Наврўз шукуҳи

Cалом баҳор, Салом Наврўз

ТУМАНИМИЗДА БАЙРАМ 

ТАДБИРЛАРИ НИШОНЛАНДИ

Жорий йилнинг 16 март куни Республика махсус комиссиясининг мамлакатимизда Наврўз умумхалқ байрами тадбирларини ташкиллаштириш масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишида сўнгги кунларда аҳоли ўртасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари бироз ортганлиги таъкидлаб ўтилди. Шу боис мутасадди вазирлик ва идораларга байрам тадбирларини об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда очиқ жойларда, яъни боғлар, хиёбонлар ва ўйингоҳларда ўтказиш, байрам тадбирларида аҳолини кўп тўпламаслик ва ташриф буюрувчилар ниқобда бўлишлари ҳамда ижтимоий масофани сақлашлари устидан назоратни ўрнатиш, аҳоли гавжумлигининг олдини олиш мақсадида тадбирларни кичик ҳажмда, маҳаллаларда ташкил этиш чораларини кўриш каби кўрсатмалар берилди.

Жорий йилнинг 17 март куни туманимиз марказидаги Истироҳат боғида "Салом баҳор, салом Наврўз" шиори остида  Республика махсус комиссияси талаблари асосида байрам сайили бўлиб ўтди. Байрам тадбирида туманимиздаги маҳаллалар, ташкилот ва муассасалар, мактабгача ва умумтаълим мактаблари томонидан Наврўз байрамига бағишланган турли хил кўргазмалар, бадиий чиқишлар, спорт мусобақалари ва бошқа миллий қадриятларимизни улуғловчи анъаналар ташкил қилиниб, байрам шукуҳига шукуҳ қўшишди. Халқ сайлига ташриф этган тумандошларимиз, байрамни ажиб бир соғинч билан кутган нуроний отахонлару онахонларимиз кўп минг йиллик тарихга эга бўлган энг улуғ байрамга етиб келганлари учун шукроналар айтишган бўлсалар, кўзларида қувонч порлаган ўғил-қизларимиз Истироҳат боғидаги байрамона  кайфиятдан, уларнинг ўйнаб-қувнашлари учун яратилган шарт-шароитдан миннатдор бўлишди.  

Наврўз байрами тадбирлари туманимиздаги барча маҳаллаларда, қишлоқларда давом этмоқда.

Ўз мухбиримиз.