ЖУРНАЛИСТ БЎЛИШ ОСОН ЭМАС

16-умумтаълим мактабида Йўлчи Муҳаммадиевнинг "Туҳмат гирдоби" китоби тақдимоти юқори савияда ўтказилди
Буюк рус ёзувчиси Максим Горький "Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман" деган эди. Ҳақиқатдан ҳам барча замонларда яшаб ўтган алломаларимиз китобнинг офтоб ва билимлар манбаи эканлигини доимо таъкидлаб келишган. Айниқса юртбошимизнинг ташаббуси билан ҳар йили мамлакатимизда ўтказилаётган "Ёш китобхон" танловлари бу борада катта аҳамият касб этмоқда. Чунки танлов ташкил этилганидан сўнг мактабларда, олий ўқув юртларида, умуман олганда, ёшлар ўртасида китоб ўқишга қизиқиш кескин ошди. Жумладан, туманимизда ҳам ҳар йили ўтказилаётган танловларда ёшларнинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда.
Ўтган шанба куни 16-умумтаълим мактабида "Оқдарё овози" газетасининг бош муҳаррири, "Йилнинг энг фаол журналисти" республика танловининг ғолиби Йўлчи Муҳаммадиевнинг қаламига мансуб "Туҳмат гирдоби" китобининг тақдимоти ташкил этилди. Очиғини айтганда, мактаб жамоаси ва ўқувчилар бу кунни орзиқиб кутишди. Чунки муаллифнинг ўзи ҳам шу мактабда ўқиб, тажрибали педагоглар таълимини олиб, шу касбни танлаганини ўзининг суҳбатларида кўп бор таъкидлаган. Тақдимотда сўз олган мактаб директори Гавҳар Йўлдошева кейинги йилларда ўқувчилар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бўйича катта ишлар амалга оширилаётганлигини, бу эса ўзининг самарасини бераётганлигини таъкидлаб, китоб муаллифи ҳақидаги илиқ фикрларини баён этди. Тадбир давомида ўқувчилар томонидан китобдан ўрин олган "Контракт" ҳикояси саҳна кўринишида намойиш этилганлиги йиғилганларнинг олқишларига сазовор бўлди.
Ўқувчилар муаллифга асарнинг яратилиш тарихи ва ижоди ҳақида анчагина саволлар беришди. Муаллиф ҳам ўз навбатида ҳар бир ёш аниқ мақсад йўлида доимо китобга ошно бўлган ҳолда устозларининг изидан боришлари лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Тадбирнинг мазмунли ўтишида мактаб кутубхоначиси Зуҳра ўофурова, ўқувчилардан Мехрож Тиркашев, Диёра Фарҳоджонова, Шоҳсанам Муҳаммадиева, Кумуш Зокиржонова, Паризода Дўстқобилова, Гулбаҳор Бекназарова, Норгул Баҳриддинова, Дилшод Абдураҳмонов, Муниса Баҳриддинова, Анвар Юнусов, ўолиб Юсупов, Дилмурод Юнусовларнинг фаолликлари таҳсинга сазовор бўлди. Тадбир сўнггида муаллиф томонидан мактаб кутубхонасига Абдулла Қодирий, Пиримқул Қодиров ва бошқа бир қатор таниқли ёзувчиларнинг китоблари тақдим этилди. Шунингдек, тадбирда ҳаваскор рассомлар томонидан чизилган китоб муаллифининг сурати тантанали равишда топширилди. Бир сўз билан айтганда, ўтказилган китоб тақдимоти барчада бир олам таассурот қолдирди.
    Гулзода ШЕРХОНОВА,
    мактабнинг ижодий-маданий масалалар бўйича 
тарғиботчиси.
Суратда: тадбирдан лавҳа акс эттирилган.
Суратни С.Ибрагимов олган.