Адлия ва суд

СУД ТИЗИМИДА ЎЗГАРИШ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Суд органлари 

фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6134-сонли Фармонининг мазмун

 моҳияти

Ўзбекистон Республикасида қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашда ҳукумат томонидан давлат механизмига кўплаб ўзгартиришлар киритилмоқда. Шу жумладан, судлар фаолиятининг моддий-техник ва молиявий таъминотида ҳам кўплаб янгиликлар амалга оширилди, фуқароларни адолатга чорлашда суд ҳокимияти катта аҳамиятга эгалигини ҳисобга олиб, судларга давлат томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 январда "Суд органлари фаолиятини молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 6134-сонли Фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, 2021 йилдан бошлаб Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, қуйи судлар судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг иш ҳақлари ва қўшимча тўловлари тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиш тартиби жорий этилди.

Бунда қуйидаги тўловлар 2021 йил 1 октябргача Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб эса республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши бел- гилаб берилди:

судлар, Судьялар олий кенгаши судьялари ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун устамалар; 

Олий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ. 

Фармон билан судьялар, суд аппарати ходимлари, Судьялар олий кенгаши, шунингдек, Судьялар олий мактаби, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси судлари, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва ходимларига меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича босқичма-босқич ўзгартиришлар киритилиб, сезиларли даражада ошириб берилмоқда. 

Судья ва суд ҳодимларининг иш ҳақи тўловлари штат жадвалларида белгиланган разрядларига асосан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича ягона тариф сеткаси бўйича оклади аниқланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 июлдаги "Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 5482-сонли Фармонига асосан ягона тариф сеткаси бўйича меҳнатга ҳақ тўлашнинг тасдиқланган разрядларига кўра судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг лавозим маошини аниқлашда тариф коэффициентлари бир ярим баравар миқдорда қўлланилиши белгиланган. 

Бундан ташқари, малака даражаси ва мансаб даражасига эга бўлган судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларига алоҳида меҳнат шароитлари учун лавозим маошларига қонун ҳужжатларида белгиланган рағбатлантирувчи қўшимча ҳақ ва устамаларни ҳисоблашда лавозим маоши таркибига киритиладиган 50 фоиз миқдорида устама тўланиши белгиланган. Шу билан бирга, судлар, Конституциявий суд, Судьялар олий кенгаши судьялари ва аппаратлари ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимларининг кўп йиллик хизматлари учун, лавозим маошларига (меҳнатни рағбатлантириш коэффициенти) устамалар ҳамда малака даражаси ва мансаб даражаси учун қўшимча ҳақ миқдорлари адлия органлари ходимлари учун белгиланган миқдорларга тенглаштирилган. Бироқ, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши раислари ва уларнинг ўринбосарлари, Олий суд ахборот хизмати раҳбари, Судьялар олий мактаби директори ва унинг ўринбосари, Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти директорига алоҳида меҳнат шароитлари учун устама тўланмайди.

Шу билан биргаликда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисига Олий суд ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаментининг юқори малакали, ташаббускор, хизмат мажбуриятларини ҳалол ва самарали бажараётган судьялари ва ходимларига Суд ҳокимияти органларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қўшимча равишда ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг 100 фоизигача миқдорда устама (пул таъминоти) тўлаш ҳуқуқи берилди.

Хулоса қилиб шуни айтишимиз мумкинки, ҳозирги кунда судьялар ва суд ходимларининг иш ҳақини ошириш, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш нормаларини қайта кўриб чиқиш ва халқаро стандартларга мослаштириш ҳам суд тизимини молиялаштиришда устувор йўналишлардан бири бўлиб, олий судлов амалга ошириш, суд тизимида коррупция билан курашиш бўйича илғор қадам ҳисобланади.


Д. АШУРОВ,

туман адлия бўлими бошлиғи.