Қишлоқ маданияти - муҳим масала

МАИШИЙ ЧИҚИНДИХОНАНИ КИМ БАРТАРАФ ЭТАДИ?

Туманимиз маҳаллаларида пайдо бўлган ноқонуний чиқиндихоналар ва бунинг оқибатида вужудга келаётган нохуш манзаралар туман Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси инспекторлари ва «Тоза ҳудуд» ДУК ходимлари томонидан бартараф этилаётганлиги барчамизни мамнун этмоқда.

Аммо, айни пайтда З.М.Бобур маҳалласининг Жағалтой қишлоғи орқали дала майдонларига олиб чиқадиган йўлнинг маиший чиқиндилар билан тўлиб-тошганлигини кўриб, ҳайратдан лол қоласан киши. Ахир бу йўл қишлоқ хўжалигининг махсус техника воситалари ҳаракатланадиган асосий кўчаси ҳисобланади. Кундан-кунга чиқиндиларнинг кўпайиши натижасида йўллар чиқинди билан қопланиб қолмоқда. Қолаверса, шу йўлнинг ёқасида закзовур мавжуд бўлиб, унинг атрофи ҳам чиқиндилар билан тўлиб-тошган. Ушбу закзовур атрофидаги фермер хўжаликлар, шунингдек, маҳалла аҳлининг ўзи ҳам томорқалари учун ушбу сувдан фойдаланишади. 

- Чиқинди тўкиш учун махсус қути ўрнатилса, аҳоли чиқиндиларни ўша жойга тўккан бўлар эди, - дейди шу маҳаллада яшовчи Обид Рустамов. - Чиқиндиларнинг кўпайиб бораётганлиги туфайли  кўриб турганингиздек, йўл ҳам торайган. Ачинарлиси шундаки, чиқиндилар закзовурга ҳам ташлаб кетилмоқда. Жиддий муаммога айланган мазкур масалани ҳал этишда амалий натижа    кутамиз.

Бугунги кунда соҳа мутасаддилари томонидан маиший чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламаслик, атроф-муҳитга барчамиз бирдек масъул эканлигимиз борасидаги ташвиқот ишларимизни янада кучайтиришимиз даркор. Акс ҳолда бу каби нохуш манзаралар кўпайиб, табиатнинг ифлосланишига олиб       келади.

Хўш, соҳа мутасаддилари, Жағалтой қишлоғидаги катта йўл қисмида пайдо бўлган бу чиқиндихона қачон бартараф этилиб, кўчанинг четида махсус чиқинди қутилари ўрнатилади? Сизлардан албатта бу масалада расмий муносабат кутиб қоламиз.

 Кенжа БОТИР.


Мавзуга оид: