Ватан посбонлари

ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИ 

БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

2-умумтаълим мактабининг  фаоллар залида ёшлар, ота-оналар ҳамда маҳаллалар аҳолисининг вакиллари иштирокида ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари ташкил топган куннинг 29 йиллиги муносабати билан тантанали тадбир ўтказилди. 

Тадбир ўтказилаётган жараёнда ватан ҳимоячилари билан юзма-юз учрашув, шаффоф ва эркин савол-жавоблар давра қатнашчиларида катта қизиқиш, ҳавас ва ҳаяжон уйғотди. ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари кичик мутахассислар тайёрлов маркази ходими майор Азиз Нав-рўзов ўз ҳудудларига қарашли вилоятлардаги олиб борилаётган ҳарбий чора-тадбирлар, ютуқлар ҳамда эришилаётган муваффақиятлар тўғрисида ёшларга тўлқинланиб гапириб берди. 

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш Вазирлигининг  бошқарма бошлиғи Хайринисо Мирзажонова ҳамда Жамол  Назаровлар маҳалла ва оила институтлари фаолиятида ҳарбий ватанпарварлик ғояларининг  ёшлар ҳамда ота-оналар ҳаётидаги ўрни, қуролли кучларимизнинг қудратли бўлишида ёш йигит-қизларимизнинг бошланғич ҳарбий тайёргарликларини янада мустаҳкамлаш лозимлиги ҳақида батафсил тўхталдилар. 

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаати ҳамда Республика Ёшлар форумидаги нутқи тадбир иштирокчиларининг ҳар бир чиқишида ўз аксини топди.    

Халқаро Армия ўйинлари 4 карра ғолиби, катта сержант Шермат Давронов ўзининг оилавий-ижтимоий ҳаёти ҳамда Армия сафига бориб командирлари томонидан берилган топшириқларни аъло даражада бажариб, қозонган ишонч ва ғалабалари тўғрисида тадбир иштирокчиларига юксак ғурур ҳамда мамнуният билан сўзлаб берди. Ш.Давроновнинг амалий машғулотлари, замонавий қуроллардан фойдаланиш, уларни асраш, йиғиш ва бўлаклаш тажрибасидаги тезкорлик, аниқлик иштирокчиларнинг олқишларига сазовор бўлди. Мулоқотга киришиб кетган маҳалла йигитлари ҳамда 2-умумтаълим мактабининг ўқитувчиларидан вакиллар ихтиёрий равишда Халқаро Армия мусобақаларининг 4 карра ғолиби билан беллашдилар ва ўзига хос яхши натижаларга эришдилар. ўз ўрнида Ш.Давронов Россия, Хитой, Ҳиндистон, Белоруссия ва бошқа давлатларда бўлиб ўтган халқаро Армия ўйинларидаги ўзбекистон Республикаси қуролли кучларининг шарафли ўринлари, Армиямизнинг мислсиз куч-қудрати ҳақида сўзлади. 

Тадбирдан сўнг Янгиқўрғон ёшлари  мактаб ҳовлисидаги кенг майдонда Армия командирларининг  раҳбарлигида ҳарбий қатор ташкил қилдилар. Жанговар қадамларига мос шиор ҳамда қўшиқлар ижро этдилар. 

Халқимиз орасига, мактаб ҳамда маҳаллаларга мутахассислар ва турли ташкилот мутасаддиларининг кириб келиши, ҳар иккала томонларнинг юзма-юз учрашувлари, жонли мулоқотлар маҳаллий халқ ва иштирокчиларнинг қалбида катта таассуротлар қолдирди. 

Ойгул МАМАТОВА. 


Мавзуга оид:
Хотира

Хотира

  • 30 дек, 11:02
Тадбирлар

Тадбирлар

  • 27 ноя, 11:51