Суд ва ҳаёт

Шаффоф баҳоланади.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони  қабул қилинди.

        Фармонга кўра, 2021 йил 1 февралдан суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Судьялар олий кенгаши ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

-илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнлари Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилади;

-судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастур (“психологик тест”) ишлаб чиқилади;

-судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар амалиётга (рейтинг дастури) татбиқ этилади.

Фармонга кўра: 

Президент томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий қилинади;

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекцияси тузилади;

Судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, “Ибратли судья” мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун “Суд фахрийси” кўкрак нишони жорий этилади.

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилади.


И.А.Дониёров

Жиноят ишлари бўйича Оқдарё 

туман судининг раиси