Қутлов ҚАЛБИНГИЗДАГИ АЛАНГА ҲЕЧ ҚАЧОН СЎНМАСИН

Мен, қадрдон синглим Ойгул Маматовани, у билан деярли бир ҳудудда туғилиб,
ўсиб, Тошкентда топганман. Буюк Истиқлол арафаси
эди. Бутун мамлакатда миллий уйғониш, ўзликни таниш жараёни бошланган.
Бу жараёнга миллат ойдинлари, зиёлилар, ва албатта шоирлар, ёзувчилар,
журналистлар...бош-ош эди. Ойгул ўшанда оддий ўқитувчи эди. Пахта иши, ўзбек иши деб аталган
қатағон даври энди-энди барҳам топиб бораётган, қатағон машинаси жароҳатларидан ҳали ҳамон қон
силқиб турган бир даврлар... Ойгул буларнинг барчасини ўз кўзи билан кўрган,
юрагидаги аламли туғ-ёнлар унга тинчлик бермас, гоҳ шеърида, шеърга сиғмаганларини ҳикоясида,
мақолаларида акс эттиришга интилар. У хизмат қилаётган мактабдаги аҳвол, илм
олиши керак бўлган мурғак болаларнинг ғанимат умри эгатлардаги
барг-хазонларга қўшилиб, ерпарчин бўлаётгани... айниқса қишлоқ аёлининг увол умри...
Ошкоралик деб аталган бир давр эди, бир мунча эркин нафас олишга имкон
берилгандай эди. Амалда эса Шўро босими
пасаймаган, ҳар қанча бонг урма сўзларинг шамолга кетарди. Худди ўша йиллари, аниқроғи
1990 йилда тумандошлари Ойгулга ишонч
билдириб,Ўзбекистон Олий Кенгашига депутат қилиб сайлади. Ва ниҳоят
унинг учун кенг кураш майдони очилди. Эътибор қилинг, Ойгулнинг Олий
Кенгаш депутатлик даври Истиқлолга эришиш ва мустақил давлат сифатида
оёққа тура бошлаган энг мураккаб даврларга тўғри келади. У Олий Кенгаш
ошкоралик қўмитаси масъул котиби сифатида ғоятда илҳом, ғайрат, жидду
жаҳд билан меҳнат қилди. Ва худди ўша кунларда тақдир бизни учраштирди.
Йирик жанрда асар ёзиб, юртдошим деб қора тортиб менинг олдимга келди.
Мен жуда қувондим. Сабаби, ўзбек адибаларидан биринчи бўлиб Ойгул
Маматова - менинг ҳамқишлоғим роман жанрига қўл урган эди. Имконим
даражасида
муҳаррирлик қилдим. Кейин "Жаннат қуши" деб аталган бу асар Озод
Шарафиддинов, Пиримқул Қодировдек алломалар назаридан ўтиб, уларнинг
эътирофига сазовор бўлди, нашр этилди.
Романдаги мураккаб тақдирли Ҳуринисо Содиқовна ҳаёти мисолида у ўша давр
қишлоқ ҳаётининг энг оғриқли муаммоларидан ташқари, ўзбек аёлининг аччиқ
қисмати, ўз иқтидорини юзага чиқаришга, руҳий озодликка эришишга интилган
юзлаб, минглаб аёлларнинг аянчли тақдирлари қаламга олинган эди.
Романдаги ўта курашчан Ўғилой тимсолида эса мен муаллифнинг ўзини
Ойгулхонни кўраман. Ва ҳазил тариқасида унга кўпинча Ўғилой деб мурожаат
қиламан. Менинг ўғилбола синглим дейман. Уни яхши билганлар, бу фикримни
қувватлаши шубҳасиз. Унинг бутун ҳаёти бемуроса, тинимсиз курашлардан иборат.
Ҳаммасини қўяйлик-да, кейинги 15-20 йиллик фаолиятини олиб қарайлик. Нафақага чиққан
бўлса-да, тиним билмайди. Халқаро "Олтин мерос" жамоат фондига раҳбарлик қилади.
Туман ижодкорларининг "Навниҳол" тўгарагини бошқариб, 50-60 нафар ижодкор бошини қовуштириб, уларнинг асарларини вақтли матбуотга
чиқариб, "Оқдарё мавжлари", "Оқдарё баёзи", "Навниҳол" ёшлар баёзи каби тўпламларда чоп эттириб, уларни руҳлантириб келади.
Мана бу йил эса, гувоҳи бўлиб турибмиз, "Оқдарё мавжлари" туркумида олти нафар ижодкорнинг насрий ва шеърий
китоблари нашр этилди. Буни Республикамиз адабий муҳитидаижод ва нашр анъанасига айланаётган "Излам" лойиҳасининг туман адабий муҳитидаги ўзига хос кўриниши деб аташимиз мумкин.
"Оқдарё наволари" мумтоз ва фолклор этнографик ансамблининг ташкил
этилиши, Миёнқол Гомери деб эътироф этилган Хожа Вола ҳазратлари таваллудининг
230 йиллигини, буюк Эргаш Жуманбул бобомизнинг издоши оқдарёлик Парда шоир
Дўсёр ўғлининг 135 йиллигини нишонлаш бўйича тайёргарлик бораётгани
ва буларнинг барчасида мана шу Ўғилой синглимизнинг - Ойгул Маматованинг
сайъ-ҳаракатлари, хизматлари беқиёсдир.
Ва яна ... "Қоработир" қишлоғида жойлашган "Тоҳир ва Зуҳра"
қабристонида "Муҳаббат саройи" - севишганлар зиёратгоҳи барпо этишдек эзгу мақсад йўлида ўн йиллар давомида тинимсиз курашлар олиб бормоқдаки, бу энди алоҳида мавзу ҳисобланади.
Сўзимни замонамиз алломаси, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг "Жаннат қуши" романи сўзбошисида ёзган мазкур эътирофи билан мухтасар қилмоқчиман. "... баъзилар бу дунёга юрагида аланга билан келадиганга ўхшайди. Бу шундай алангаки, у одамга бир умр тинчлик бермайди, уни доимий ҳаракатда бўлишга ундайди, одамларга бош-қош бўлиб, уларнинг манфаатлари йўлида курашишга, ҳақиқат ва адолат жарчиси бўлмоққа чорлайди!" Устоз аллома айтганларидек, Ойгул Маматова - Ойгул Муҳаммад Жиян қизлари ана шундай қалбида аланга билан дунёга келган замондошларимиздан биридир. Ойгулхон, таваллуд айёмингиз билан табриклайман. Кўп яшанг. Қалбингиздаги даъваткор ўт, аланга ҳеч қачон сўнмасин.
Орзиқул ЭРГАШЕВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмаси аъзоси.

Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Тарихга бир назар
- 21 янв, 14:22