейди ёши қирқлардан ошган тумандошларимиздан бири. - Мактабни битирганимдан сўнг ҳам бирор жойда ёлчитиб ишламадим. Ўтганни ўроғини, кетганни кетмонини олиб юрдим. Бора-бора ичкиликка рўжу қўйдим. Бир марта кўпроқ ичиб юбориб майда безорилигим учун қамалиб ҳам чиқдим. Онам бечора менинг аҳволимга ачинар, болам, бу юришинг ножоиз, сени уйлантириб қўямиз деб, қишлоғимиздаги бир қизга уйлантириб қўйишди. Бир иккита фарзандли булгунча сабр қилиб ичмадим. Бироқ, сабрим чидамади. Яна эски қилиғимни бошладим. Оиламни ташлаб Россияга кетдим. У ерда не-не азобларни кўрмадим дейсиз. Ит азобида икки-уч йил зўрға ишладим. Уйга озроқ пул жўнатиб турдим. Хорижга кетишимда онам бечора: "Ўғлим, борма ўша ёққа, шу ерда ҳам ишласанг пул топасан, менинг соғлигим жойида эмас, кетма", деб худонинг зорини қилди. Бироқ мен ўзимнинг айтганимдан қолмадим. Россияга бориб бир йил ишлагач, онамнинг оламдан ўтганлигини, мени кутавериб йўлларимга термулганини айтишди. Борсам, онам тирилиб қолармиди, деб ишлаб юравердим. Ишимиз оғир эди. Ўрмонда дарахт кесардик. Бир куни дарахт кесаётган чоғимизда эҳтиётсизлигим туфайли ағнаётган дарахт оёғимга тушди. Оғриқдан чинқириб юбордим. Оқибатда бир оёғим ногирон бўлиб қолди. Шунинг учун уйга қайтишга мажбур бўлдим.
- Ҳозир нима иш билан шуғулланасиз?
- Нима ҳам қила олардим. Таниш-билишларим орқали бир ташкилотда қоровул бўлиб ишлаяпман. Худога шукур, рўзғоримиз ўтиб турибди. Болаларим ҳам вояга етаяпти Хотиним фермер хўжалигида ишлайди. У ниҳоятда меҳнаткаш. Шундай аёлни топиб берганлиги учун раҳматли онамдан мингдан-минг розиман. Фақат угина, хотинимни назарда тутаяпман, менинг ярамас одатларимга чидади. Хорижга кетганимда ҳам юзимга тик боқмасдан, ўзингиз биласиз, отаси, деганди. Болаларимнинг онасини жуда ҳурмат қиламан. Биласизми, айрим пайтларда онасини ҳурмат қилмайдиганларни кўрсам ғазабим қайнаб кетади. Қишлоғимизда улғайган бир одам бўларди. Бечора онаси уни ўқитиш учун бир умр меҳнат қилиб соғлигини йўқотди. Кейин нима бўлди денг. Ўша йигит олийгоҳни битириб пойтахтда нуфузли ташкилотда ишлай бошлади. Аввал икки-уч ойда келадиган ўғил шаҳардаги бир бойваччанинг қизига уйлангач, онда-сонда келадиган бўлди. Она бечора бўлса, ўғлининг йўлига кўз тикиб ўтирарди. Аҳён-аҳёнда келадиган ўғли эса хотинининг раъйига қараб бирор марта онасига юринг, шаҳарга олиб кетай демасди. Яқинда келини узоққа хизмат сафарига кетган деб, қайнонасини эшикдан қайтарибди. Шу ҳам инсофданми? Бу воқеани бутун қишлоқ одамлари эшитди. Онадан юз ўгирган бундай инсофсиз ўғилга нима дейиш мумкин?
Ҳақиқатдан ҳам оқ ювиб, оқ тараган, фарзанди учун жонини беришга тайёр бўлган оналарни биз улуғлаяпмизми? Очиғини айтганда, муҳтарам Президентимиз қаерга бормасин, доимо оналарни, аёлларни эъзозлаш ҳақида куйиниб гапирадилар. Давлатимиз раҳбари яқинда Наманган ва Фарғона вилояти фаоллари билан бўлган учрашувлари чоғида ҳам бу ҳақда алоҳида тўхталдилар. Азал-азалдан аёл зоти Шарқ-да улуғланиб келинган. Муқаддас ҳадисларимизда ҳам энг аввало онангизга, онангизга ва яна онангизга яхшилик қилинг, де-йилган.
Афсуски, айрим раҳбарларимизнинг аёл зотига нописандлик билан қараши, уларнинг олдиларида ҳам уят, қўпол сўзларни айтаётганлигини кўриб ғашингиз келади. Шунда беихтиёр, наҳотки бу раҳбар ўзини ҳам она дунёга келтирганлигини унутган бўлса дегингиз келади.
- Онам менинг бутун борлиғим, - дейди туман ташкилотларининг бирида раҳбар бўлиб ишлаётган Н. - Мени шу даражага етказган онам, десам хато бўлмайди. Ўзи емай бизга едирган, ўзи киймай бизга кийдирган онамизни ҳар қанча эъзозласак озлик қилади. Айтишларича, агар фарзанд онасини Маккага пиёда кўтариб борганда ҳам онанинг бир кечалик боласига қараган меҳнатига тенг келмас экан. Демак, биз оналарни, аёлларни ҳурмат қилишимиз керак.
Шахсан ўзим ҳам раҳматли онамдан кўп нарсаларни: китобга меҳрни, одамларга адолатли бўлишни, қариндош-уруғларга меҳрибон бўлишни ўрганганман. Болалигимиздаёқ ҳар хил ўзбек халқ эртакларини сўзлаб берар, қишнинг узоқ кечаларида эртак эшитиб ухлаб қолардик. У пайтларда, аниқроғи ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида электр токи йўқ эди. Ўқувчилар дарсни чироқ ёруғида тайёрлашарди. Китобга, адабиётга меҳр уйғотган онамдан бир умр миннатдорман. Шу боис онаси ҳаёт бўлганларга онангизни тириклигида доимо йўқланг, дегимиз келади.
Радио тўлқинлари орқали бундан кўп йиллар олдин жуда кўп марта ижро этилган Ўзбекистон халқ ҳофизи Фахриддин Умаровнинг оналарни мадҳ этувчи қўшиғи таралмоқда:
"Бу оламда улуғ зот,
Ким десанг, доим онам дерман.
Ҳаётим устуни, сўнмас
Умидворим, онам дерман…"
Азиз замондош!
Бизни тўққиз ой ўз вужудида кўтариб юрган, бизни вояга етказиш учун тунларни бедор ўтказган, ўз фарзанди учун жонини ҳам беришга тайёр бўлган оналаримизни тириклигида доимо йўқлаб турайлик. Зеро, онамиз оламдан ўтгач, афсус қилиб юрмайлик.
Йўлчи МУҲАММАДИЕВ.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00