УЛАР ВАТАН УЧУН ЖАНГ ҚИЛГАНЛАР

Исоқ Қиличевнинг номини оқдарёликлар иккинчи жаҳон урушининг фаол иштирокчиси, туманда раҳбарлик вазифаларида самарали меҳнат қилган инсон сифатида ях-ши билишади. И.Қиличев туман халқ таълими бўлимининг мудири бўлган кезларда ўнлаб мактаблар қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Аҳмад Пўлатов иккинчи жаҳон урушида мардлик намуналарини намойиш этиб, жанг майдонларидаги хизматлари учун кўплаб орден ва медалларга сазовор бўлганлардан бири. Урушдан ғалаба билан қайтгач кўп йиллар масъул раҳбарлик вазифаларида фаолият кўрсатиб, элда эъзоз топди.
"Зарафшон" жамоа хўжалигида яшаган Машраб Умурзоқов ҳам урушнинг оғир кунларини бошидан кечирди. Урушдан кейинги йилларда хўжаликда пахтачиликни ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Қилган меҳнатлари эвазига бир қатор орден-медалларга сазовор бўлди.
Чайжовул қишлоғида туғилиб ўсган Турсун Тўхтаев иккинчи жаҳон урушида кўп бор жасорат кўрсатиб, душманни тор-мор этишда мардлик намуналарини намойиш этди. Уруш тугагач, кўп йиллар ҳозирги СЭО ва ЖС бўлимида фаолият кўрсатиб, эл соғлигини сақлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшди.
Рофе Ҳамроев жамоа хўжалигида яшаган уруш қатнашчиси Мурод Холбоев пахтачиликни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун қатор орден ва медалларга сазовор бўлган эди. Унга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган механизатор унвонининг берилиши ҳам бу камтарин инсоннинг меҳнатига берилган баҳодир.
Турдимурод Маматов Оқдарёнинг фидойи, ташкилотчи фарзанди эди.  Уруш йилларида жангоҳларда жасорат кўрсатган меҳнатсевар инсон тинч қурилиш йилларида ҳам элимиз учун хайрли ва жуда кўп ободонлаштириш ишларини амалга оширган.