УСТОЗ ЖУРНАЛИСТЛАРНИ ЁД ЭТИБ

Мамлакатимиз журналистикасининг бугуни ва келажагини газета ва журналларсиз тасаввур қилиш қийин. Айниқса, уларнинг чоп қилиниш адади кундан-кунга камайиб кетаётган, айрим нашрлар ҳаттоки, бутунлай тўхтаб қолиш хавфини сезаётган бир шароитда бу зарурат яққол кўзга ташланмоқда. Кейинги йиллардаги аҳолини босма нашрларга обуна қилиш тизимидаги янгича ёндашувлар туфайли барча таҳририятлар молиявий муаммоларга дуч келди. Бу ҳам етмагандек, улар ўзини ўнглагунича, айрим кишилар газеталардан босқичма-босқич воз кечиш ғоясини ҳам илгари сурдилар. Бундай маъносиз таклифлар журналистлар орасида жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Гап газета ва журналларнинг бугунги аҳволи, бу соҳада ҳалол меҳнат қилаётган минглаб заҳматкаш журналистлар ижодий муҳити ҳақида кетар экан, таҳририятлар қадр-қимматини пастлатишга қаратилган бу каби фикрларни асло оқлаб бўлмайди. Негаки, ахборот манбаларига бўлган эҳтиёжни янги шаклланган интернет тизими орқали топишга уринаётганлар сафи тобора ортиб бораётир. Яна бир ҳақиқат шуки, "Instagram", "Facebook", "Youtube", "Telegram" сингари тармоқлар қанчалик тез оммавийлашмасин, барибир одамларнинг газета ўқишга, ундан маънавий озуқа олишга бўлган эҳтиёжи сақланиб қолаверади. Чунки босма нашрлар олий маълумотли журналистлар, тилшунослар, адиблар, шоирлар, турли соҳа олимлари ва педагогларнинг ўзаро ҳамкорликдаги машаққатли меҳнатлари самарасидир.
"Оқдарё овози"газетаси шонли 90 йилни босиб ўтди. Газетанинг бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиев раҳбарлигидаги таҳририятнинг ижодий жамоаси бугунги кунда ҳам туманимизнинг барча жабҳаларидаги янгиликларни, шунингдек, тараққиётимизга раҳна солаётган салбий ҳолатларни ёритишда жонбозлик кўрсатишмоқда. Ўтган йиллар давомида туманимизда газетанинг оммавий шаклланишига беқиёс ҳисса қўшиб, сафимизни тарк этган марҳум журналистлар ва ижодкорлар хотираси эса ҳаммамиз учун доимо азиздир. Ниёзхон Алиев, Абдумурод Рўзиев, Тошназар Тўғизбоев, Ўктам Қурбонов, Абдураззоқ Эгамқулов, Ойсанам Тўрақулова... Уларнинг иззат-ҳурмати, порлоқ хотиралари қалбимизда мангу барҳаётдир.
Гулсара ТИНИБЕКОВА,
махсус мухбиримиз.
Мавзуга оид:

Янги асар хабари
- 08 мар, 15:10

Янги асар хабари
- 04 мар, 13:37

Янги асар хабари
- 01 мар, 00:05

Янги асар хабари
- 25 фев, 16:00