Оқдарё соҳиллари ёрдамга муҳтож

Она табиатни ким ҳимоя қилади?
"Энг муҳим масала - аҳолининг экологик маданиятини ошириш. Бугун кўчага ёки исталган жойга қаранг. Ҳамма жойда одамлар ташлаб кетган чиқиндиларни кўрасиз. Биз она юртимизни муқаддас деймиз. Нима учун уни тоза-озода сақламаймиз? Ахир, муқаддас китобларимизда ҳам "Поклик иймондандур", дейилган.
Нега бу масалада оммавий ахборот воситалари, маҳалла фаоллари бонг урмаяпти? Қани нуронийларимиз, жамоатчилигимиз?"
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан.
Очиғини айтиш керакки, инсон табиатсиз яшай олмайди. Афсуски, кейинги 30-40 йил ичида она табиатга нисбатан инсоният томонидан анча зулм ўтказилди. Биз инсонларнинг ўйламай қилган ҳаракатларимиз туфайли Орол денгизи қуриш даражасига етди. Қанчадан-қанча ўрмонзорлар, дарахтзорлар аёвсиз кесиб ташланди. XIX асрда яшаб ўтган файласуф олим Ф. Энгельс ўзининг "Табиат диалектикаси" асарида "Инсоният табиат устидан қозонилган ғалабаси учун ҳеч қачон мағрурланмаслиги керак. Бунинг учун табиат шундай ўч оладики, натижада эришилган барча ғалабалар чиппакка чиқади", деган эди. Дарҳақиқат, шундай бўлмоқда ҳам. Инсон омили таъсиридаги глобал исиш туфайли минг йиллар давомида шаклланган улкан музликларнинг эриб бораётганлиги дейсизми, сув тошқинлари дейсизми, Орол фожиаси дейсизми, буларнинг кўлами кенг ва ғоят ачинарлидир.  Африка мамлакатларида сувсизлик туфайли чўлланиш ҳолатлари йилдан-йилга ошиб бормоқда. Агар бу аҳвол давом этаверса, бу қитъада озиқ-овқат экинлари етиштиришнинг умуман имконияти чекланади. Натижада очарчилик вужудга келиши мумкин.
Мамлакатимизда табиатни ўз ҳолича асраш борасида амалга оширилаётган ишлар албатта яхши томонга ўзгараяпти. Бироқ ҳали ҳам йўл қўйилаётган камчиликлар, айрим фуқароларимизнинг она табиатга етказаётган зарарини кўриб дилинг ранжийди. Миёнқол деб аталадиган мўъжазгина гўшамиз ҳақида фикрлайдиган бўлсак, анчагина салбий ҳолатларни кузатишга тўғри келяпти. Биз ҳовлимиздаги дов-дарахтлар, чорва моллари ва паррандаларимизга меҳр-мурувват кўрсатамизу, аммо Оқдарё ва Қорадарё бўйларида ўсадиган, яшайдиган ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини авайлаб-асрашни ёдимизга ҳам келтирмаймиз. Сўлим Зарафшоннинг ирмоғи бўлган бу икки дарё бўйлари ўтган асрнинг 60-70 йилларида ҳам ўзининг бой ва ҳуснкор табиати билан ғоят мафтункор эди.
Ўқувчилик йилларимизда ҳар ўқув йили якунида Жарқишлоқ пастидаги сўлим жойларга ўқитувчиларимиз саёҳатга олиб боришар, дарё бўйида дўстларимиз билан яйрардик. Айниқса, Оқдарё бўйидаги 4-5 гектарлик қуёш тушмайдиган ўрмон ичида мактаб ўқувчилари мазза қилиб дам олишарди. Оқдарёнинг икки ёни бўйлаб ястаниб ётган кенгликда ўнлаб турдаги манзарали ва доривор ўсимликлар ўсар, уларни ёқимли ифори қишлоқ бўйлаб таралар, бу хушбўйликдан нафас олиб тўймасди киши. Ёзнинг жазирама кунларида кўплаб шаҳарликлар бу табиат қўйнига келиб дам олиб қайтишар, кузда эса дўлана, наъматак, облипеха, жийда, маймунжон сингари доривор меваларни териб кетиш учун яна келишарди. Аллоҳ берган бу неъматлар барчага бемалол етарди. Ўтган асрнинг 60-йилларида жарқишлоқлик таниқли бригада бошлиғи Темир Бўлаков ана шундай сўлим гўша бағрида 30 метрлик дала шийпони қурдирди. Шийпонни атрофида 10 гектарлик боғ, ҳовуз, юзлаб манзарали дарахтлар барпо қилдирди. Қисқа муддатда дайравот ерларидаги ҳамма ер участкалари режа асосида тўртбурчак шаклига келтирилиб, участка ва ариқлар атрофига 30 мингдан ортиқ юқори навли тут кўчатлари эктирди. Бу кўчатларни парваришлаш учун бутун қишлоқ аҳли сафарбар этилди. Бу кўчатлар деярли 100 фоиз кўкариб, фақат Жарқишлоқнигина эмас, балки бутун бир бошли Даҳбед совхозида барг етишмовчилиги муаммосини ҳал қилди. Қисқа муддатларда обод масканга айлантирилган дала шийпони тезда туман, вилоят ва республика раҳбарларининг эътиборига тушди. Бу жойга собиқ СССР ЛКСМ Марказий Комитети биринчи котиби   В.Тяжельников, машҳур адиблар, Комил Яшин, Уйғун сингари ижодкорларнинг қадами теккан. Бундан ташқари, Озарбойжон, Туркманистон, Тожикистон сингари кўплаб иттифоқдош республикалардан келган қишлоқ хўжалиги делегациялари ташриф буюришган. Табаррук бу масканга ўтган асрнинг 70-йилларида меҳмонларнинг таъбири билан айтганда, Жарқишлоқ эмас Жаннатқишлоқ деб таъриф беришган. Шу ўринда қишлоқ ободончилиги учун кўп хайр-ли иш қилган фидойи инсон Темир Бўлаковнинг номини эслаб ўтишимиз биз учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини таъкидламоқчимиз. 

