Халқ депутатлари Оқдарё тумани Кенгашининг сессияси ўтказилди

МУҲИМ МАСАЛАЛАР  МУҲОКОМА ЭТИЛДИ

Ўтган шанба куни халқ депутатлари туман кенгашининг ўн саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туман кенгашининг депутатлари, ташкилот ва муассаса-ларининг раҳбарлари иштирок этдилар. Сессияни халқ депутатлари туман кенгашининг раиси, туман ҳокими Н.Сулаймонов бошқариб борди. Сессияда 5 та масала кўриб чиқилди. 

Йиғилганлар кун тартибидаги биринчи масала - тумандаги мактабгача таълим ташкилотларнинг пандемия даврида карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда фаолият олиб бораётганлиги ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати юзасидан туман мактабгача тарбия бўлими мудири Б.Асророванинг ҳисоботини тингладилар. Маърузачининг таъкидлашича, кейинги йилларда бу борада бирмунча ижобий ишлар амалга оширилган. Тизимда давлат шерикчилиги асосидаги оилавий болалар боғчалари сони кўпайган. Бироқ шундай бўлсада, болалар боғчаларида бир қатор камчиликлар учраб турибди. Айрим мактабгача тарбия муассасаларини қишга тайёргарлиги суст аҳволда, баъзи боғчаларда эса муддати ўтган озиқ-овқат маҳсулотларини болаларга бериш ҳоллари учраяпти.

Туман прокурори Д.Кубаевнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг муро-жаатларини бажарилиши тўғрисидаги ахборотида таъкидланишича, туман прокуратурасига жорий йилнинг 10 ойи давомида жами уч мингга яқин мурожаатлар келиб тушган. Мазкур мурожаатларнинг 2235 таси яъни 74 фоизи туман прокуратурасида кўриб чиқилиши таъминланган бўлса, қолган 765 таси тегишли ваколатли идораларга юборилган. ўрганишлар жараёнида жисмоний шахсларнинг мурожаатлари мутасадди ташкилотлар томонидан кўриб чиқилишида кўплаб қонун бузилиши ҳолатлари аниқлангани ачинарлидир.  Келгусида йўл қўйилган нуқсонларни тугатиш юзасидан ташкилот ва муассаса раҳбарларига йўл-йўриқлар кўрсатиб ўтилди. 

Кун тартибидаги учинчи масала - Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги  ПФ-6096 сонли фармони ижросини таъминлаш юзасидан туман «Оқдарё овози» газетасининг ташкилий ҳуқуқий шаклини ўзгартириш бўйича газета муҳаррири Й.Муҳаммадиевнинг ҳисоботи тингланди. Маърузачининг таъкидлашича, халқ депутатлари туман кенгаши ва туман ҳокимлиги нашри бўлган газета 1931 йилдан буён чоп этиб келинмоқда. Келгуси йилда газета ўзининг 90 йиллигини кенг нишонлайди. Бу санани муносиб кутиб олиш учун пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Газета тарихини акс эттирувчи махсус китоб тайёрланаяпти. Кейинги йилларда таҳририят ходимлари томонидан уч қисмдан иборат «Оқдарё фарзандлари» ва икки қисмдан иборат «Оқдарё баёзи» тўпламлари нашр этилди. 

Газетанинг ўқимишли чиқиши учун ходимлар астойдил изланиш олиб боришмоқда. Бу ерда меҳнат қилаётганлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилган. Газета ҳафтанинг пайшанба куни Самарқанд шаҳрида чоп этилиб, ўша куннинг ўзидаёқ обуначиларга етказиб берилаяпти. Шу беш йил ичида газетанинг обуначилари кўпай-ганлигини эътироф этиш керак. Жорий йилнинг ўзида қа-рийб 4000 минг киши обуна бўлганлиги бунинг ёрқин далилидир. Албатта, газетанинг давлат унитар корхонасидан масъулияти чекланган жамиятга айлан-тирилгандан сўнг фаолият кўрсатиши осон бўлмайди. Чунки ҳозирга қадар обуна масаласи билан туман ҳокимлиги шуғулланиб келган.  Таҳририят ходимлари бундан кейин ҳам халқ депутатлари туман кенгаши ва туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда иш олиб бориб, обунанинг кўпайиши учун астойдил ҳаракат қилишади. Албатта бунда депутатларнинг, маҳалла раисларининг, ташкилот ва муассаса раҳбарларининг ёрдами зарур бўлади. 

Шундан сўнг сессия иштирокчилари жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси И.Дониёровнинг 2020 йил 9 ой давомида  амалга оширилган ишлари тўғрисидаги ва туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Э.Холмаматовнинг 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсуми учун жамғарилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бугунги кундаги ҳолати тўғрисидаги ҳисоботларини тингладилар.

Сессияда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессия ишига халқ депутатлари туман кенгашининг раиси, туман ҳокими Н.Сулаймонов якун ясади.


Ўз мухбиримиз.



Мавзуга оид:
Қарорлар

Қарорлар

  • 23 ноя, 15:07