Таълим ва тарбия

Устозлар "A Й Б Д О Р"(ми)?!    

Устозларни қадрлаш ҳақида сўз кетганда, беихтиёр ҳазрати Мир Алишер Навоийнинг ушбу сўзлари ёдимизга тушади:

Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқитмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳаққин  юз ганж ила.

Шунингдек, халқимиз томонидан "Устоз отангдек улуғ", деган пурмаъно нақл ҳам бежизга айтилмаган. Ота-она фарзандни осмондан ерга туширган бўлса, устознинг меҳнатлари туфайли у яна кўкка кўтарилади. Устоз кўз нури, қалб қўрини бериб мурғак болаларга ўқиш-ёзишни ўргатади, оқу қорани танитади. 

Минг афсуслар бўлсинким, одам ўзининг ақл-фаросати, одоб-ахлоқи, инсонийлиги билангина ИНСОН деган улуғ номга сазовор бўлишини ҳамма ҳам мукаммал равишда тушуниб етавермас экан. Бунга яқинда мактабимизда бўлиб ўтган бир воқеа сабаб яна бир бор ишондим...

Яқинда барча таълим муассасаларида бўлгани сингари бизнинг мактабимизда ҳам 1-синф ўқувчиларининг "Саводхонлик" байрами тадбири ўтказилган эди. Ҳали тартиб-интизом нималигини, даврада ўзини қандай тутишни яхши билмайдиган бу болажонлар билан бирор тадбир тайёрлаб ўтказишнинг ўзи ҳам игна билан қудуқ қазишга тенгдир... 

Болажонлар, ўқитувчилар, ота-оналар, айниқса, жажжи кичкинтойлар сабрсизлик билан кутган тадбир ҳам ниҳоят бошланди. Болажонларга навбат берилганда эса улар ўзларининг ёд олган     шеърларини бирма-бир айта бошлашди. Нима бўлди-ю бир ўқувчи ҳаяжон туфайли бўлса керак, ёд олган шеърини унутиб қўйди ва айта олмади. Тадбир бошлангандан сўнг кечикиб келган она эса бу ҳолдан хабар топиб: "Ўғлим уйда шеърини тутилмасдан айтаётган эди. Мактабда айтолмадими, демак бунга устози айбдор. Ҳозир бориб устози билан жанжал қиламан...", деди.  

Тадбирни кўтаринки руҳ билан томоша қилаётган мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларнинг орқасига ўтиб унинг атайин баланд овозда, ҳурматсизларча айтган бу гапларини қандай тушуниш мумкин? Қачонгача ҳамма нарса учун мактаб, устозлар айбдор бўлади?! Қачонгача ўқитувчилар ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан ҳақорат қилинади, камситилади?! Қачон баъзи ота-оналар ҳам мактаб олдидаги ўз вазифа ва бурчларини тўлиқ англаб етадилар?!  Aхир, Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев "Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади",  дея бонг урмоқда-ку! Буюк бобомиз Aмир Темур ҳам бежизга "Вафотимдан сўнг мени устозимнинг пойига дафн этинг!", дея васият этмагандир. Хулоса эса сиздан, азиз муштарийлар.

Фароғат ТУРСУНОВА,

50-умумий ўрта таълим мактабининг 

она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.     


Мавзуга оид: