Шарафли касб эгалари ЭЛ АРДОҚЛАГАН ШИФОКОР

Туман Тиббиёт бирлашмасида кўп йиллардан бери самарали меҳнат қилиб келаётган Шерали Ҳақназаровни тумандошларимиз тажрибали шифокор ва ўз касбининг фидо-йиси  сифатида яхши билишади. У ўзининг иш фаолиятини 2000 йилдан "Тез тиббий ёрдам" бўлимида навбатчи шифокор вазифасидан бошлади. Ш.Ҳақназаров ўз касбини жон дилдан севганлиги, инсон саломатлигини сақлашдек масъулиятли вазифани адо этиш йўлидаги фидойилиги сабабли 2004 йилда ушбу бўлимнинг бошлиғи вазифасига тайинланади. У ўзига ишонч билан топширилган ушбу вазифани сидқидилдан бажарин мақсадида тиним билмай меҳнат қилди, ўз билим ва тажрибасини оширишга астойдил ҳаракат қилди. Шу боисдан ҳам тез фурсат ичида қобилиятли, билимли шифокор сифатида ўз жамоаси ҳамда ҳамкасблари ўртасида алоҳида ҳурмат ва эътиборга эга бўлди.

Ш.Ҳақназаров 2005 йилдан 2015 йилга қадар туман марказий поликлиникасида норколог врач ҳамда "Лор" врач сифатида ўз касбини катта масъулият ва шараф билан бажарди. Шундан сўнг 2015-2019 йиллар давомида кўп тармоқли марказий поликлиника мудири лавозимида самарали фаолият юритди.

Айни пайтда кўп тармоқли марказий поликлиникада ўзининг севимли касби "Лор" шифокорлиги бўйича туман аҳлига беминнат хизмат қилиб келмоқда. 

- Марказий поликлиника менинг иккинчи уйим, десам ҳам ҳеч муболаға бўлмайди, - дейди кўп тармоқли марказий поликлиниканинг "Лор" шифокори Шерали Ҳақназаров. - Қарийб йигирма беш йилдан буён шу поликлиникада оддий вазифадан бошлаб, раҳбарлик лавозимигача ишладим. Ана шу йиллар давомида ҳам шифокор, ҳам раҳбар сифатида қанчадан-қанча қийин ва мураккаб ҳолатларга дуч келасан киши. Қийинчиликлар ортида эса албатта халқимизнинг, қолаверса, биз шифокорларга нажот истаб келган ва дардига даво топган беморларнинг ҳурмат-эътирофларини ҳам мамнуният билан айтиб ўтишим керак. Нима бўлган тақдирда ҳам булар менга катта мактаб вазифасини ўтаб берди. 

Айни пайтда туманимиз аҳолисига беминнат хизмат кўрсатар эканман, биз шифокорлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилганлигидан, давлатимиз томонидан  шифокорларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва юксак эътибордан ниҳоятда мамнунман. Шундай экан, биз шифокорларга кўсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликларга жавобан бундан кейин ҳам халқимизга хизмат қилишга доимо тайёрман. 

Фурсатдан фойдаланиб, 12 ноябрь - "Тиббиёт ходимлари куни" байрами муносабати билан барча фидойи шифокорларимизни самимий муборакбод этаман. Эл саломатлиги йўлида ҳеч қачон ҳориманг, азиз ҳамкасблар! 

Мавзуга оид: