Нотариус маслаҳати

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ

- Васиятнома ҳақида тушунча берсангиз?

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасига кўра, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим.  қуйидаги васиятномалар ёзма  шаклда тузилган ҳисобланади:

- нотариал тасдиқланган васиятномалар;

- нотариал тасдиқланган васиятномаларга тенглаштирилган васиятномалар. 

Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши лозим.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатилган ҳолда, васиятномага  бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус ¤збекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслиги тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида қайд этади.

Шунингдек, васиятнома матнида васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган йили, шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва доимий прописка қилинган манзили ёзилади.

Васиятномани имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим.

Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.

Нотариус томонидан васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси нотариал шаҳодатлантирилиши керак.

Нотариус васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза олган тақдирда васиятноманинг нотариусда сақланаётган нусхасига белги қўяди ва тизимга бу хусусда маълумот киритади. Васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза нотариал идорада юритиладиган битимларни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида йиғма жилдда сақланади.

 Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.


Ж.САЪДУЛЛАЕВ,  

тумандаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус


Мавзуга оид: