КЎЧМАС МУЛК СОТАЁТГАН ШАХСЛАР ДАРОМАД СОЛИҒИ ТЎЛАМАСЛИГИ МУМКИНМИ?

Солиқ кодексининг (янги таҳрирдаги) 378-моддасида солиқ тўловчи жисмоний шахсларнинг солиқ солинмайдиган даромадлари белгиланган.
Яъни жисмоний шахс шу моддада назарда тутилган даромадларидан даромад солиғи тўламайди. Улар қаторида солиқ тўловчиларга хусусий мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни сотишдан олинадиган даромадлар ҳам мавжуд.
Бироқ ўттиз олти календарь ойдан кам муддатда солиқ тўловчининг мулкида бўлган турар жойларни сотишдан олинган даромадлар бундан мустасно. Ушбу қоидани соддароқ тушунтирадиган бўлсак, сиз 2019 йилда 350 млн.га турар жой сотиб олиб, уни 2022 йилгача олинган нархдан юқорироқ нархга сотган бўлсангиз, унда олинган даромад миқдоридан келиб чиқиб даромад солиғи тўланиши шарт. 
Солиқ кодексининг 375-моддаси биринчи қисми 4-бандига мувофиқ, солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мулкий даромад ҳисобланади ҳамда бу даромад жисмоний шахснинг жами даромадлари таркибига киритилади ва бу солиқ солиш объекти саналади. 
Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади. Мазкур қийматни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, мол-мулкни реализация қилиш қиймати, кўчмас мулк бўйича эса - кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ даромад деб эътироф этилади.
Қисқача айтганда, сиз ўзингизга тегишли бўлган мулкни уни олган нархингиздан (ёки қуриш, таъмирлаш учун сарфлаган нархингиздан) ошиқ нархга сотсангиз, улар орасидаги нарх солиқ солиш базасига киритилади.
И.УМАРОВ,
туман адлия бўлими етакчи
 маслаҳатчиси.                                                     
Мавзуга оид: