Саломатлик
ЎЗ КАСБИДАН БАХТ ТОПГАН ҲАМШИРА
Жамиятимизда шундай касб эгалари борки, улар ўзларининг тинчидан кечиб бўлса-да, куну тун халқимиз хизматида бўлишиб, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилишдек шарафли вазифани амалга оширишади. Шу боисдан ҳам ўз касбига садоқатли бўлган, инсон саломатлигини сақлаш йўлида фидойилик кўрсатаётган оқ халатли шифокорларни халқимиз ниҳоятда эъзозлашади.
Ҳикоямиз қаҳрамони бўлган Ҳусния Расулова ҳам ана шундай эъзозли касб эгаларидан биридир. У ёшлик чоғлариданоқ шифокорлик касбига меҳр қўйганлиги боис, 1986 йилда туманимиздаги 32-умумий ўрта таълим мактабини тугаллаб, Навоий шаҳридаги тиббиёт билим юртига ўқишга кирди. Тиббиёт билим юртида ўз касбининг барча сир-асрорларини пухта эгаллашга ҳаракат қилган Ҳусния 1988 йилдан туман марказий шифохонасининг жарроҳлик бўлимида ҳамшира сифатида ўзининг дастлабки иш фаолиятини бошлади.
Маълумки, инсон ҳаёти, унинг соғлигини муҳофаза қилиш масъулиятли вазифа ҳисобланади. Айниқса, илк иш фаолиятини жарроҳлик бўлимида бошлар экан, ёш ҳамширага бу ерда фаолият кўрсатаётган тажрибали шифокорлар Турсун Эгамов, Турғун Маҳманазаров, Бурхон ўаниевлар ҳамда Соҳиба Жўраева, Холида Анорова, Матлуба Ҳалиловалар устозлик қилишиб, билим ва тажрибасини оширишида яқиндан амалий ёрдам беришди. 2001 йилдан бошлаб Ҳ.Расулова "Шошилинч тиббий ёрдам бўлими" га катта ҳамшира вазифасига ўтди.
Шундан бери орадан ўттиз уч йил ўтибдики, Ҳусния Расулова ҳамон "Шошилинч тиббий ёрдам бўлими"нинг олий тоифали катта ҳамшираси сифатида фаолият юритиб келмоқда. Айтишга осондек туюлади, лекин ўтган ана шу йиллар мобайнида Ҳусния Расулова қанчадан-қанча беморларнинг, ҳамюртларимизнинг соғлигига соғлик, умрига умр қўшиб, беминнат хизматини халқимиздан аямади. Унинг хал-қимиз саломатлиги йўлидаги фидокорона хизматлари учун 2013 йилда "Соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони ҳамда Соғлиқни сақлаш Вазирлиги томонидан Фахрий ёрлиқ билан тақдирланганлиги ҳам фикримизнинг исботидир. Шуни ҳам қувонч билан таъкидлаш лозимки, Ҳ.Расулова ўтган йиллар мобайнида кўплаб шогирдларга устозлик қилди.
Бугунги кунда Ҳусния Расулова уч нафар фарзанднинг онаси, 3 нафар набиранинг бувиси сифатида оиласидан бахт топган аёлларимиздан биридир. Турмуш ўртоғи Шайдохон Атауллаев ҳам кўп йиллар таълим соҳасида раҳбарлик вазифаларида фаолият юритган, улар ўзларининг 2 нафар ўғилларини олий маълумотли қилиб тарбиялашган бўлса, 1 нафар қизи онасининг изидан бориб, ҳамширалик касбини эгаллаган.
Маълумки, малакали тиббий хизмат жамиятимизда соғлом муҳитни қарор топтиришда муҳим ўрин тутади. Айниқса, бу жараёнда шифокорларнинг фидокорона меҳнатлари алоҳида ўринга эга. Жонкуяр соҳа вакиллари бўлган шифокорлар ҳамиша халқимиз саломатлиги йўлида хизматда, изланишда экан, биз ҳам кўпчилик тумандошларимиз номидан жонкуяр ва фидойи ҳамшира Ҳусния Расулова ва унинг ҳам- касблари бўлган оқ халатли шифокорларни баҳор айёми билан самимий муборакбод этиб, уларнинг эзгу мақсад йўлидаги олий ҳиммат ишларида улкан зафарлар тилаб қоламиз.
Ўз мухбиримиз