Навоийни ўрганамиз

Илғор педагогик тажриба

  АЛИШЕР НАВОИЙ БАДИИЯТИДА КЎЗ ТИМСОЛИ ТАСВИРИ

Навоий она тилимиз заргари, маънавиятимизнинг энг ёрқин юлдузи, маданиятимизнинг  бой ганжи ҳисобланади. Навоий деганимизда сўзга наво бағишловчи, кўнгилларга малҳам бўлувчи ширин ашъор муаллифи кўз олдимизда гавдаланади. Навоийнинг сўзи ҳам, ўзи ҳам қаламининг кучи билан салобатга йўғрилган. Биз ҳазратнинг бу гулшанидан баҳраманд бўлар эканмиз, тоза булоқ суви каби қалбимизга     покланиш ато этади, айлангувчи фалак буқаламунлигидан бизни огоҳ этади. Маънолар денгизида сузиб, ундан олам-олам инжу терамиз. Бундай ижод бўстони бизни ҳайратлантира-ҳайратлантира ўзига оҳанрабо каби мафтун этади.

Бизнинг кечамиз, бугунимиз ва эртанги кунимиз учун, бу кунларнинг маънавий либоси учун ҳам Навоийни ўрганишимиз, ғазалларини, ижодий меросини таҳлил қилиб келажак авлодга етказишимиз лозим, бу вазифа эса адабиёт ўқитувчиларининг олдидаги машаққатли илм сафаридир.

Шу вазифани адо этиш асносида ҳазрат Навоийнинг ғазаллари шайдосига айландим, ғазаллар оламидан баҳра олиб маъно қидирдим  ва турли  ҳисларнинг эгаси бўлди кўнглим. Бир қанча асарлари билан танишиш натижасида  адиб кўнглидаги кечинмаларни англадим, фикрлар гулшанида тенгсизлигини теран ҳис қилдим.

Мени шундай ҳайратлар оламига олиб кирган инжу ҳазрат Навоийнинг ғазал бўстонидаги қўлланган сўзлардан бири кўз тимсолидир. Фикрлар туҳфасининг соҳиби Навоий ўз асарларида кўз тимсолига жуда кўп мурожаат қилганининг гувоҳи бўлдим. Турли жанрларда ёзилган турли мавзудаги асарларида  кўз ўзгача маъноларни англатиш учун хизмат қилган.

Келинг, кўз сўзига илмий ёндашамиз. Кўз - инсоннинг кўриш аъзоси бўлиб, у қорачиқ, шаффоф парда, кўз гавҳаридан иборат.

Ҳа, кўз инсоннинг кўриш аъзоси, Навоий  ижодида эса  кўз фақатгина кўриш аъзоси эмас, балки бошқа истилоҳлар учун ҳам восита бўлган. Оллоҳ бизга, инсонга, кўриш аъзоси сифатида фақат кўз эмас, кўнгил ҳам ато этган экан. Кўнгил кўзи муҳимлигини англатмоқчи бўлади шоир. Бу эса нимани қандай кўриш билан боғлиқ.

Ҳазрат ўз ижодий йўлида ҳаётга кўз билан эмас, кўнгил кўзи билан дунёга боқишни тарғиб қилади, бизни ҳам бунга даъват этади.

Доимо илоҳий ишқни куйлаган адибимизнинг  шоҳбайт деб аталувчи ушбу байтига эътибор беринг. Ушбу байт кўпгина таниқли адабиётшунос олимлар томонидан турлича талқин этилувчи мисралар сифатида диққатимизни ўзига қаратади.

Қаро кўзум, келу мардумлиғ эмди

                         фан қилғил,

Кўзум қаросида мардум киби

                    ватан қилғил.

Лирик қаҳрамон бу байтда кимга қарата "Қаро кўзум" дея мурожаат қилаётгани навоийшунослар томонидан кўп баҳс ва мунозараларга сабабчи бўл-моқда. Ҳар бир ғазал мухлиси байтни ўз дунёқараши, тушунчаси доирасида тушунадилар. Лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолати, кечинмалари ўқувчининг руҳий ҳолатига турлича таъсир этади. Албатта, бу ҳолат шоир ютуғи  ҳисобланади. Келинг, байтни таҳлил қиламиз:

1.Қаро кўзум - бу бирикмадаги қаро сўзи улуғ, муборак ранг тимсоли саналади Навоий ижодиётида. Шундан келиб чиқиб: Эй гўзал ёрим(пирим, дўстим, ҳурматга лойиқ, ўз пурмаъно сўзлари билан мафтун этувчи)одамийлик марҳаматига амал қилиб энди мени ҳам бир сўроқла. Менинг кўзим қаросида гавҳарак каби ватан айла. Менга соғинч туйғуларини бегона қил. Одамгарчиликни ўзингга шиор қил.

Энди ушбу байтни яна ўзгача тал-қин қилишга ҳаракат қиламиз.

Маълумки, кўз бор экан, қорачиқ   (гавҳарак, мардумак) мавжуд. Бу қорачиқ кўзга содиқ, кўзни тарк этиб бош-қа жойга кетмайди. У кўнгилга, дилга оламни ёруғ кўришга ёрдам беради, олам ҳақидаги хулосаларни беради.

Имом ўаззолийнинг "Мушкотул анвор" (Нурлар қандили) асарида кўзнинг ажойиб фазилатларини санаб ўтар экан, унинг қусурларини ҳам тилга олади.

Имом ўаззолийнинг ушбу фикрларидан кейин байт ҳақидаги тушунчаларимиз ўзгаради. Янги-янги қирраларни англай бошлаймиз.

Демак, инсон кўзининг шундай қусурлари бор экан, байтдан қуйидаги маъноларни англаш қийин эмас.

Қаро кўзум,(Оллоҳим)кел, кўзларимга гавҳар бўл, сенинг яратиқларингга, дунёга сенинг муборак, пок кўзларинг билан боқай. Шунда мен ушбу дунёнинг ёлғончи туйғуларига ошно бўлмай,  фақат сенинг ишқинг билан яшай, уларга ҳирс  қўймасдан, нафсимга қул бўлмасдан ўткинчи дунёда одамгарчилик ошёнидан ватан қурай, сенинг даргоҳинг ва сен азал ҳам, абад ҳам эканлигингни ҳис қилай. 

Ҳа, Навоий буюк фикрлар, маънолар эгаси, бир ҳовуч сўз билан олам-олам маъно англата оладиган, сўз қадрини яна бир поғона юқорига кўтара олган моҳир сўз санъаткоридир.

Кўз тимсолини сўз ўйини орқали бир қанча маъно-мазмун ҳосил қилган қуйидаги туюғини кўрайлик:

Ё қошингдин неча бир ўқ кўз тутай,

Отки, ўтрусиға онинг кўз тутай.

Неча кўргач ўзга маҳвашлар қошин,

Янги ой кўрган кишидек кўз тутай.

Маълумки, Оллоҳга етишиш йўли узоқ ва машаққатли жараён. Бу жараёнда доим нафс ити бизни йўлдан адаштирмоқчи бўлади, неча синовлар тушади киши бошига.

Ёйдек қошингдан қанча ўқларни кутай

Ёйдек қошингдан қанча ўқлар келса от, 

Қаршисига унинг кўзимни тутай, 

Қанча ойга ўхшаш маҳвашларнинг

                                 қошин ко`ргач ,

Янги ой кўрган кишидек қўлимни

                    кўзим устига тутиб боқай.

Бу асарида кўз Оллоҳнинг яратиқларидан ҳайратда, Оллоҳнинг ўзига ҳайратда, яратиқлари шунча гўзал экан, яратувчи Оллоҳнинг ўзи қай даражада гўзал дея кўнгил кўзлари билан оламдан ҳайратда. Шундай экан, унинг барча машаққатига розиман, қаршисида ўзимни собит тута оламан. Лирик қаҳрамоннинг бу ҳолати бизга ҳам юқишини жуда хоҳлардим. Инсон ўзи гўзал яратиқ, унинг кўнгли гўзал, инсонни англай олади, қалбнинг энг чуқур жойига қадар кира олади. Ахир Оллоҳ инсонни ўзини севдириш учун яратмаган эдими?

Кўз тутмоқ - интиқлик билан кутмоқ, Оллоҳ жамолига интилиш маъноси шоир ижодидаги бирламчи масала экани барчамизга маълум. Оллоҳга, унинг жамолига етишишнинг йўли қалб гўзаллиги билан амалга ошишини эса Навоийнинг  бошқа асарлари орқали яхши тушуниб етганмиз:

 Кўзинг не бало қаро бўлубдур

 Ки жонларга қаро, бало бўлубдур.

Зоҳиран қора гўзаллик рамзи, кўзнинг қаролиги эса гўзалликнинг манбаи.

Бу қаро кўзларинг қандай бало, қаро бўлибди, бу қаролиги жонимга кўп балоларни ёғдирди. Навоий ўз фикрини таъсирли билдириш учун тарду акс санъатидан фойдаланган: бало қаро; қаро бало

Гуё маҳбубанинг қаро кўзлари ошиққа бало бўлибди. Лекин, келинг, байтнинг ботиний маъносига назар ташлаймиз.

Қора сўзи энди бу ерда айбдор, гуноҳга ботган, шарманда бўлган  деган маъноларда қўлланган, деб айта оламиз. Кўз - гуноҳкор, чунки у ўз нафсининг қули.

Кўз - гуноҳга ботган тимсол.

Қора - нафс тимсоли.

1. Кўзинг, ажабо, ҳайрон қолдириш даражасидаги айбдор бўлибди, нафс  йўлдан оғдириб кўп гуноҳларга ботирувчи бўлибди. Атрофга қара(қаро сўзи икки маънода қўлланган: қаро-қора, қаро-қара, боқ, назар сол) бу қаролик (нафсга қуллик) кўп балоларни келтиради. Оллоҳ ишқидан узоқлашганлар кўп-кўп гуноҳлар учун юзи қаро бўлади.

Маълумки, тасаввуф адабиётида  ишқ - покланиш йўли. Покланишга, Оллоҳ жамолига етишишимизга халал берувчи ўз қалбимизда. Бу - нафс.

Худди шундай. Ҳазрат Навоий яна бир асарида"Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужо", деб айтган эдилар. Юқоридаги байтнинг ботиний маъносини англаган бўлсак, кўнгил кўзларимизни  тарбиялаш энг долзарб масала экан. Навоий неча асрлар қаъридан туриб бизни шу кўзларимизнинг тийран бўлишини истаётганини англаб етмоғимиз шарт. Кўнгил  ришталари маънавият нури билан эшилса, бу нафс бизни енга олмайди, эл аро юзимизни шувут қила олмайди.

Келажак умиди биз педагогларнинг қўлида экан, ҳар бир ёш авлоднинг гўзал тарбияси учун дастур-ул амалимиз бор экан, гўзал маънавий меросимиз бор экан,  шогирдларимизга бу меросни тўғри англаб етмоқликлари учун бор билимимизни бахшида қилайлик.

Юлдуз НАРЗУЛЛАЕВА,

    45-ИДУМнинг олий тоифали она тили ва адабиёт

 фани ўқитувчиси.