Жарқишлоқликлар нима дейди?

Ҳозирги Намоз Примқулов номли ММТП ҳудудидаги Жарқишлоқ ва Қўшқўрғон қишлоқлари жар ёқасида жойлашган. Жарликдан то дарё бўйларигача бўлган ерлар маҳаллий аҳоли тилида дайровот деб аталади. Бу ерлар тошлоқ ва шўр бўлиб, кўпроқ меҳнатни талаб этади. 2022 йил 15 февраль куни қўшни Пайариқ туманида қурилган тош майдалаш заводчаларининг қишлоқ аҳолиси ва дайровотдаги фермер хўжаликларига етказаётган зарарларини ўрганиб чиқиш учун 4 нафар фермер хўжалиги раиси ва бир нафар сураткаш билан йўлга чиқдик. Зарафшон дарёсининг ўрта ирмоғи бўлган Оқдарёмизга озроқ бўлсада, сув ташлаб қўйилганлигини гувоҳи бўлдик. Бу эса сувда яшовчи балиқ ва қурбақаларнинг омон қолишлари учун қилинган ҳаракат албатта. Бироқ, қарийб 5 километрча яёв юрсакда, дарё суви тиниқ бўлишига қарамасдан бирорта на кичик балиқларни, на чавоқ балиқларни кўрдик. Қуруқликда яшовчи тустовуқ, қуён, ўрдак, жийдахўрак каби жониворларни айтмаса ҳам бўлади. Бир пайтлар атрофга манзара бериб турувчи наъматак, дўлана, жийда сингари доривор ўсимликлар батамом йўқотиб юборилган. Заводларга берилган ҳудудлардан пала-партиш фойдаланиш туфайли сан-саноқсиз беўхшов ўйдим чуқурликлар ҳосил бўлган. Дарёнинг юқори томон юрсангиз,  дарёнинг ўзанига дамба қилинганлиги сабабли эски балиқхона бўлган ҳовузларнинг сув оқибатида ювилиб кетилганлигини гувоҳи бўласиз. Яна бироз юрсангиз дарё қирғоқларининг фермер хўжаликлари майдони томон 80-100 метргача силжиб кетилганлигининг гувоҳи бўласиз. Бундан-да ачинарлиси, дарё ўзанидан доимий равишда тош олиниши оқибатида ўзан ўз оқимидан 5-6 метргача пасайиб кетган. Натижада ҳар иккала қишлоқ аҳолисининг ер ости сувларидан фойдаланишларида янгидан-янги муаммолар юзага келмоқда. Айниқса, томорқасига ариқ суви мутлақо келмайдиган Жар-қишлоқ аҳолисига ер ости сувларининг тобора пастга тушиб кетаётганлиги жиддий ташвиш туғдирмоқда. Йил давомида Жар пас-тидан оқиб ўтувчи серсув Захариқ каналининг бундан 3-4 йил аввал батамом қуриши вазиятни янада мураккаблаштирди. Юқоридан Оқдарё билан ёнма-ён оқиб келувчи бу канал дарё ўзанининг ўзгартириб юборилиши сабабли канал ва унинг ҳудуди дарёга қўшилиб кетди.
- Яқин йилларгача дайравот ерларида чорва молларимизни бемалол боқар эдик, - дейди жарқишлоқлик Абдухолиқ Ражабов. - Дайравотда чорвамиз учун йил бўйи озуқа топилар, дарё ва каналимизда эса балиқлар кўп эди. Энди эса чангалзорларга ҳам қирон келтирилиб, уларнинг ўрнида чанг-тўзонли чўлсифат, хунук манзаралар ҳосил бўляпти. Ачинарлиси шундаки, буларнинг барчаси бир авлод кўз ўнгида содир этилмоқда.
- Касбим юзасидан вилоятимизнинг кўплаб туманларидаги табиат қўйниларида ишлаганман, - дейди шу қишлоқлик Ўлмас Қувондиқов. - Бироқ, ҳеч қаерда Жарқишлоқ ва Қўшқўрғон қишлоқларининг дайра- вотичалик хушманзара жойларини кўрмаганман. Ҳали экология деган ташкилотлар йўқ вақти ҳам табиатдаги ҳамма нарсадан ота-боболаримиз оқилона фойдаланишарди. Ҳеч ким беҳуда дарахт кесмас, бирор жониворларнинг ҳаётига тажовуз қилмасди. Эндичи, дарё ва каналларимиздаги балиқларни ток урдириш, хлор билан заҳарлаш ва қўлбола портлашиш мосламалари орқали ўлдиришиб, балиқларни ҳам қириб битиришди. Назаримда одамларимиз тобора очкўз ва ваҳшийлашиб боришмоқда. Уларни синамоқ учун бирор даврада дайровотда тустовуқ кўрдим денгчи, ўша куниёқ қўшоғиз милтиқ кўтариб, нечтаси дайравотга жўнайди. Бизга имтиҳон учун берилган бу дунёда ҳар бир қилган ишимизнинг жавоби бор эканлигини унутмаслигимиз керак, ахир.
Бундай сўзларни қишлоқда яшовчи ўнлаб кишилардан эшитдик. Энди фермерлар масаласига келсак, ўзанидан 4-5 метр пастга тушиб кетган дарё сувини кўтариш ва нормал суғориш тизимини йўлга қўйиш бу ерда осон иш эмас. Бу масалада туман ва вилоят сув хўжалиги бошқармалари мутахассисларининг амалий ёрдамлари зарур. Фермерларимиз учун дарё оқимига параллел равишда оқадиган каттароқ ариқ қазиб келиш ва ариқ атрофида ер ковлаш, тош олиш каби ҳар хил ўзбошимчаликларни қатъиян чеклайдиган алоҳида назоратдаги муҳофаза ҳудудини барпо қилиш керак. Бу борада албатта нафақат вилоят, балки республикадаги бу иш билан шуғулланувчи мутасадди ташкилотларнинг амалий ёрдамлари жуда ҳам зарур.
Хулоса қилиб    айтганда, Оқдарё соҳиллари бугунги кунда ёрдамга муҳтож. Буни мутасадди ташкилотлар жойига бориб ўрганишлари ва бундан хулоса чиқаришлари жуда ҳам муҳим. 

Йўлчи МУҲАММАДИЕВ,

     Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси.

     Ўктам ИКРОМОВ,

     Халқ таълими фахрийси.

Суратларни С. Ибрагимов олган.

Мавзуга оид: