Инсон хотираси азиз ОРЗУЛАРИ БИР ОЛАМ ЭДИ...

- Эшитдингизми, Султон ака автоҳалокатга учрабди, - деди бундан бир ой муқаддам ходимларимиздан бири. 
- Қайси Султон? 
- Муллахўжа қишлоғида яшайдиган, тўйларда бошловчилик қиларди-ку.
- Қаерда автоҳалокат бўлибди?
- "Амир Темур" маҳалласи ҳудудида.
- Соғмикин ишқилиб?
- Афсуски, оламдан ўтибди.
Ўшанда доимо самимий, кўнгли очиқ Султон Темиров кўз олдимга келди. Уни кўп йиллардан буён яхши танирдим. Тўйларда кўришиб қолсак "Устоз" дея мурожаат қилар, адабиётнинг ҳақиқий мухлиси эди у. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, Султон кўп китоб ўқир, фарзандларини ҳам доимо газета, китоб ўқишга даъват этарди.
1961 йилнинг 27 январида "Зарафшон" жамоа хўжалигининг Муллахўжа қишлоғида таваллуд топган бу йигит ўрта мактабни битиргач Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтининг агрономлик факультетига ўқишга кирди. Олийгоҳни битиргач Украинада йигитлик бурчини ўтаб келди. Шундан сўнг, аниқроғи 1987 йилнинг январь ойидан бошлаб 2003 йилгача хўжаликда агроном сифатида фаолият кўрсатди. Ўз касбининг моҳир устаси эди у. Хўжаликлар тугатилгач, 2004 йилдан бошлаб туман ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилотида бош агроном бўлиб ишлади. 2021 йилдан эса "Afrosiyob jeans"  МЧЖ класстерида бош агроном вазифасида сидқидилдан меҳнат қилиб келаётганди.
- Султонни доимо ҳаракатчан, самимий, дўстларига садоқатли фидойи инсон сифатида яхши билардим, - дейди кўп йиллар туман  миқёсидаги ташкилотларда раҳбарлик вазифаларда фаолият кўрсатган, бир неча йиллар давомида "Зарафшон" жамоа хўжалиги раиси бўлиб ишлаган Ризоқул Усанов. - Белгиланган ҳар бир топшириқни сидқидилдан аъло даражада бажарар, бошқаларга доимо намуна бўларди. Шу боисдан ҳам одамлар ўртасида ҳурмати баланд эди. Афсуски, автоҳалокат мард, элпарвар инсонни орамиздан олиб кетди. Орзулари бир олам эди унинг. Аммо ўлим ҳақ. Инсон тупроқдан яралган ва тупроққа айланади. Султоннинг хотираси уни билган инсонлар қалбида абадий яшашига ишонамиз.
Ўз мухбиримиз.
Мавзуга оид: