ҲАМЗА АДАБИЁТГА ҚАЙТАДИМИ?

Мустақилликка эришганимиздан сўнг буюк жадидчи боболаримиз бўлган Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидов, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Авлоний сингари миллатпарвар инсонларнинг асарлари нашр этилиб, мактабларда, олий ўқув юртларида кенг ўрганилмоқда. Бу албатта қувонарли ҳол. Бироқ афсуски, шўро даврида дарсликларда ижоди ўрганилган бизга биринчи ўзбек драматурги, ўзбек совет адабиётининг асосчиси дея таъриф берилган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг адабиётдан олиб ташланиши ўринлими, деган савол пайдо бўлади. Бир    пайтлар Ҳамза номида юртимизда катта академик театр, метро, туманлар юритиларди. Негадир мустақиллигимиздан сўнг унинг номи барча жойлардан олиб ташланиб, адабиётга ҳам киритилмаганлиги тушунарсиз бир ҳол дегимиз келади. Хўш, аслида Ҳамза ким бўлган эди? Бу саволга таниқли адабиётшунос, академик Наим Каримовнинг ўтган йил "Ишонч" газетасида босилган "Барҳаёт Ҳамза" номли мақоласида батафсил жавоб берилган. Мақолада айтилганидек, 1889 йилда Қўқонда табиб оиласида таваллуд топган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг босиб ўтган ҳаёт йўли ҳар жиҳатдан ибратли дейиш мумкин. Бутун умрини миллатимизни саводли ва илмли қилишга бағишлаган шоир йигирма уч ёшларида ҳаж сафарига бориб келади. Қўқон ва Шоҳимардон қишлоқларида мактаблар очади. Ҳатто Хоразмга бориб театр труппаларини ташкил этганлиги тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд. Биз ўрта мактабларда Ҳамзанинг "Ҳой ишчилар", "Ўзбек хотин-қизларига", "Ҳой-ҳой отамиз" шеърларини, "Бой ила хизматчи", "Майсаранинг иши", "Бурунги сайловлар" сингари драмаларини ўқиганмиз. Драматургнинг юқорида айтилган "Бой ила хизматчи" драмаси мамлакатимизнинг барча театрларида қарийб етмиш йил давомида саҳналаштирилди. Шу номдаги бадиий фильм ҳам яратилган. Академик Наим Каримовнинг мақоласида айтилганидек, Ҳамзани адабиётга қайтариш ниҳоятда муҳим. Афсуски, бунга қарши турганлар ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Эшитишимизга қараганда биргина Ҳамзани фақат ёмон отлиқ, қоралаш учун ўнлаб илмий ишлар қилиниб фан доктори, профессор унвонларига сазовор бўлган олимлар ҳам бор экан. Шуниси ачинарлики, бошқа миллатларда ижодкорнинг шахсияти ким бўлишидан қатъий назар, уни ардоқлаб, жой номларини уларнинг номи билан аташаётган бўлса, бизда эса ҳақиқий миллатпарвар шоирларимизнинг номларини ўчириш билан машғул бўлаяпмиз. Бундан ташқари миллатпарвар ёзувчимиз Набижон Боқий йигирма беш йил давомида собиқ КГБ архивларини ўрганиб Ҳамза, Абдулла Қодирий ҳақидаги ҳақиқий маълумотларни ўрганди. Адиб Ҳамза ҳақидаги "Қизил тошбўрон" романида Ҳамзанинг босиб ўтган ҳаёт йўлини батафсил ёритган. 
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий бутун умрини халқнинг билимли ва илмли қилишга бағишлаган бўлсада, 1929 йилнинг 18 мартида Шоҳимардон қишлоғида бир гуруҳ диний унсурлар томонидан ваҳшийларча ўлдирилганлигини катта ёшдаги юртдошларимиз адабиётлардан ўқишган. Ҳамза ўлдирилгандан сўнг тергов ишлари узоқ вақт давом этиб минг нафардан ортиқ киши тергов қилинган. Суд жараёнлари ҳам бир йил давом этганлиги тўғрисида ҳужжатлар мавжуд. Ўша даврдаги машҳур фельетончи журналист Комил Алиев суд жараёнини республика матбуотида ёритиб борган. Бир пайтлар Шоҳимардон қишлоғи Ҳамзабод деб юритилган. Бу масканда Ҳамза музейи ҳам мавжуд бўлганлигини у ерга бориб келганлар яхши эслашади. 
Бугун юртимизда миллатимизнинг озодлиги йўлида жон фидо қилган жадид боболаримизга алоҳида эҳтиром кўрсатилаётган экан, улар қаторида шоир ва драматург Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийнинг ҳам муносиб ўрни борлигини эслатишимиз лозим. Шундай экан, Ҳамзанинг ижоди ва фаолияти ҳақида мактаб, олий ўқув юртлари дарсликларига киритиш зарур деган фикрдамиз. Чунки Ҳамза ўзининг қирқ йиллик умри давомида фақат халқимиз учун яшаганлигини ва ижод қилганлигини эсдан чиқармаслик керак. Ўйлаймизки, мамлакатимиздаги тегишли ташкилотлар бу масала билан жиддий шуғулланиб, Ҳамзани адабиётга қайтаради деган умиддамиз.
Й.МУҲАММАДИЕВ.