9 апрель - йирик давлат арбоби, буюк саркарда Амир Темур таваллуд топган кун ДУНЁНИ ЛОЛ ҚОЛДИРГАН БУЮК САРКАРДА

Амир Темур ибн амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси амир Муҳаммад Тарағай барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади.
1360 йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгач, 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади.
Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга келди. Соҳиб- қирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Закавказье мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда - Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди.
Темур фаолиятида муайян сиёсий йўл - майда феодал ҳукмронлигини тугатиш, муҳим халқаро карвон йўлларида устунлик қилиб турган Олтин Ўрда, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг рақобатини енгиб, Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш эди. Амир Темур авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди.
"Темур тузуклари"да давлат тизими, давлатдаги турли лавозимларнинг вазифаси, ундаги турли тоифалар ва уларга муносабат, давлатни бошқаришга асос бўлган қоидалар, қўшинларнинг тузилиши, тартиби, уни бошқариш, таъминлаш, рағбатлантириш, қўшин турларининг тутган ўрни ва ўзаро муносабати каби масалалар баён этилади. Давлат ишларини ҳар доим ислом ва шариат ҳукмлари асосида олиб борилганлиги бир неча бор таъкидланади. "Салтанатим мартабасини,- деб таъкидлайди Амир Темур,- қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, салтанатим ишларига аралашиб, зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди". Бундан ташқари, асарда жамият ишларидаги одамларнинг 12 тоифага бўлиниши, салтанатни бошқаришда 12 қоидага амал қилинганлиги, салтанат 4 қатъий қоидага асосланиши каби масалалар ҳам тартиб билан баён этилган.
Амир Темур илм-фан, маънавият аҳлига эътибор, меҳрибонлик кўрсатиб, улардан жамият маданий ҳаётида фойдаланишга интилар экан, тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, "Темур олимларга меҳрибон, сай-йиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди".
Амир Темур саройида кўплаб илм-маърифат алломалари Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунши, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Соҳибқироннинг марҳаматидан баҳраманд бўлиб, унинг хизматида бўлдилар. Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянглэ шундай ёзади: "Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди".
Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қила олган. Унинг Византия, Венеция, Генуя, Испания, Франция, Англия, бошқача айтганда, ўша вақтда кўпроқ маълум ва машҳур бўлган Оврўпо давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва уни мусаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини француз ва инглиз қиролларининг унга ёзган мактублари билан далиллаш мумкин.
Манбаларда соҳибқирон Амир Темур - ёрқин хислатларга эга эканлиги, хотираси ўткир, шижоатли ва қатъиятли, бирсўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланади.
Амир Темурнинг Осиё, умуман жаҳон тарихидаги хизматлари ва тутган ўрни ҳақида хулоса қилиб, қуйидагиларни таъкидлаб ўтиш жоиздир. Амир Темур Марказий Осиёни мўғуллар исканжасидан озод этишда барча юртпарвар кучларни уюштириб, уларни мустақиллик учун курашга йўналтирган етакчи раҳбар, ерли халқнинг бу соҳадаги орзу-умидларини рўёбга чиқишига улкан ҳисса қўшган саркардадир. Амир Темур кўп йиллар давомида мустамлака бўлиб, чет эллик ҳукмдорларга бўйсуниб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда ўз юрти, халқининг куч-қудратига таянган мустақил ва ягона давлат барпо эта олди. Амир Темур ҳам ўз даврига хос бўлган турли сабабларга биноан бошқа мамлакатларга юришлар қилди ва Оврўпо мамлакатларининг ривожланишини тезлашишига ўз ҳиссасини қўшди. Росcияни Олтин Ўрда зулмидан, Оврўпони Туркия тажовузидан сақлаб қолди. Амир Темур ўз сиёсатида маданият, ободончилик, ҳунармандчилик ҳомийси бўлиб танилди. Ўз сиёсати билан маданий юксалишга ва туркий тилнинг ривожига кенг йўл очиб, нафақат Марказий Осиёнинг маданий-маънавий оламида, балки бутун мусулмон олами тарихида ўчмас из қолдирди ва сўнгги ривожланишига катта таъсир кўрсатди. Амир Темур қатор Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Оврўпо мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берди.
(Интернетдан олинди.)