Наврўз мадҳи

ТАРИХ НАЗМИДАН ТУШМАЙДИГАН АЙЁМ

Наврўз - табиат уйғониш фасли, ҳаёт байрами, миллий одат ва қадриятларимизнинг энг олий тимсолидир. 

Наврўз ҳаёт абадийлигининг, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саҳоватининг, шу билан бирга, бизнинг неча минг йиллик миллий қиёфамизнинг, урф-одатларимизнинг мангулик ифодаси, тасдиғидир. Наврўз айёмининг ҳаётбахш руҳи умумбашарий қадриятларга ҳамоханг-дир. Шу боис, у мамлакатимиздаги барча миллат ва элат вакилларининг, ёшу-қари, барча инсонларнинг умумий шодиёнасига айлангани бежиз эмас. Азал-азалдан халқи-мизнинг маънавий-маданий қадриятларини ўзида жо этган, Маънавият ва маърифатимизнинг ўлкан тарғиботчиси бўлган - Наврўзда:

- табиат билан бирга янгиланиш, руҳий покланиш;

- табиий ва маданий бойликларни сақлашга чорлаш;

- атроф-муҳит (маҳалла, қишлоқ, шаҳар кўчалари, маъмурий бинолар, боғлар)ни тартибга солиш, ободонлаштириш;

- аҳоли ўртасида меҳр-мурувват, дўстлик, аҳиллик, биродарликни мустаҳкамлаш;

- турли миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, тотувликни ривожлантириш омиллари кучаймоқда. 

Шарқ халқларининг муштарак ижоди - Наврўз қадим замонлардан бизгача етиб келган миллий қадриятларимиздан бири бўлиб, байналминал байрамдир. Унинг таркибига, қадимги аждодларимизнинг мифологик тасаввурларидан тортиб бугунги кундаги замондошларимизнинг қарашларигача бўлган маънавият олами сингиб кетган бўлиб, у инсоният маданий тараққиётининг ҳар бир ютуғидан доимо куч ва қувват олиб турган.

Шарқона янги йил байрамимизнинг келиб чиқиши ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд. Масалан, 

Фирдавсийнииг "Шоҳнома"сида янги йил байрами шоҳ Жамшид номи билан боғланади. Жумладан, Жамшид юртга яхшилик қилиш мақсадида одамларга касб ўргатади, темир эритиб қурол ясатади, ип йигиртириб кийим тўқитади, иморатлар барпо қилади, табиблик сирларини очади, кема ясайди, боғ бунёд қилади. Ниҳоят, "ишлари гуркираб берганда мева" бир куни тахт ясатиб, унда осмонга кўтарилади. Ушбу афсонага кўра худди шу куни Наврўз нишонланган.

Алишер Навоий "Тарихи мулуки ажам" ("Ажам шоҳлари тарихи") асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўз ихтиро қилинганлигини баён қилади. Навоий ёзишича: "Жамшид "Чиҳил минор" номли одамзод кўрмаган ва ақл бовар қилмайдиган баланд бино қуриб... " бу иморат туганди, олам саломин ва ашров ва аҳбарин йиғиб, анда азим жашн қилди. Ул вақтким, қуёш нуқта эътиқодли рабийға тақвил қилиб эрди ул бинода тахт устига ўлтириб, адолат сайт ва садосин оламға мунташир қилди ва ул кунининг отин Наврўз қўйди".

Умар Ҳайём ҳам "Наврўзнома" асарида Наврўз нишонланиши ҳақидаги ривоятларни подшоҳ Жамшид даврига тақайди ва шоҳ Каюмарс ҳамал ойининг биринчи куни йил боши ҳисоблансин, деб фармон берганини ҳам эслатиб ўтади. Жумладан, шоҳ Жамшид ҳақида Умар Ҳайём шундай дейди: "Жамшид шу куни фарвардин ойининг боши Наврўз аталсин, деб фармон берди ва одамларга ҳар йили фарвардиннинг киришини байрам қилишни, уни янги йил деб ҳисоблашни буюрди".

Наврўзнинг пайдо бўлиши ҳақидаги бу каби афсоналарни турли нуқтаи назардан таҳлил қилиш мумкин. Наврўзнинг қачон ва қандай вужудга келганлигини аниқ кўрсатиш қийин бўлса-да, шуни айтиш мумкинки, бу байрам доно кишилар томонидан кашф қилинган. 

Шу ўринда Юртбошимиз томонидан бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳатларнинг нечоғлик тарихий, маънавий, ахлоқий кучга эга эканлигини ҳамда Наврўз қадриятларига мос ва хослигини эътироф этмоғимиз лозим.

Эътибор қиладиган бўлсак Наврўз айёми кунларида аксарият кишилар маънавий-тарбиявий ишларни амалга оширишларини кузатишимиз мумкин. Зеро, бундай эзгу амалларни бизнинг улуғ халқимиз неча-неча асрлардан буён давом эттириб келмоқдалар. Шундай экан, Наврўз маънавият ва маърифатнинг кўп асрлик тарғиботчиси, десак ҳеч муболаға бўлмайди.

Бугунги Наврўз - бу баҳор байрами - табиат уйғониши, янги қишлоқ хўжалик мавсуми бошланишини шоду ҳуррамлик билан кутиб олиш тантаналаригина эмас, у борлиқ ва инсон ўртасидаги уйғунликни ифодаловчи, табиат гўзалликлари ва бойликларини сақлаш, кўпайтириш, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, инсон меҳнатини улуғлаш каби хайрли ишларни амалга ошириш тадбирларига ҳам айланди.

Б.АШУРОВ,

Маънавият ва маърифат маркази 

                                туман бўлинмаси раҳбари.