ҚИШЛОҚ АЁЛИ Очерк
Қишлоқ аёли... Уни ҳар ким ҳар хил тасвирлайди. Кўпчилик уни юзлари офтобда қорайган, қўллари меҳнатдан қадоқ бўлган, сўзлаганда тортиниб турадиган содда аёл сифатида тасвирлайди. Аслини олганда эса у қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат мўл-кўллиги йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшаётган меҳнатсевар, сабр-матонатли ва кучли аёл! - Эрта тонгдан туриб, то шомга қадар қишлоқ аёлининг иши, рўзғор ташвишлари тугамайди, - дейди ҳикоямиз қаҳрамони Норбуви опа Юсупова.- Дарҳақиқат, қишлоқ аёлларининг фаоллиги бугунги кунда жуда муҳим аҳамиятга эга. Улар нафақат оилавий масъулиятларини бажаришади, балки қишлоқ хўжалиги иқтисодиётида, қишлоқ хўжалигида ва ижтимоий ҳаётда ҳам фаол қатнашиб келмоқдалар. Шундай экан, қишлоқ аёлларини фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Норбуви опа ҳам қишлоқ аёлларининг бир вакили. Ёшлик даврлари пахта далаларида, меҳнат қучоғида ўтган. Онахоннинг ҳаёти, ёшлик даврлари ҳақида сўрар эканман, у киши беихтиёр бироз маъюс тортиб, ўша машъум даврларни ёдга олади.
Отаси Муҳаммадюсуф отанинг айтишича, бобоси ўша даврнинг ишбилармон кишиларидан бўлган: 2 та от-араваси, 50 гектар ери, зиғир ёғ жувози ва 60 нафар ишчиси бўлганлиги учун собиқ совет давлати томонидан "қулоқ" қилиниб, қатағонда ўлдириб юборилган экан. Тарихнинг бу каби мудҳиш қисмати бошига тушган ота-боболаримизни унутиб бўлармиди...
Отаси Муҳаммадюсуф Муҳаммадрасулов ҳам маҳалланинг ишбилармон, илмли ва ташкилотчи, маслаҳатгўй кишиларидан бўлиб, ўзининг илғор пахтакор, мард чавандозлиги билан эл ҳурматига сазовор бўлган. Шу боисдан ҳам фарзандларининг илмли-маърифатли бўлиб вояга етишига алоҳида эътибор қаратган.
Норбуви Юсупова 1957 йилда Оқдарё тумани "Оқдарё" МФЙ га қарашли Тортувли қишлоғида оддий деҳқон оиласида туғилган. 1974 йилда тумандаги 19-умимий ўрта таълим мактабини аъло баҳоларга тугаллаб, СамДУнинг тарих факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни 1981 йилда битириб, ўзининг педагоглик иш фаолиятини аввал 29-мактабда, кейинчалик 19-мактабда давом эттиради. Тажрибали педагог қарийб 32 йил давомида келажагимиз ворислари бўлган ёш авлодга тарих, жамият, ҳуқуқшунослик, миллий истиқлол ғояси фанларидан сабоқ берган. Ўзининг илм-фанга чанқоқлиги, ўз касбининг сир-асрорларини пухта эгаллаганлиги боис тажрибали педагог сифатида Н.Юсупова туман, вилоят миқёсида ўтказилган турли хил тадбирларда, фан олимпиадаларида ҳакамлик вазифасини масъулият билан адо этар эди. Олий тоифали устознинг кўплаб шогирдлари бугунги кунда жамиятимизнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатишмоқда.
Айни пайтда ҳам Норбуви ҳожи она юртимиз фаровонлиги, қишлоқларимизнинг ободлиги йўлида, миллий қадриятларимизни улуғлаш ва халқ ўртасида тарғиб қилишдек эзгу мақсад йўлида хайрли ишларини давом эттириб келмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Норбуви опанинг оналари Норжоной Расулова ҳам ўзбек аёлининг ҳақиқий тимсоли эди. Миллий урф-одатларимиз ва қадриятларимизга хос бўлган миллий каштачилик, халқ оғзаки ижодидан алла, келин салом, лапарлар, фольклор ва терма қўшиқлар айтиш, байрам тадбирларини саҳналаштириш сингари кўпгина истеъдодлар Норбуви опага онасидан ўтганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда бебаҳо бойлигимиз ва меросимиз бўлган бу каби миллий анъана ва удумларимиз авлоддан авлодга ўтишида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган Норбуви опанинг номи шу боисдан ҳам халқимиз орасида юксак эътибор ва ҳурматга сазовордир. Зеро, элга хизмат қилган инсонлар ҳеч қачон кам бўлмайди.
Норбуви Юсупова айни пайтда кекса ёшда бўлишига қарамасдан ҳамон маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда фаолият кўрсатиб келмоқда. Маҳалла отинойиси сифатида "Амир Темур" масжиди имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси сифатида ҳамда туман ҳокимлиги Хотин-қизлар бўлими ҳамда Нуронийлар жамғармаси қошидаги "Оқила аёллар" ҳаракати фаоли сифатида фаолият юритмоқда. Бу борада нотинч оилалар билан тарғибот ишларини олиб бориш, қишлоқ аёлларига ҳар томонлама кўмак беришда фаоллик кўрсатмоқда.
Халқи учун, она-Ватани учун хизмат қилишни ўзининг бош мақсади деб билган бу фидойи онахон қишлоқдаги хонадонларга ичимлик суви олиб келишда ҳам бош-қош бўлди. "Меҳрибонлик уйи"дан фарзанд олиб тарбиялаб, унга оналик меҳрини бериб вояга етказганлиги ҳам у кишининг яна бир инсонийлик фазилатларидан бири ҳисобланади.
Норбуви Юсупова оилада 4 нафар фарзандларининг ҳамда 11 нафар невара ва 1 нафар чеваранинг севимли онаси ҳамдир. Турмуш ўртоғи Муҳаммадражаб Умаров спорт мураббийси сифатида фаолият юритган. Шунингдек, кўп йиллар давомида уста пахтакор сифатида самарали меҳнат қилиб, фермерлик хўжалигини бошқарган. Айни пайтда катта қизи Хуршида вилоят "Шошилинч тез ёрдам бўлими"да ҳамшира, ўғли Ҳасан ҳисобчи, Зуҳра тумандаги 28-мактабда бошланғич таълим ўқитувчиси, ўғли Жаҳонгир эса вилоят газ таъминоти ташкилотида фаолият юритмоқда.
Дарҳақиқат, инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу мақсадларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Чунки, аёл фидойи бўлса, унинг хонадони ҳам фаровон, фарзандлари меҳнат ва бахт қадрини билиб вояга етишади. Бугунги қаҳрамонимиз Норбуви Юсупова ҳам қишлоқ аёлларининг ана шундай ёрқин намунасидир. Зеро, юртбошимиз айтганидек:
- Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш - менинг энг катта ниятим. Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз!
Ана шундай эзгу мақсадларни ўз қалбига жо қилган ва айни пайтда ҳам табаррук ёшда бўлишига қарамасдан элу халқ хизматида фаолият кўрсатаётган онахонимиз Норбуви Юсупованинг беминнат хизмати жорий йилда давлатимиз томонидан юксак мукофот - "Мўътабар аёл" кўкрак нишони билан тақдирланди. Фурсатдан фойдаланиб биз ҳам бу фидойи онахонни тумандошларимиз номидан ушбу юксак мукофот билан самимий муборакбод этамиз. Онахоннинг халқ манфаати йўлидаги эзгу ишларига ривож, ўзига эса соғлик-саломатлик, узоқ умр тилаб қоламиз.
Гулсара ТИНИБЕКОВА.
Мавзуга оид:
Янги асар хабари
- 11 мар, 17:02
Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10
Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37
Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05
Саломатлик
- 21 янв, 14:51




