ОЗОН ҚАТЛАМИ БИЗНИ НИМАЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛАДИ?

Инсониятнинг табиат билан дастлабки муносабатлари фаол моддий асосларга таянган бўлиб тафаккур тизими шу тариқа неча минг йиллик тажрибалар натижасида шаклланган. Кейинги пайтларда жамиятнинг табиатга ва унинг ривожланишига таъсири натижасида она сайёрамизда жиддий ўзгаришлар содир бўлмоқда. Табиат неъматларидан инсон ва жамият эҳтиёжи учун фойдаланиш талабининг орта бораётганлиги оқибатида табиий муҳит кескин ўзгара бошлади.

Инсоннинг табиат жараёнларига ана шундай муносабатда бўлиши натижасида 20-аср охирига келиб, умумбашарий, минтақавий, маҳаллий, экологик муаммолар авж олиб кетди.

Озон туйнуги - Ер атмосферасининг азон қатламидаги узилиш; даставвал, 1985 йилда Антрактида устида, кейинчалик Австралия томон силжиётгани, 1992 йилда эса Арктика устида кузатилган. Озон тешиги тахминларга кўра, антропоген (инсоният фаолияти) таъсирлар, шу жумладан, озон қатламини емирувчи хлорли совиткичлар (френон)ни саноат ва турмушда кўплаб миқдорда ишлатиш натижасида рўёбга чиққан. Қуёшнинг ултрабинафша (200 - 300 нм) нурланиши озон қатламида ютилгани учун тирик   организмларга хавфли бўлган нурланиш ер сиртига етиб келмайди. Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисида 1985 йилда Вена конвенсияси, 1987 йилда Монреал протоколи қабул қилинган. Бу ҳужжатларда хлорли совиткичлар ва дезодорантлардан воз кечиш зарурлиги қайд этилган.

Атмосферага ҳар йили киши бошига 300 кг дан ҳар хил чиқиндилар чиқарилади. Битта автомобил бир йилда 100 кг зарарли газларни атмосферага чиқаради. Шунча миқдордаги кислородни эса, тахминан 25-30 минг гектар ўрмон 8 соат ичида ишлаб чиқара олади. Ваҳоланки, бугунги кунда дунё бўйича ёғочни қайта ишлаш саноати 1 секундда 40 гектар ўрмонни кесиш қудратига эга ва шундай бўляпти. Бу эса ўз навбатида атмосферада озон тўпланишига йўл қўймайди ва бу ҳолат "озон туйнуги"нинг ҳосил бўлишига олиб келмоқда. 

Хўш, озон қатлами бизни нималардан ҳимоя қилади? Агар ер юзини бу қатлам ҳимоя қилиб турмаганда, ерда яшаб бўлармиди?! 

Маълумки, озон қобиғи қуёшдан келадиган зарарли нурлардан бутун мавжудодни ҳимоялайди. Мабода, озон қобиғи 5 фоизгагина камайса, одамлар орасида тери раки хасталиги 10 фоизга ортиши эҳтимолдан йироқ эмас. Шу камгина миқдордаги озон қобиғи юпқалашса ёки ўзининг табиий меъёридан четга чиқса, албатта жиддий экологик инқирозларга олиб келади.

Бугунги кунда табиат мусаффолигига саноат чиқиндилари ҳам жиддий хавф солиб, инсон саломатлигига катта таъсир ўтказмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, табиий бойликларни сақлаш тўғрисида ғамхўрлик қилиш инсониятнинг бундан кейинги ривожи учун шарт-шароитларни таъминловчи ресурс-лардан оқилона фойдаланиш давримизнинг долзарб ва кечиктириб бўлмас вазифасидир.

Дарс жараёнида ўқувчиларга атмосферага чиқадиган заҳарли газларни чиқаришни олдини олиш ҳақида тушунча берар эканмиз, кундалик турмушимизда оддийгина бўлиб туюлган баргхазон ёққанда атмосферага қанча  заҳарли газлар чиқарилишини, бундан ташқари транспорт қатнови, завод-фабрикалардан чиқадиган заҳарли газларнинг зарарлари ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида исботлаб бериш зарур.

Барчамизга маълумки, 2019 йил ноябрь ойининг охирларида инсоният ҳаётини таҳликага солган ковид-19 вируси Хитойнинг Ухан провенциясида илк бор аниқланди. Бу вирус юқумли бўлганлиги сабабли бутун ер аҳолисига тарқалди. Шу туфайли кўплаб  ривожланган мамлакатларда: Хитой, АҚШ, Канада, Франция, Япония, Италия, Германия давлатларида карантин чекловлари ўрнатилди. Шу боис саноат корхоналари, фабрикалар, заводлар вақтинчалик  иш фаолиятини тўхтатди. Бунинг натижасида атмосферага чиқадиган заҳарли газлар миқдори сезиларли даражада камайди. Инсоният учун фойдали бўлган ер шарини қуёшдан келадиган ултрабинафша нурларидан асраб турадиган озон қатлами емирилишдан тўхтаб, аксинча ўз ҳолини тиклай бошлади.

Бир сўз билан айтганда, озон қатлами ер шарининг ўзига хос ҳимоя қалқонидир. Шу боис биз ўқитувчилар ўқувчиларга ҳам дарс ва дарсдан ташқари фан тўгаракларида озон қатламини заҳарли газлардан ҳимоя қилиш ва олдини олишда нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтириш ишлари олиб бормоқдамиз. Айниқса, фан ойлиги доирасида ўтказилаётган турли хил тадбирлар  ўқувчиларимизнинг она табиатга бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фарида КЕНЖАЕВА,

15-мактабнинг география

 фани ўқитувчиси. 

Мавзуга оид: