ҚАЙНОНА ОНА ЭМАСМИ...

Анзират холанинг ёши етмишни қоралаб қолганига қарамасдан келини ишдан қайтгунига қадар рўзғор юмушларини қилиб, ёлғизгина ўғли Муроднинг икки нафар фарзандига қараб ўтиради. Набираларининг бири 5 ёш, кичиги эндигина 2 ёшга тўлган. Бувиси уларни еру кўкка ишонмасдан қийналиб бўлсада, ўзи парваришлайди. Ўғли ва келини ишдан жуда кеч қайтишади, шундай бўлсада, онаизор кечки овқатни ҳам ўзи пишириб, улар келгунига қадар овқатни ҳам емай кутиб ўтиради.

Бир куни нима бўлди-ю келини ишдан кела-кела сумкасидаги телефонини қўлига олиб уйига кириб кетди. Ҳаттоки, икки нафар боласини ҳам сўрамади. Шундай бўлсада, қайнона тезда дастурхонни ёзиб, пиширган овқатини сузиш учун ошхонага кириб кетди. Овқатни дастурхонга қўйиб, дамлаб қўйган чойини устини очди. Шунда ҳам келини чиқавермади, уни чақириш учун борар экан, келиннинг овози баралла эшитилар эди:

- Э, дугонажон қайнонамни нимасини сўрайсан, ўзи қариб қолган, лекин бечора мен ишдан қайтгунимга қадар барча рўзғор ишларини қилади, икки болага ҳам ўзи қарайди. Ҳозир ҳам ҳар доимгидек пиширган овқатини емасдан мени кутиб ўтирибди. Шу одатлари менга умуман ёқмайди, мени кутиб нима қилади, онаммиди у... 

Диванида ётиб олиб дугонаси билан ғийбатлашаётган келин шу пайт рўпарасида турган ойнадаги қайнонасини аксини кўриб, ўрнидан сакраб турди. Қўлидаги телефонини отиб юбориб, қайнонасини орқасидан югуриб чиқди.

 Анзират хола хонтахта устида турган овқатга ишора қилиб:

- Келин, сиз ёқтирган овқатингиз – манти пиширган эдим, еб олинг, мен дам оламан, деди-ю ётоғига кириб кета бошлади. 

- Ойижон, тўхтанг, сиз мени нотўғри тушундингиз, мен бошқа маънода айтаётган эдим. Келинг, овқатни бирга еймиз...сизни жуда ҳам яхши кўраман...

Келиннинг бу гапларини энди қайнона эшитмас эди, унинг қалби қаттиқ яраланган, қулоғининг тагида эса келинининг дугонасига телефонда айтган гаплари жаранглаб турар эди...

 Гулсара ТИНИБЕКОВА.