Педагогика

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИГА МАСЪУЛМИЗ

Она юртимизнинг гуллаб-яшнаши, янада равнақ топиши бу келажак авлодларимиз бўлган ёшларимиз қўлидадир. Шу боисдан ҳам бугунги даврнинг талаби улғайиб келаётган баркамол авлодга ҳар томонлама таълим-тарбия бериш, уларни муносиб кадрлар қилиб тайёрлашни биз педагоглар олдига муҳим вазифа қилиб қўймоқда. Бунинг учун нима қилмоқ керак? Замон талаб қиладиган даражаларга қандай эришмоқ лозим?

Хуллас, савол устига саволлар.  Буларнинг ҳаммасига жавоб битта, у ҳам бўлса, таълим сифатини яхшилаш бугунги давр талабига жавоб берувчи замонавий мутахассис кадрларни етиштириш учун фундаментни мактабдан бошламоғимиз лозим.

Дарҳақиқат, фарзандларимизнинг одоб-ахлоқи, юриш-туриши, умуман олганда, таълим-тарбияси бевосита мактаб билан боғлиқдир. Ёш ниҳолга қанча ишлов берсак, у шу даражада гуллаб-яшнайдики, меҳнатимиз маҳсулини кўриб, бундан ўзимиз ҳам ҳайратда қоламиз. Фарзандларимиз ҳам худди шу  ниҳол сингари - уларга қанча таълим-тарбия берсак, уларнинг нафақат дарсда, балки дарсдан ташқари бўш вақтларини ҳам мазмунли ўтишига эришсак, албатта ўз самарасини кўрсатади. Ана шундай машаққатли ва масъулиятли вазифаларни ўз зиммасига олган инсонлар педагоглардир. 

Фарзандларимизнинг таътил кунлари ҳамда дарсдан бўш вақтларини мазмунли ва мароқли ўтказишлари учун  мактабимизда ҳам Президентимизнинг 5та муҳим ташаббуси бўйича синфлар кесимида тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Бундай тадбирларни ташкиллаштириш синф рахбарлари зиммасига юклатилди. Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш ҳамда уларни умуминсоний ва халқ қадриятларини акс эттирувчи маданият билан таништириш, қўшимча билимлар, малакалар  эгаллашга бўлган эҳтиёжларини шакллантириш ва уларни янада бойитиш ҳаётнинг олий қадрияти бўлган меҳнатга муносабатини тарбиялаш, ўқувчилар ўртасида қобилиятли, иқтидорли ёшларни аниқлаш, спорт мусобақалари ташкиллаштирилди.  Ҳар бир фан ўқитувчиси фанлар бўйича тўгарак дарслари ташкиллаштириб, дарслар замон талабларига жавоб берадиган даражада бўлиб ўтмоқда. Бундан ташқари ҳар хил қишки спорт ўйинлари ҳам бўлиб ўтди. Булардан кўзланган мақсадимиз  ўқувчиларнинг дарсда ва дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтиши ва дунёқарашини кенгайтириш, билим ва кўникмаларини шакллантириб комил инсон қилиб тарбиялашдир.

Дилдора ХУДОЙБЕРДИЕВА,

38-умумтаълим  мактаби 

директори.


Мавзуга оид: