ФРАНЦУЗ ВА НЕМИС ТИЛИ ЎҚИТУВЧИЛАРИ ИШСИЗ ҚОЛАДИМИ?

Яқинда таҳририятга туманимиз мактабларида француз ва немис тили фанларидан дарс берган ва мактабларда инглиз тили фани жорий этилганлиги туфайли ишсиз қолган ўқитувчилар ташриф буюришди. Уларнинг айтишларига қараганда, 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ-1875 сонли "Чет тилларини ўқитишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида республикамизнинг барча ҳудудларидаги таълим муассасаларида чет тили ўқитилиши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширила бошланган. Шу жумладан, Оқдарё туманида ҳам қарор бўйича мактабларда бошланғич синфдан чет тили фанини ўқитиш йўлга қўйилган.
Лекин чет тили деганда фақат инглиз тилини тушунадиган айрим раҳбарлар ва мутасаддиларнинг саъй-ҳаракати билан тумандаги барча мактабларда инглиз тилини ўқитиш ёппасига бошланди. Ваҳоланки, ўша пайтда тумандаги 53 та мактабдан 26 тасида француз тили, 15 та мактабда немис тили ва бор йўғи 12 та мактабда инглиз тили фанлари ўқитилар эди. Ўқитувчиларнинг 70 фоизи француз тили фанининг ҳақиқий мутахассислари эди. Қарорни нотўғри талқин қилиш орқасидан мана шунча француз тили ва немис тили ўқитувчилари ишсиз қолдирилди ёки улар 4 ойлик инглиз тилидан қайта тайёрлов курсларидга ўқиб, чаласавод инглиз тили ўқитувчиларига айланишди. 
Айни пайтда тумандаги 57 та мактабда инглиз тили фанларидан ўша курсларда ўқиган француз тили ўқитувчилари дарс бериб келмоқда ва ўнлаб ўқитувчилар ишсиз юрибди. 
Юртимиздаги олий ўқув юртларида эса француз ва немис тили йўналишлари бўйича қабул квоталари йилдан-йилга оширилмоқда. Бу йўналишларни битириб иш излаб сарсон юрган туманимиз ёшларининг эса сони ошиб бормоқда. Очиғини айтганда, биргина Оқдарё туманида ўнлаб француз ва немис тили фанидан сабоқ бераётган ўқитувчилар ишсиз қолган бўлса, агар республикамизда 200 дан ортиқ туман борлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қанча ўқитувчи айни пайтда бекорчи бўлиб қолганлигини англаш қийин эмас. Бундан таш-қари Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Наманган, қисқаси вилоятларнинг марказида юзлаб мактаблар мавжудлигини ҳисобга оладиган бўлсак, бу муаммони ҳал қилиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан бири эканлигини англаш қийин эмас. Ажабланарли томони шундаки, ҳозирги пайтда юқорида айтилганидек, мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида хорижий фанларни ўқитишга алоҳида эътибор берилиб, жумладан, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг хорижий тиллар факультетига, аниқроғи француз ва немис тили фанларини ўқитиш учун талабалар қабул қилиш квотаси аввалги йилларга нисбатан анча оширилди, деган гапларни эшитаяпмиз. Хўш, нега унда француз ва немис тили фанларини жойларда ўқитишга чек қўйиляпти? Хорижий тил деганда, фақат инглиз тилини тушунмаслик керак, ахир. Туризм бўйича етарли фаолият олиб бориш учун француз ва немис тилларини ҳам ўқитишни қайтадан жорий этиш ниҳоятда зарур. Ахир дунёда француз ва немис тилида сўзлашувчи халқлар анча эканлигини наҳотки юқорида ўтирган амалдорларимиз тушунишмаса?! Ҳозирга қадар мактабларда юқоридаги икки тил бўйича ёшларга сабоқ берган юзлаб-минглаб ўқитувчилар ишсиз бўлиб қолса, бу нима деган гап? Ўйлаймизки, Халқ таълими вазирлиги, қолаверса Вазирлар Маҳкамасида таълим масалалари бўйича шуғулланувчи масъуллар бу борада тегишли қарор қабул қиладилар, деган умиддамиз. Бунга ишонгимиз келади. Чунки, гап минглаб иш жойини йўқотган педагоглар ҳақида боряпти. Бу масалага масъулият билан қараш ниҳоятда зарур.

Йўлчи Муҳаммадиев, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг аъзоси, "Йилнинг энг фаол журналисти" республика танловининг ғолиби.


МУАЛЛИФДАН: ВАЗИРЛИК АМАЛИЙ ЁРДАМ БЕРИШИ ЗАРУР
Бундан бир неча кун аввал facebook ижтимоий тармоғида "Халқ таълими вазири жаноб Шерзод Шерматов эътиборига" сарлавҳаси остида пост қўйган эдим. Шу юзасидан Оқдарё туман халқ таълими бўлимидан расмий муносабат билдирилган хат олдим. Унда шундай дейилади: «Бу муаммо барча туманда, барча вилоятда бор. Бизнинг туманда ҳақиқатан 70% ўқитувчилар француз ва немис тили ўқитувчиларидир. Ҳозир 2-3 та мактабда бошланғич синфларда бу фанлар ўқитилади, 21 та мактабда 10-11 синфларда француз тили, 15 та мактабда 10-11 синфларда немис тили ўқитилади. Француз ва немис тилини бошланғич синфларда очилиши биринчи ўринда ота-оналарнинг қаршилигига учрамоқда. Уларнинг ҳам онги чет тили деганда инглиз тилини тушуниш билан банд. Ҳозирда 10 га яқин француз ва немис тили ўқитувчилари ишсиз қолиш арафасида. Бу муаммога вазирлик томонидан  қатъий топшириқлар берилса (расмий буйруқ, хат асосида) ва мана шу топшириқни асос қилиб мактаб раҳбарларини мактабларида шу фанларнинг ўқитилишини жорий этилишини таъминлаш зарур. Мактаб фанларига ота-оналарнинг аралашувига чек қўйиш зарур. 
Бу масалада ТВ каналларининг ҳам айби катта. Чунки «Болажон» ва бошқа каналларда асосан инглиз тилидаги дастурларга урғу берилмоқда. Онлайн дарслар ҳам фақат шу тилда. Мактабларда ўқитиладиган учала тилда ҳам кўрсатувлар бериб борилса, ота-оналарнинг ҳам фикри ўзгарар эди.
Афсуски, 2013 йилда 1875-сонли қарор бўйича 1-синфларда чет тили ўқитилиши жорий этилганда, мутасаддилар томонидан барча мактабларга инглиз тили фани жорий қилинган. Лекин 3 йилдан буён бос-қичма-босқич француз ва немис тиллари                       1-синфдан жорий қилиниб келинмоқда. Эндиликда 10, 22, 24-мактабларда немис тили, 14, 15-мактабларда француз тили синфлари очилади. Ота-оналар ва ўқитувчиларнинг талабларини инобатга олиб, яна француз ва немис тилларидан кадрлар контингентига кўра шундай синфларни очиш назарда тутилган».
Юқоридаги расмий жавобдан кўриниб турибдики, туман мактабларида француз ва немис тилларининг ўқитилиши камайиб кетишида Оқдарё туман халқ таълими бўлими раҳбарларининг умуман айби йўқ. Чунки, улар юқоридан берилган топшириқни бажаришган, холос. Вазирлик эса таълим тўғрисидаги Қонунга асосан тегишли ваколатга эгадир.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, мактабларда француз ва немис тили фанларининг ўқитилиши камайиб бораётган бўлишига қарамасдан, нима учун олий ўқув юртларида юқоридаги икки фан бўйича қабул квоталари оширилмоқда. Бу ерда мантиқ қани? Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, Халқ таълими вазирлиги ташаббус кўрсатиб, туман мактабларига ҳам жиддий эътибор қаратиб, ишсиз қолаётган 10 нафардан ортиқ тажрибали педагогларни иш билан таъминлаши зарур. Ахир кўп йиллар олийгоҳда ўқиб, шу касбни танлаб, етарли тажрибага эга бўлган бу соҳа ўқитувчиларини ишсиз қолдириш инсофдан эмас. Ўйлаймизки, вазирликдаги масъул кишилар бу борада зарур чора-тадбирларни белгилашади. 
Мавзуга оид: