Ёш китобхонлар

   КИТОБ - БИЛИМ БУЛОҒИ

Мамлакатимизда таълим самарадорлигини ва сифатини ошириш мақсадида кўпгина ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва тадбиқ этилмоқда. Шулардан бири "Китобхонлик" тадбиридир. 

Бу тадбир боғча, мактаб, лицей, коллеж ва олий ўқув юртларида ҳам ўтказилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг дунёқарашини, фикрлаш қобилиятини, оғзаки ва ёзма нутқини янада равон қилиш,  ривожлантиришдан иборатдир. 

Яқинда 19-умумтаълим мактабининг 4-"Б" синф ўқувчилари томонидан ёзувчи Худойберди Тўхтабоевнинг "Сариқ девни миниб" асари асосида китоб тақдимоти ўтказилди. Тадбирда барча ўқувчилар фаол иштирок этишди. "Китобхонлик" тадбирида ҳар бир ўқувчи қизиқишидан келиб чиқиб эртак, ҳикоя ёки асарлардан бирини танлаб олиб, шу танланган эртак, ҳикоя, асарни тадбирга таклиф қилинган ўқувчилар, ўқитувчилар ва меҳмонларга саҳна кўринишлари орқали намойиш этиб беришди. Ўқувчилар саҳна кўринишини намойиш этишда ўзларини асар қаҳрамонларининг ўрнига қўйиб, асарнинг воқеалар ривожини ўзларининг актёрлик ва актрисалик қобилиятлари орқали намойиш этиб бердилар. 

Мактаб ўқувчилари "Сариқ девни миниб" асарини саҳна кўринишлари, турли хил қизиқарли чиқишлари билан намойиш этишар экан, тадбирга таклиф қилинган ўқувчилар, ўқитувчилар, ота-оналар ва меҳмонларни мамнун этишди. Шунингдек, ўқувчилар саҳна кўриниши орқали асардаги қаҳрамонларнинг салбий ва ижобий томонларини, мазмун-моҳиятини ёрқин тарзда кўрсатиб беришга ҳаракат қилдилар. 

Тадбирга ташриф буюрган ота-оналар ва меҳмонлар ўқувчиларни, фарзандларини ҳар томонлама етук ва баркамол инсон бўлиб  тарбияланаётганликларидан жуда мамнун бўлишди. Ота-оналар фарзандларига кўпроқ китоб олиб беришга, китобга қизиқтиришга, уларни бўш  вақтларини мазмунли ўтказишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш кераклигини яна бир бор англаб олишди ҳамда фарзандларининг иқтидорини, талантини кўриб, қалбларида уларга нисбатан фахр, ғурур туйғулари янада ошди. Бунда эса мактабда фаолият кўрсатаётган бошланғич таълим ўқитувчиларининг меҳнати беқиёс эканлигини яна бир бор таъкидлашди. 

М.РЎЗИМУРОДОВА,  

 туман ХТБ бошланғич таълим методисти.

Ҳ.ЖЎРАЕВА,

19-мактаб  бошланғич синф ўқитувчиси.