Суд ва ҳаёт


ҚОРОВУЛХОНАДАГИ “МУШТУМЗЎРЛИК” ОҚИБАТИ

Суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Ж.Д.нинг кўрсатувида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, берган баёнотига кўра қуйидагилар аниқланди.

У 2018 йилдан буён “Даҳбед” шаҳарчасидаги “Самарқанд-Агро-Иқтисодиёт” коллежи ҳудудида жойлашган “Форфор-Гранд” МЧЖ чинни идишлари ишлаб чиқариш цехида қоровул бўлиб ишлаб келади. Турмуш ўртоғи кетиб қолганидан сўнг Зарифа исмли қиз билан танишиб, учрашиб, у билан чинни цехи қоровулхонасида 1 ой мобайнида яшаб юрган бўлсада, лекин унинг фамилиясини, аниқ яшаш манзилини ҳам билмасди. Зарифа туфайли ўзаро жанжаллашиб қолган, “Самарқанд-Агро-Иқтисодиёт” коллежида қоровул бўлиб ишлаб келаётган Ў.И.ни эса у  олдиндан танир, у билан салом-алик қилиб туришар, ўрталарида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаган эди.        Икковининг ўртасидаги келишмовчилик 2020 йил 21 апрель кунидан бошланди. Шу куни Зарифани туғилган куни муносабати билан соат 20:00 да уни туғилган кунини нишонлаш учун чинни цехи қоровулхонасида базм уюштирилади. Унда фақат Зарифа иккаласидан бошқа киши бўлмаган ва  шу вақтда Зарифа бир шиша пиво ичган, у эса бир шиша ароқни ичиб гаплашиб ўтиришар эди. 

Кечаси соат 23:30 лардан ўтган вақтда уларни олдиларига коллеж қоровули Ў.И.ни бир ўзи келиб қолади ва уни ҳам ўтиришга таклиф қилишади. Ў.И. ҳам улар билан ўтириб, овқатланиб, гаплашиб ўтиришади, лекин у ароқ ичмайди. Зарифа “меҳмон” келганидан сўнг бошқа хонага ухлаш учун кириб кетади. Икки эски танишлар анча вақт гаплашиб ўтиришгандан кейин, чарчагани учун “мезбон” “меҳмон”га: “Сиз бемалол ўтираверинг, телевизорни ўчираман, энди дам оламан”, деб айтади. У “бемалол ётавер”, деб айтади ва бир ўзи 5 дақиқалар ўтирганидан сўнг, шу ерда турган пиво ва 2 дона пиёлани олиб Зарифа ётган хонага бостириб кириб кетади. У Зарифани ухлаб қолган деб уйлаб, унга шилқимлик қила бошлайди. Зарифа уни уришиб ташлайди.

Шундан сўнг Ж.И. ҳам ўрнидан туриб уларни олдига бориб, Ў.И.га: “ташқарига чиқинг, эртага гаплашаман сиз билан”, деб айтади. Улар ташқарига чиққандан сўнг қоровулхонани ташқарисида “Зарифа” масаласида келишмай қолишади ва Зарифага шилқимлик қилгани учун қўли билан Ў.И.ни юзига урганида у киши ерга йиқилиб тушади. Сўнгра қўл ва оёқлари билан унинг бошига, юзига ва дуч келган жойларига бир неча марта уриб тепиб ташлайди, қаттиқ тан жароҳати етказади. Шу пайт Ў.И.ни юзи ва бошидан қон келганлигини кўриб, сергак тортган Ж.И. “Тез тиббий ёрдам”га қўнғироқ қилади. Уларнинг жанжалини ўзларидан бошқа ҳеч ким кўрмади, бу пайтда Зарифа ҳам ичкарида ухлаб ётарди. Қўрқиб қолган Ж.И. шу коллежда директор ўринбосари бўлиб ишловчи Ахрор акага ҳам қўнғироқ қилиб уни чақирди. Бир зумда Ахрор ака ҳам, “Тез тиббий ёрдам” автомашинаси ҳам етиб келди, Ў.И.ни шифохонага юборишди. 

Ҳозирги кунда “муштумзўр” Ж.И. жабрланувчига етказилган моддий ва маънавий зарарларни тўлиқ қоплаб берганлигини, жабрланувчини унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олиб, суддан унга нисбатан қонуний енгиллик беришликни билдириб баёнот берди.

Судланувчи Ж.Д. ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб баён қилган кўргазмасидан ташқари, унинг айби суд мажлисида сўроқ қилинган жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўргазмалари билан тўлиқ исботланди.

Судланувчи Ж.Д.га ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддасининг 1-қисми билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

 И.ДОНИЁРОВ,

            жиноят ишлари бўйича туман судининг раиси.                              

Мавзуга оид: